ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 25 февраля 2018 г.

КИЙИКЎТНИНГ ФОЙДАЛАРИ


 КИЙИКЎТНИНГ ФОЙДАЛАРИ
Қандай хосиятга эга кийикўт,
Кел, дўстим, айтайин буни ёдда тут.
Қуруқ-иссиқ бўлар унинг мизожи,
Уни истеъмол қил, ғамларни унут.
Кийикўт халқ табобатида кўҳна замонлардан бери ишлатиб келинади. Ушбу гиёҳни европаликлар «зизифора», форслар «фудиони жабали», араблар «боклаътул ғозол» деб аташади.
Кийикўт лабгулдошлар оиласига кирувчи ўсимлик ҳисобланиб, бўйи тизза

баробар бўлади. Тоғ ёнбағирларидаги ва тошли қумлоқларда учрайди. Барглари майда, наштарсимон, текис, бахмал тукли поялари ингичка, кулранг бўлади. Ўсимлик июнь-июль ойларида новдаларининг учида ярим шар кўринишида тўпгул ҳосил қилади. Кийикўтнинг бинафшаранг гулларига эътибор берсангиз, ажойиб, ёқимли ҳид таратишига гувоҳ бўласиз.

Кийикўт халқ табобатида томоқ оғриғига қарши, меъда фаолияти бузилишида, кўнгил айнишида, юрак санчиғи ва сиқилишида, беҳаловатликда таскин берувчи омил сифатида тавсия этилади.

Илмий табобатда ундан тайёрланган дамлама захм, ичбуруғ, чиллашир, колит касалликларида ишлатилади.

Кийикўт кўпгина халқларнинг севимли зиравори. У сабзавотларни сақлашда, меваларни консервалашда, бўза тайёрлашда хам қўлланилади. Кийикўтдан тайёрланадиган дамлама иштаҳани очиб, овқат ҳазмини тезлаштириши билан пешоб ҳайдаш хусусиятига ҳам эга.

Кийикўт таркибида илмий тиббиётда қўлланиладиган ментол кўп бўлади. Ўсимликнинг шифобахшлик даражасини янада оширадиган нарса таркиби организм учун зарур бўлган моддалар витаминлар, микроэлементлар, туз, озиқ-овқат кислоталарига бойлигидир.

Шуни эсда тутиш керакки, кийикўтни пала-партиш юлиш унинг шифобахшлик хусусиятига путур етказади. Маълумки, кийикўт таркибида мавжуд бўлган шифобахш омиллар гиёҳнинг айни гуллаш пайтида кўпаяди. Бу июль-август ойларига тўғри келади. Шу пайтда ўриб олиниб, соя-салқин, ҳаво етарли жойда қуритилса, яхши бўлади.

Баъзан кийикўтни билиб-билмасдан ишлатиш натижасида баъзи кишилар наф ўрнига зарар кўришлари, масалан, гипертония ва тери касалликларида нотўғри қўллаш нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин. Ибн Сино хомиладор аёл кийикўтдан нотўғри фойдаланса, ҳомиласи тушиши, пешобда қон пайдо бўлиши ҳақида эслатиб ўтган.

Кўп йиллик кузатишлардан келиб чиқиб, балғам кўчиши қийин бўлганда, қон босимини туширишда озгина асал билан; асабни тинчлантиришда, айрим тери хасталикларида ювиш учун доривор исириқ билан қўшиб; юраги хаста беморларга эса хонялпиз қўшган ҳолда қайнатиб чой ўрнида ичиш буюрилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий