ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 15 мая 2018 г.

Аброрбек Товулдиев хотирасига

Хизмат вазифасини адо этаётганида ҳалок бўлган Аброрбек Товулдиев хотирасига бағишланади
«Халқ сўзи» газетасида ўз хизмат бурчини адо этаётган пайтда қаҳрамонларча ҳалок бўлган кичик сержант Аброрбек Товулдиев хотирасига бағишланган мақола чоп этилди. Қуйида мақола тўлиқлигича эътиборингизга ҳавола этилади.
Аброрбек Товулдиев 1979 йил 23 июлда Андижон вилояти Избоскан туманида туғилган. 1997 йилда шу тумандаги 17-умумтаълим мактабини битиргач, ҳарбий хизматга
чақирилган. У Чирчиқ гарнизонига қарашли кичик мутахассисларни тайёрлаш мактабида ҳарбий тайёргарликдан ўтиб, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Тошкент вилояти Чиноз шаҳридаги ҳарбий қисмларидан бирида муддатли ҳарбий хизматни давом эттиради. 2002 йилдан Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинлари сафида шартнома асосида хизмат қила бошлаган.
2005 йилнинг 13 май куни Андижонда содир этилган террористик ҳаракатларга қарши кураш вақтида вафот этган.

Давлат чегаралари дахлсизлигини, эл-у юрт хавфсизлигини таъминлаш бўйича хизмат бурчини бажаришда кўрсатган мардлиги, фидойилиги учун кичик сержант А.Товулдиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра вафотидан сўнг II даражали «Шон-шараф» ордени билан тақдирланган.

Андижон вилоятидаги чегара пости. Турфа анвойи гуллар ён-атрофга хуш ифор таратаётган мўъжазгина майдонча. Унинг четидаги тахтачада «Кичик сержант Аброрбек Товулдиев масъул» деган ёзувлар битилган.

– Бу гулзор қуролдош дўстимиздан бизга эсдалик бўлиб қолди, – дейди чегара пости бошлиғи офицер З.Рустамов. – Айни шу майдонча олдида чегарачилар ҳар куни наряд олдидан сафланганда, албатта, қуролдош дўсти Аброрбекнинг жасоратини ёд этади.

2005 йил 13 май. Ўша куни Аброржон сафдоши Дилмурод билан ўзлари масъул бўлган чегара ҳудудини қўриқлаётганда тун сокинлигини қандайдир шарпалар ҳаракати бузади. Бундан сергак тортган Дилмурод «Аброр, эшитаяпсанми, кимлардир чегара томонга келаётганга ўхшайди», деб шивирлайди.

Шу дақиқада бир тўда одамлар чегарага яқинлашади. Аброр «Тўхтанглар, кимсизлар?» дея уларни огоҳлантиради. Қарама-қарши томондан «Биз тўйдан қайтаяпмиз», деган жавоб келади. Уларнинг хатти- ҳаракатида қандайдир саросимани англаган чегарачилар тўдани тўхтатишга ҳаракат қилади. Қўшни Қирғизистон ҳудудидан мамлакатимиз чегарасини бузиб ўтишга чоғланган ғаламислар билан чегарачилар ўртасида олишув бошланиб кетади. Газандалар кўпчилик эди. Улар йигитларга ҳар томондан ҳужум қилиб, чегарачиларни жароҳатлайди, гаровга олиб, «Ҳокимиятни қўлга олдик, биз томонга ўтинглар. Давлатни, унинг сиёсатини ёмонлаб интервью берасанлар, йўқса, отиб ташлаймиз!» деб пўписа қилади.

– Ҳеч қанақа интервью бермаймиз, – деб қарорида қатъий туради Аброр.

Чегарачиларни қўрқитиш учун тўда бошлиғи уларнинг кўз ўнгида гаровга олинган бир бегуноҳ одамни шафқатсизларча отиб ташлайди. Бироқ чегарачилар хоинларга бўйин эгмайди.

Шу пайтда қутурган, қўллари қонга ботган жангарилар ҳокимият биноси томон борар экан, йўл-йўлакай дуч келган транспорт ҳайдовчиларига дўқ уриб, зўравонлик қилади, қаршилик кўрсатганларни отиб ташлайди, мана шундай ваҳшийлик билан забардаст чегарачиларни ўз тарафига оғдиришга ҳаракат қилади. Бироқ қатъиятли, ўз Ватанига содиқ, унинг тинчлиги учун жонини ҳам беришга тайёр жасур ўғлонларни руҳан синдира олмаслигини англаган террорчилар уларга қарата беаёв ўқ ёғдиради. 11 жойидан яраланган Аброр мардларча ҳалок бўлади.

– Аброржон чорва боқишга, асаларичиликка қизиқар эди, – кўзига ёш олганча хотирлайди Аброрнинг отаси Анорбой ака. – Ўғлим интизомли, қатъиятли ва меҳрибон бўлиб улғайди.

Бир сафар ўғлим билан мол бозорига чиқдик. Эгаси 200 минг сўм деб турган қўчқорни савдолаша бошладим. У «Дада, шуни айтганига олайлик! Қаранг, бу одам пулга муҳтожга ўхшайди», деб қолди. «Болам, бозор савдолашиш билан қизиқда», десам, «Айтганини беринг, илтимос», деб туриб олди. Унинг феъл-атворида қийналганга имкон қадар ёрдам бериш устун эди.

Аброрни ўқитган ўқитувчилар унинг ўқувчилик йилларини ҳануз кечагидек эслашади. Устозларидан бири Қундузхон Акбарова уни шундай эслайди: «Аброржонни болалигидан биламан. Унинг юриш-туриши, фазилатлари ҳавас қилгудек эди. Ўртоқларига меҳрибон, ўзидан кичикларга ҳар доим ёрдам берарди. Бир маҳаллада турганимиз учун бу оила фарзандларида ўз Ватанини севиш туйғуси кучли эканини яхши биламан». Бошланғич синфларда Аброрга дарс берган ўқитувчиси Улфатхон Кўкиева унинг ўқиш китобидаги «Чегарачи» шеърини ҳаммадан биринчи бўлиб ёдлаб, тилдан қўймай айтиб юрганини хотирлайди.

Аброр турмуш ўртоғи Гулзода билан бир қишлоқда туғилиб, вояга етган, бир мактабда таълим олган. Уларнинг тўйи 2003 йил 22 мартда бўлиб ўтган эди. 2004 йилда оилада ўғил – Аҳмадулло дунёга келди. Бугун усмирликдан йигитликка қадам ташлаётган Аҳмадулло ўқишга, билим олишга интилади, орзулари бир дунё. У келажакда «Генерал бўламан. Тошкентда ўқийман. Дадамдай қаҳрамон бўламан!» дейди қатъият билан. «Таътил вақтида бобомга ёрдам бераман. Дадам оилада ёлғиз фарзанд бўлган. Мен унинг муносиб ўғли эканимни ҳаммага исботлайман!», дейди йигитча кўзлари чақнаб.

Аброрнинг турмуш ўртоғи Гулзода 2007 йилдан буён Давлат хавфсизлик хизмати чегара қўшинларида шартнома асосида хизмат қилмоқда.

– Аброр ака оилага ҳам, хизмат вазифасига ҳам масъулият билан ёндашарди, – дейди Гулзода. – Ота-онаси ва опаларига меҳри, ҳурмати чексиз эди. Бўш вақтларида ҳовлимизни обод этиш, мевали дарахтлар экишда отасига кўмак берарди. Ҳозир у эккан гилослар ҳосилга кириб, катта боғ бўлган. Ҳар йили бу дарахтлар қийғос гулга кириб, ҳосил берганда Аброр ака билан ўтган ширин дамларни эсга оламан. Бу дунёни тарк этган инсонлардан яхши фарзандлар, эккан дарахтлар ва қилган яхши амаллар қолар экан.

Дарҳақиқат, дунёда Абрордек ўғлонларимиз бор экан, эзгулик мудом ғолиб бўлади, мамлакатимизда тинчлик, осудалик ҳукм суради.

Комментариев нет:

Отправить комментарий