ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 26 апреля 2019 г.

Фойда деб билган зарарли одатларимиз

Фойда деб билган зарарли одатларимиз

Баъзи соғлигимиз учун фойда деб билган одатларимиз, аслида бизга зарар келтиради. Шулардан бири кун давомида
қувват бўлади деб, оз миқдорда бўлса-да, тез­-тез ейиладиган шоколад, ун маҳсулотларидан бўлган ҳар хил печенье, булочка, ширин чой ва ҳаттоки қуритилган мева ва ҳоказолардир. Бу кун давомида ейдиган таомларимиз эмас, балки орада ўзимиз пайқамаган ҳолда енгил санаб истеъмол қиладиган шакар ҳамда углеводга бой маҳсулотлар.
Бу маҳсулотлар углевод моддасига бой. Углевод энергия манбаи ҳисобланади. Инсон организми аввал қондаги углеводни, кейин жигарда заҳирада тўпланган углеводни, ундан сўнг эса ёғларни парчалаб сарфлайди. Биз эса кун давомида уни углевод билан тўхтовсиз таъминлаймиз. Натижада организм ҳаддидан кўп углеводни парчалаб, ёғларни парчалашга улгурмайди. Бу эса организмда ёғлар йиғилишига ва инсоннинг семиришига олиб келади.
Шунинг учун кун давомида ейиладиган углеводга бой маҳсулотларни камайтириб, уларни оқсилга бой, ҳаттоки ёғли оқсилга бой маҳсулотларга алмаштирсак, мақсадга мувофиқ бўлади. Тухум, балиқ, сут маҳсулотлари, гўшт ва турли сабзавотларда оқсил моддаси кўп. Бу маҳсулотларда ҳам углевод бор, аммо улардаги углевод қондаги шакар миқдорини оширмайди.
Соғлигимиз учун фойда деб билган иккинчи одатимизга тўхталсак. Кўпинча ҳафта давомида уйқуга тўймаганимиз сабабидан бу уйқуни дам олиш кунларида тўлдирамиз. Яъни дам олиш кунлари соат 10 гача ухлаймиз. Бу одат эса организм учун фойда эмас, балки зарар келтиради. Ҳафта давомида эрталаб барвақт турамиз ва бунга ритмик равишда одатланганмиз. Бундан ташқари, эрталаб соат 6 дан 8 гача инсон организми кортизол гормонини ишлаб чиқаради. Бу бизга боғлиқ бўлмаган жараёндир. Яъни қуёш чиқиши билан организм автоматик равишда кортизол гормонини ишлаб чиқаради. Табиийки, «Бу гормон нима учун зарур, унинг вазифаси нима?» деган савол туғилади.
Кортизол тетиклик, қувват, фаоллик гормонидир. Дам олиш кунлари соат 10 гача ухлаган инсоннинг кучи бўлмайди, ўзини ланж ҳис қилади. У биоритмни бузди. Лекин бу ҳаммаси эмас. Қоронғу тушиши билан инсон организми уйқу гормони бўлган мелатонинни ишлаб чиқаради. Яна эслатиб ўтамиз. Бу гормонларни ишлаб чиқарилиши бизга боғлиқ эмас. Яъни қоронғу тушиши билан инсон организми мелатонин ишлаб чиқаради, қуёш чиқиши билан бу гормонни ишлаб чиқаришдан тўхтайди.
Биз эса соат 10 гача ухлаш натижасида, уйқу гормонини ишлаб чиқарилишига мажбур қилган ҳолда куч-қувват ҳисобланган кортизол гормонини ишлаб чиқарилишига тўсиқ қўямиз. Бу мелатонин гормонини ишлаб чиқиш даври бузилишига олиб келади. Мелатонин одатдаги вақтдан кеч ишлаб чиқарилади. Натижада душанба ва баъзан сешанба кунлари уйқуга тўймаганлигимизни билган ҳолда ўзимизни лоҳас ҳис қиламиз, фаоллигимиз эса камаяди. Шунинг учун дам олиш кунлари ҳам барвақт туришга одатланишимиз керак. Уйқуга тўйиш учун кечки соат 10 да ётиш соғлигимиз учун фойдалидир. Қисқача етказмоқчи бўлганимиз шулардан иборат. Соғ бўлинг!

Комментариев нет:

Отправить комментарий