ҚУЧОҚЛАШИБ КЎРИШИШ ОДОБЛАРИ
Қучоқлашиб кўришишда ҳам ўзига яраша одоб ва меъёрларга риоя қилишни унутмаслик лозим. Жумладан:
1. Ҳар сафар қучоқлашиб кўришмаслик. Оддий ҳолатларда ҳар гал қучоқлашиб кўришавериш ҳам яхши эмас. Чунки суннатда кўришишнинг ҳақиқий шакли қўл бериб кўришишдир. Қолаверса, ҳар сафар қучоқлашиб кўришиш айрим ноқулайликларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
2. Қучоқлашиб кўришганда кийимлик ҳолатда бўлиш. Шунга кўра, кўйлак, тўн каби устки кийим бўлмаганда қучоқлашиб кўришиш танзиҳий макруҳ саналган.
3. Хушбўй ҳолда бўлиш. Ҳеч бўлмаса, нохуш ҳидлардан холи бўлиш лозим. Терлаб турганда, кирчир иш кийимларда қучоқлашиб кўришиш одобдан эмас. Саҳобаи киромларнинг оддий қўл бериб кўришиш учун ҳам қўлларига хушбўй суртиб юрганлари юқорида айтиб ўтилди. Демак, қучоқ очиб кўришганда бунга янада эътибор бериш зарур бўлади. Айниқса, ёз кунларида, терлаб турганда қучоқлашиб кўришиб бўлмайди, кишига озор беради. Шунингдек, бўйин ва юзлар ҳўл бўлганда уларни қарши томонга текказишдан ҳам сақланиш лозим.
4. Кўксни кўксга олиб бориш. Одатда “қучоқлашиб кўришиш” деганда деярли барча халқларда бир хил ҳолат назарда тутилади: кўкрак кўкракка текказилади, бошлар елка устига олинади. Биз ҳадисларнинг таржимасида «қучоқлашиб кўришиш» деб берган сўз ҳам айни шу маънога далолат қилади. Бу сўз аслида «бўйин уриштириш», аниқроғи, «бўйинни бўйинга яқин олиб келиш», «бўйиндан қўлни ўтказиб, ўзига тортиш» деган маъноларни англатади.
Демак, ҳадисларда назарда тутилган, мусулмонларга қадимдан маълум бўлган ва уларнинг ўзаро муносабатларида муомалада бўлиб келган қучоқлашиб кўришиш елкаларни яқинлаштириб, кўкракларни бериб кўришиш экан. Бундан келиб чиқадики, ҳозирда урфга айланаётган бош уриштириб кўришиш ҳақиқий маънодаги қучоқлашиб кўришиш ҳисобланмайди. Чунки бу аслида мусулмонлар одатидан эмас. Агар бу яхши иш бўлганида, олдинги ва бугунги уламоларнинг шундай қилаётганларини кўрган бўлар эдик. Бу тур кўришиш бизга ажнабийлардан, мусулмон бўлмаганлардан кириб келгани-ни ҳам унутмаслик лозим. Мусулмон киши кимга тақлид қилаётганига эътибор бериши керак.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўзини бирор қавмга ўхшатса, у ўшалардандир», деганлар.
Шунингдек, уламоларимиз қучоқлашиб кўришганда елкани яқинлаштириб, белни узоқроқ тутиш лозимлигини алоҳида таъкидлаганлар. Акс ҳолда, бундай кўришиш ахлоқсизлик кўринишига ўхшаб қолади.
Айрим кишиларда кузатиладиган яна бир нотўғри кўришиш шаклларидан бири қорин уриштириб кўришишдир. Бу борада ҳам юқоридаги сўзларни айтиш мумкин. Қолаверса, бу қарши томонга озор бериши, унинг кўнглига тегиши ҳам турган гап. Агар тўғри қучоқлаб кўришишга имкон бўлмаса, қўл олиб кўришиш билан кифояланган маъқул.
Баъзи одамлар қучоқлашиб кўришганда кўришаётган одамни ўзидан итариб кўришади. Бу ҳол ҳам кишига озор беради. Одатда бу каби ҳолат кибр ва манманликдан келиб чиқади. Ундан кўра яхшилаб қўл қисишиб кўришган афзалроқдир.
5. Таъзия билдиришда қучоқ очиб кўришиш мусибатда елкадошликнинг рамзидир. Аммо мусибат аҳлини уринтирмаслик учун, айниқса таъзиячилар кўп бўлган пайтда маҳкам қўл ушлаб кўришиш ҳам кифоя қилади.
6. Улуғ кишилар, олим одамлар, устозлар билан кўришишда агар уларнинг ўзлари қучоқ очиб кўришишга рағбат билдирмасалар, икки қўллаб кўришиш билан кифояланиш ҳам одобдандир.
Умуман олганда, барча ҳолларда кўришишдан кўзланган мақсад ‒ ўзаро муҳаббатни мустаҳкамлашни унутмаслик керак. Сиз билан кўришган киши кўришганидан мамнун бўлсин, кўнгли ёзилсин, руҳи кўтарилсин, «мен билан самимий кўришди» деган хулосага келсин, яна қайта кўрганда кўришишга беихтиёр интиладиган бўлсин, ана шунда сиз динимиз таълимотларига тўғри амал қилган бўласиз. Агар сиз билан кўришган одам яна қайта кўришишдан безиллайдиган бўлса, кўришишга интилмаса, у ҳолда, сиз кўришиш одобларига риоя қилмаган бўласиз, бу эса исломий одоблардан кўзда тутил-ган мақсадга зид ҳолатдир.
Мазкур одоб ва меъёрлар умуман олганда эркагу аёл учун баробардир. Аммо уламоларимиз бошқа ҳолатларда бўлгани каби бу борада ҳам аёллар ҳаё ва ибога яқинроқ кўринишда кўришишлари кераклигини айтганлар. Шунга кўра, аёллар бир-бирлари билан
қўл олишиб, билак ушлашиб, қучоқ очиб, юз ва қўлларидан ўпиб кўришишлари мумкин. Қучоқ очиб ва ўпиб кўришилганда фитна хавфи бўлмаслиги ва бу доимий одатга айланмаслиги шарт. Шунингдек, лабдан ўпиб кўришиш мут-лақо жоиз эмас.
Комментариев нет:
Отправить комментарий