ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 24 мая 2019 г.

Рўза рукнлари: тийилиш

Abduqadir Sattarov, 
Рўза рукнлари: тийилиш 
Иккинчи рукн: тийилиш Тийилишдан мақсад субҳи содиқдан то қуёш ботгунга қадар еб-ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишдир. Аллоҳ таоло айтади: “Ва то тонгдан бўлмиш оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар” [Бақара: 187]. Оятдаги оқ ипдан мақсад тонг ёруғи, қора ипдан мақсад эса кеча қоронғусидир. Яъни,
оятнинг маъноси қуйидагича: “Тонг ёруғлиги кеча қоронғулигидан аниқ ажрагунга қадар еб-ичаверинглар”. Мазкур тафсирни қуйидаги ҳадислар қўллаб-қувватлайди: 1. Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ““Ва то тонгдан бўлмиш оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар”, деган оят нозил бўлгач[1], бир дона оқ ва бир дона қора ипни олиб, ёстиғим остига қўйдим. Тунда улар иккисига қарай бошладим, бироқ оқ ипни қора ипдан ажрата олмадим. Эрталаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига бордим ва бўлган воқеани у зотга айтиб бердим. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “(Оқ ва қора ипдан мақсад) тун қоронғуси ва тонг ёруғидан бошқа нарса эмас”[2], дедилар. Бошқа бир ривоятда: “(Агар ёстиғинг кунботардаги тун қоронғуси билан кун чиқардаги тонг ёруғини ўзига сиғдирган бўлса), демак, ёстиғинг чиндан ҳам кенг ёстиқ экан. “(Оқ ва қора ипдан мақсад) тун қоронғуси ва тонг ёруғидан бошқа нарса эмас”, дедилар”[3]. 2. Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ва оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар”, деган оят нозил қилинди-ю, “тонгдан бўлмиш”, деган сўз нозил қилинмади. Шунда баъзи одамлар рўза тутмоқчи бўлсалар оёғига оқ ва қора ип боғлаб олар, (саҳарликда) то иккисини бир-биридан ажрата олгунга қадар еб-ичар эдилар. Кейинроқ Аллоҳ “тонгдан бўлмиш”, деган қўшимчани нозил қилди. Ўшанда одамлар Аллоҳ (оқ ва қора ипдан) кеча ва кундузни назарда тутганини билдилар”[4]. Шуни билиш лозимки, тонг икки турдан иборатдир. Биринчи турига ёлғончи тонг (субҳи козиб) дейилади. Бу тонг кўкда шимолдан жануб томонга чўзилиб ётган виртикал ёруғлик кўринишида пайдо бўлиб, сўнг ортидан яна қоронғулик келади. Тонгнинг иккинчи турига ростакам тонг (субҳи содиқ) дейилади. Бу тонг уфқда пайдо бўлиб, унинг ортидан аста-секин ёруғлик ортиб, ҳатто бутун осмонни эгаллайди. Рўзадорга еб-ичиш ҳаром бўлиши ва бомдод намозининг вақти кириши каби шаръий аҳкомлар мазкур тонгнинг чиқишига боғлиқ. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, Билол (субҳи содиқ киришидан олдин, бомдод вақти яқин қолганини билдириш учун) кечаси азон айтади. Шунинг учун то Ибн Умму Мактум (субҳи содиқ кирганида) азон айтгунга қадар еб-ичаверинглар”[5]. Мавзуга доир айрим мулоҳазалар: (1) Кейинги пайтларда одамлар ўртасида “оғиз ёпиш вақти” деган нарса одат тусига кириб, ҳаттоки намоз вақтлари қаторида тақвимларга киритилган. Шунингдек, айрим ислом мамлакатларида оғиз ёпиш учун одамлар “оғиз ёпиш тўпи” отилишини кутишади. Бу вақт одатда бомдод вақти киришидан 10-20 дақиқа олдин белгиланади. Мазкур ҳар икки иш одамларга осонлаштириш ва эҳтиёт юзасидан йўлга қўйилган ва шаръий жиҳатдан риоя қилиш шарт бўлмаган ишлардир. Шунга биноан, бу вақт кириши билан еб-ичиш ҳаром бўлиб қолмайди, балки юқорида баён қилинганидек, чинакам оғиз ёпиш вақти – еб-ичиш ҳаром бўладиган вақт уфқда субҳи содиқнинг кўринишидир. (2) Агар рўзадор қуёш ботди ёки ҳануз субҳи содиқ чиқмаган, деган ўйда еб-ичса ва шундан сўнг у еб-ичган пайтда қуёш ботмагани ёки аллақачон субҳи содиқ вақти киргани маълум бўлса нима бўлади? Бу борадаги рожиҳ фикрга кўра, ўша кун рўзасини қайтадан тутиш вожиб бўлмайди, балки рўзадор ҳеч нарса бўлмагандек рўзасини давом эттираверади. Аллоҳ таоло айтади: “Қилган хатоларингиз сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган нарсадагина (гуноҳкор бўлурсизлар)” [Аҳзоб: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта Аллоҳ таоло умматимдан хато, унутиш ва мажбурдан қилган ишлари(нинг гуноҳи)ни соқит қилди”[6]. Зайд ибн Ваҳбдан ривоят қилинади: “Одамлар Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг замонида оғиз очдилар.

Abduqadir Sattarov, [25.05.19 08:09]
Ҳафса розияллоҳу анҳонинг уйидан бир катта қадаҳда сув олиб чиқилди ва одамлар ундан ичдилар. Орадан бир оз ўтиб, булутлар орасидан қуёш кўринди. Бу одамларга оғир ботгандай бўлди ва: “Бугунни қазосини тутамиз”, дедилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Нега энди? Аллоҳга қасамки, ҳаромга мойил бўлиб (қасддан) қилмадик” – деди”[7]. Асмо бинти Абу бакр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида булутли кунда оғиз очдик, сўнг қуёш кўринди”[8]. Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ ушбу ҳадисни изоҳлаб шундай дейди: “Бу ҳадис икки нарсага далолат қилади: Биринчидан, булутли кунда қуёш ботгани аниқ бўлгунга қадар оғиз очишни кечиктириш мустаҳаб эмаслигига далолат қилади. Негаки, саҳобалар қуёш ботгани аниқ бўлгунча кутиб ўтирмадилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам уларни бундай қилишга буюрмадилар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар улардан кейингилардан кўра илмлироқ ва Аллоҳ ва Расулига итоатлироқ эдилар. Иккинчидан, мазкур ҳадис бундай пайтда қазо вожиб бўлмаслигига далолат қилади. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни ўша куннинг қазосини тутишга буюрганларида эди, уларнинг оғиз очгани нақл қилинганидек, бу иш ҳам нақл қилинган бўлур эди. Бу иш нақл қилинмагач, маълум бўлдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни қазо тутишга буюрмаганлар. (3) Самолётда кетаётган инсон самолёт устидан учиб ўтаётган мамлакатдаги оғиз очиш вақтларига биноан оғиз очмай, балки ўзи қуёш ботишини кўриб оғиз очади[9]. [1] Ушбу оят нозил бўлганида Адий ибн Ҳотим ҳануз исломни қабул қилмаган. Шу сабаб, айрим уламолар Адий ибн Ҳотим бу сўзни “мен исломни қабул қилганимдан сўнг ушбу оят менга тиловат қилинганида”, деган маънода айтган бўлиши мумкин, дейишган. [2] Бухорий (1916), Муслим (1090), Термизий (2971), Абу Довуд (2349) ва Насоий (4/148) ривоят қилишган. [3] Муслим (1090), Абу Довуд (2349) ва Аҳмад (18880) ривоят қилишган. [4] Бухорий (1917) ва Муслим (1091) ривоят қилишган. [5] Бухорий (617), Муслим (1092), Термизий (203), Насоий (2/10), Абу Довуд (2347) ва Ибн Можа (1696) ривоят қилишган. [6] Ибн Можа (2045), Ибн Ҳиббон (7219), Дорақутний (3/139), Табароний “Кабир”да (11/133) ва Байҳақий (8/264) ривоят қилишган. Шайх Албоний “Саҳиҳул жомеъ”да (1836) саҳиҳ деган. [7] Ибн Абу Шайба ривояти (3/24). [8] Бухорий (1959), Абу Довуд (2359) ва Ибн Можа (1674) ривоят қилишган. [9] “Доимий Фатво Қўмитаси”нинг фатволари (10/136), 1693, 5468-сонли фатволар."ихлос орг" сайтидан

Комментариев нет:

Отправить комментарий