ШИФОБАХШ АЙРОН:
----------------------------------------------------------------------------------------------
Ёзи иссиқ минтақаларда айронни
чанқоқ босар, ични тозаловчи, овқат ҳазм қилувчи ичимлик сифатида қадрлашади.
Деярли барча соғиладиган
ҳайвонлар сутидан айрон қилиш мумкин бўлса-да, энг кўп айрон сигир қатиғидан
тайёрланади. Айроннинг турлари кўп:
Катиқни човлаб, кайнатиб
совутилган сувга аралаштирса ҳам айрон бўлади. Лекин энг яхшиси, ичимлиси ва
чанқоқни босадигани кувида пишириб, ёғи олинган, сепаратордан чиқарилиб,
халтага қуйилиб, зардоби оқизилгани ҳисобланади. Айрон хомлигича халтага
қуйилиб осиб қўйилса ёки тошнинг тагига бостириб қўйилса, суви, яъни зардоби
кетиб, қуюқлашади, бунисини сузма дейилади.
Ана шу сузмага озгина туз қўшиб,
қайнатиб совутилган сувдан оз-оздан аралаштириб суюқлаштирилса, айни чанқоқни
босадиган айрон бўлади.
Қишлоқ жойларда айронни пишириб,
бироз туз аралаштириб халтага қуйиб қўйилади, суви кетиб, қуюқлашгач, ундан
қурут қилишади. Айрон йўқ пайтда ана шу қурутни эзиб, қурутоб қилинса, жуда ҳам
чанқоқбосди ҳамда шифобахш ичимлик бўлади.
Айроннниг мизожи иккинчи
даражада совуқ ва ҳўл, аммо қуруқлигига қараганда ҳўллиги кўпроқ.
Айрон ичилса, қон босими
кўтарилиш ва ошишини пасайтиради, иссиқ мизожли кишиларнинг эрлик қувватини
оширади, пушти камарини ҳаракатга келтиради, иштаҳасини очади, баданини
семиртиради, одамни оғирлатиб юборадиган ҳолатларни бартараф этади.
Иссиқ мизожни ва ҳароратни
пасайтиради, сабаби иссиқлик бўлган меъда ва жигар қизишини пасайтиради.
Шунингдек, айрон чанқоқни
босади. Агар айронга темир кукуни, халила, балила ва омиладан иборат аралашма
қўшиб ичилса, меъдага қувват бағишлайди.
Агар оловда қиздирилган темир
унда совутилса, ўша айрондан ичилса, қон ва сафро ислоҳини боғлайди.
Гуруч ёки қовурилган арпа уни
айронда пишириб ичилса, иссиқдан бўладиган ичкетарни даволайди ва яхши озуқа
бўлади. Айни пайтда баданни семиртиришга ёрдам беради.
Нафас олиши носоғлом, сил билан
оғриган кишилар учун 75
грамм айронга 45 грамм қотган нонни ботириб ейиш кифоя, ундан
кўпи ортиқчалик қилади.
Қайт қилиш ва иссиқдан азият
чекаётган кишиларга қуйидаги дастур тавсия этилади: мол сутидан ивитилган
қатиқнинг ёғи охиригача ажратилиб, айрон халтада ёки сирли идишда беш-олти соат
туриб, таъми ширин, бироз турушроқ бўлиши керак. Шундай кейин уни эринмасдан
човлаб, аралаштириш лозим, токи қатиқ пиртаклари қолмасин ва хушхўр бўлсин.
Юпқа кесилган нондан 35 грамм олиб майдалаб 105 грамм айронга солиб,
қўйиб қўйилади ва айрон нонга сингиб, нон юмшаганидан кейин тановул қилинса,
иштаҳа очилиб, одамга қандайдир ҳузур бағишлайди ва танаси яйраб, вужудида
енгиллик ҳис қилади. Бордию кўнгли бироз кўпроқ истеъмол қилишни тусаса, мана
шу тартибда кўпайтирилади: иккинчи куни айрон 17.5 граммга оширилиб, нон 3.5
граммга камайтирилади. Шу тариқа айрон миқдори оширилиб, нон истеъмолдан
чиққунча шу тартибда давом этади. Бемор айроннинг ўзини ичишга одатлангунча
режимга амал қилинади. Бордию беморда айроннинг ҳажмини камайтириш истаги
туғилса, аста-секин айрон озайтирилиб, нон миқдори ошириб борилади ва биринчи
кундаги миқдорга етказилади.
Агар бемор илгаридан айрон ичиб
юрган бўлса, бундай беморларга ичиладиган айрон миқдорини бу тартибда
чегаралашга ҳожат бўлмайди. Фақат ичилаётган айрон туфайли меъдасида бадбўй ҳид
пайдо бўлмаса, танасига ёқиб, овқат ҳазм қилишига ёрдам берса, кайфиятини чоғ
қилса, бундай чегаралашнинг нима ҳожати бор.
Лекин айрон ҳаммага ҳам шундай
хуш ёқиб, юқорида айтилганидек фойда қилавермайди. Айниқса, меъдада нохуш
ҳоллар – ёқимсиз ҳид пайдо бўлган, бошқа сабаблар туфайли айронга нисбатан
хоҳиш пасайган пайтларда айронни ичмаган маъқул.
Тўғри, йилнинг ёз ойларида,
ҳарорат кўтарилганида айрон яхши ичимлик ҳисобланади. Айниқса, мастава, гўжа,
угра оши ва бошқа суюқ овқатларга турли кўкатлар солиб, айронлаб ичилса, танага
роҳат бағишлайди, кайфиятни чоғ қилади, руҳиятни кўтаради. Бироқ организмда,
биринчи галда ҳазм органларида айронни қабул қилиш, ҳазм қилиш фаолиятида
ўзгаришлар юз берган, унинг истеъмолидан фойда ўрнига зарар келтирадиган бўлса,
бундай пайтларда айрон ичишдан тийилган маъқул.
Зарари: у меъдада бадбўй ҳид
пайдо қилади, яъни зарарли хилт кўпайган пайтда ичилган айрон ёмон ҳидларнинг
кўпайишига, киши кайфиятини бузиб, овқат ҳазм бўлишининг издан чиқишига сабаб
бўлади. Ана шундай ноқулайликдан қутулиш учун ичилган айронни қайт қилиб
ташлаш, беҳили сканжабин (сирка-асал) ичиш маъқулдир. Агар меъдада айрон
сарминжонга ўхшаб туруш бўлиб қолса, бош айланади ва беҳушлик рўй беради.
Бундан халос бўлиш учун ҳам қайт қилиш, иссиқ мизожли таомлар истеъмол қилиш
лозим. Қисқаси айронни қачон ва қай миқдорда ичишда мизожга қараб, истеъмол
қилинадиган овқатлар таркибини ҳисобга олинса, сизга фойда қилади.
давомини malham1uz/blogspot.com га кириб укинг
Комментариев нет:
Отправить комментарий