ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 23 сентября 2018 г.

КРИПТОРХИЗМ ФАРЗАНДСИЗЛИК САБАБЧИСИ

КРИПТОРХИЗМ ФАРЗАНДСИЗЛИК САБАБЧИСИ

Крипторхизм бир ёки ҳар иккала уруғдон, яъни моякнинг ёрғоққа тушмай қолиши билан боғлиқ касалликдир. 

Маълумки, мояклар дастлаб ҳомила қорин бўшлиғининг юқори қисмида шакллана бошлайди ва ҳомиладорликнинг тўққизинчи ойи иккинчи ярмида ёрғоққа тушиб жойлашади. Ўғил бола туғилганида моякларнинг ёрғоқда
бўлиши унинг тўла соғломлигидан дарак берувчи белгилардан биридир. 

Демак, крипторхизм касаллигида мояклар ёрғоққа тушмай, торайиш, жароҳат, чандиқ каби механик таъсирлар туфайли бел ёки қорин соҳасида, чов каналида тўсиққа учраб, тутилиб қолади. Статистик маълумотга кўра, туғилган чақалоқларнинг 3-4 фоизида крипторхизм кузатилади. Бунда ота-оналар жуда ҳушёр бўлишларига тўғри келади. Агар олти ойгача ҳам мояклар ёрғоққа тушмадими, дарҳол шифокорга мурожаат этиш лозим. Одатда, 3 ёшгача бўлган болалар дорилар ёрдамида даволанади, 3 ёшдан катталари эса операция қилинади. Касалликни даволашда ҳар бир беморга алоҳида ёндашилади. Бордию, моякларнинг ёрғоққа тушиши эҳтимоли бўлса,бир муддат кутилади, акс ҳолда жарроҳлик амалиёти қўлланилади. Муолажа қанчалик кечикса, оқибатлар шунчалик нохуш бўлиши мумкин. 

Маълумки, ёрғоқдаги ҳарорат қорин соҳасидаги ҳароратдан 2-3 даража паст­роқ бўлиб, моякларнинг нормал ривожланиши учун қулай шароит мавжуд. Мояклар ёрғоққа тушмай, юқори ҳароратда кўп муддат қолиб кетса, сперматоген (репродуктив) фаолиятга салбий таъсир кўрсатмай қолмайди. 
Крипторхизмда бола ҳеч нарсадан безовта бўлмагани учун ота-онасига шикоят қилмайди. 

Афсуски, айрим педиатрлар ҳам бола саломатлигини текширувдан ўтказишади-ю, моякларнинг ёрғоққа тушиб-тушмаганлигига эътибор беришмайди. Крипторхизмни аниқлаш учун чов соҳасини текшириш, ёрғоқни пайпаслаб кўриш, тўла ишонч ҳосил қилиш мақсадида ультратовуш текшируви ўтказиш керак. 

Крипторхизмнинг чин ва сохта турлари бор. Сохта крипторхизмда мояклар ҳар-ҳарда ёрғоққа тушиб туради, буни операциясиз ҳам даволаш мумкин. Агар болада чин крипторхизм аниқланса, юқорида таъкидланганидек, ўз вақтида даволаш ёки операция қилиш керак бўлади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий