ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 27 декабря 2017 г.

Нигора САЙДАЛИЕВА.


ЯНГИ ЙИЛГА СОВҒА   
(Ҳикоя)
«Одам Яратгандан фарзанд сўраш билан бирга болага имон-инсоф, меҳру оқибат ҳам тилаши керак экан...» Уйда тўшак қовиб ўтирган аёлнинг вужудини шу каби ўйлар қамраб олганди.
- Ҳа, қўшнижон, ўтирибсизми? - дея, шу топда остонада маҳалладоши Қумри хола пайдо бўлди. - Уйингиз иссиққина экан-а?!
Салом-аликдан сўнг, яна эски ярани кўчириш мақсадида у «чимдиб-чимдиб», товлаб-товлаб гап бошлади:
- Вой Насибахон-ей, бир эмас, беш ўғил-а, беш ўғил ўсган хонадон деб ким айтади-я, бу уйни? Ҳа, бири анави уйни бузиб, тахталарини суғуриб кетиб янги уй қуриб
олди ўзига. Яна бири шипрларини олиб кетган бўлса! Бир томонда кичик акангиз «Тезроқ ҳовлини сотгин-у, пулини тенг бўлишайлик», деб кўз қулоғи шу томонда бўлиб қолган бўлса? Қандоқ чидайсиз, жон синглим?.. Жигар-бағирдан пешонангиз келишмаганига яраша, бу эрингиз ҳам тўрт болани ёлғиз сизга ташлаб, ўзи эрта қачон ўлибгина қолди-я! Вой, пешонангиз шўр экан-а?!
- Ундай деманг, Қумри ая,- деди Насибахон ёмон бир ходисани эслагандек, таъби тирриқ бўлиб. - Умрни ҳаммага Худонинг ўзи тақсимлаб беради. Энди... акаларимга келсак... улар ҳам оилали, рўзғор аравасини тортишлари керак.
- Э-э, шунчалар қилишсаям бари бир акаларим, дейсиз-а? - унинг гапини бўлди Қумри ая. - Бундан буёғига ўзингизни ўйланг. Ҳовлини сотинг, харидор ҳам бор. Мана, ён қўшнингиз Аброр ҳожи дада: «Сотса, мендан ошмайди», - деяптимиш...
- Нима?! - саволомуз боқди Насибахон қўшнисига. - Уйни сотиб, ўзимиз қаерга борамиз?
- Ҳа, учта бир хонали «дом» оласиз-да. Қизингизни турмушга узатиб юборсангиз, уч ўғлингизга учта макон бўлади-қолади. Ўзи бу ҳовлида тўрт девордан бошқа яна нимаси қолди, ўзи? Нураган уйингизни сотиб оламан деган ҳожи дадага қуллуқ қилинг сиз.
- Бу уй отамдан қолган, - деди Насибахон қўлидаги тўшакни нари суриб. - Бу ҳовлида ҳеч нарса қолмаган бўлса-да, отамни, онамни эслатиб турувчи ширин хотиралар бор. Мен уларнинг руҳларини шод қилиш учун ҳам шу ғарибхонанинг чироғини ёқиб ўтираман!
- Вайронага айланиб қолган уйингизни кимсан - ҳожи дада сотиб оламан, деса-ю, сиз рози бўлаверинг, эгачи! Чунки «Кийгиз сотсанг - қўшнингга сот, бир чеккасида ўзинг ўтирасан», деган гап бор. Шу гапга амал қилинг-а, кам бўлмайсиз.
Қумри ая қошини чимириб, лабини бураркан, гапида давом этди:
- Ҳожи дада ҳовлисини кенгайтирмоқчи экан, Агар иссиғида рози бўлмасангиз, четдан биров келиб, ҳароба кулбангизга ҳеч ким харидор бўлмас-ов? - деди у, «харидор» сўзини ошкор пичинг билан товлаб.
- Сиз кўп ўйланманг, бари бир менинг сотиладиган уйим йўқ!
- Бўпти-да, ў-ў-ў... Ўзингиз биласиз. Сизга яхшилик қилай десам, тавба... Ҳа эрта-индин ҳожи дада ўзи чиқиб, таклифини айтармиш, йўқ деманг...
Қўшни шундай дея кетишга чоғланди.
Насибахон Қумри аяни дарвозадан кузатиб ортига қайтаркан, ҳолсизланиб тўшакка омонат ўтирди. Ногоҳ уй эшиги ёнида бир текисда саф тортишиб кетаётган чумолиларга кўзи тушди. Улардан бири мажолсиз ётган шеригини ўзининг нозик қўл-оёқлари билан ҳаракат қилиб судраб кетарди. Насибахон бир зум уларга қараб қолди. Юраги ачишди, ҳўрлиги келди. «Шу қурт-қумурсқаларчалик қадр-қимматинг бўлмаганидан кейин, дунёда одамман деб бош кўтариб юришнинг қанчалик маъноси қолдийкин?..» ўйлади аёл.
Атрофга шом чўкканда совуқ авжига чиққандай бўлди. Уйдаги чироқ ёруғи дераза ойналаридан ҳиёл   ташқарига тушиб турар, ёғаётган қор парчалари чироқ ёғдусида ялтир-юлтир либосини кўз-кўзлагандай, ўйноқлаб ерга тушарди.
Насибахон болаларига дастурхон ёзиб, қайноқ сувга нон тўғради. Устига озгина шакар солиб берди-ю, печкага ўтиндан сола бошлади.
Болалари бир-бирларига сўз бермай, тинмай кулишар, «Овқатимизни еб бўлиб, яна қор ўйнагани чиқамиз-а, ая?!» - дея онасига ора-орада гап ташлашарди.
Насибахон уларга бурилиб қаради, юзида лоқайдлик ифодаси бор эди унинг. «Мен нима ғамдаман-у, булар нима дейишади-я?» - ўйлади онаизор чуқур ҳўрсинаркан. Болаларнинг чиннидаги юмшоқ нонни иштаҳа билан еб ўтиришганига кўзи тушиб, кўнгли тўлиб кетди. Кўзларидан қайноқ ёшларини мўлт-мўлт оқизиб, деразадан ташқарига боқди. Қор бир маромда ёғар, лекин бу гўзаллик уни маҳлиё этмади, балки қор унинг ичига ёқаётгандек эди, гўё.
«Эй, Худойим-а! Нима учун хаста дилимга даво бермайсан? Қалбим ҳору-зорлик чангалида қолганини кўриб турибсан-ку. Бир тарафда - ташналик, иккинчи тарафда - сероблик, шодлик. Одамзот бир-бирига мадад беролмаса, бир-бирига ёрдам кўрсатолмаса... Бир қориндан туғилишган жигарлар ўртасида улкан тоғ! Нима учун бундай яралган ўзи бу дунё?!»
...Насибахон оилада ёлғиз қиз ва кенжаси бўлгани учунми ота-онаси ҳам, акалари ҳам унинг кўзига қараб туришарди. Фарзандларининг ҳаммасини уйли-жойли қилиб бўлгач, ота-она оламдан ўтишди. Насибахоннинг эри ҳам автоҳалокатга учраб, боқий дунёга рихлат қилди. Тўрт норасида билан қолган бева аёл борар жойи бўлмагач, охири ота эшигини қора тортиб келди. Акалари эса аллақачон «уйим-жойим» деб, алоҳида ҳовлида яшайдилар. Ўзларига тинч ҳаммаси. Афсус, болаликдаги покиза туйғулар, беғубор ришталар улар вояга етгач сўниб борди...
Норғул беш ўғлон ҳеч йўқ бир бурдадан нон тўплашганда ҳам бир эҳсон ўтарди. Ҳаммалари йиғилишиб, ота-оналарини хотирлаб, бир-бирларидан ҳол-аҳвол сўраб юришса, туғилиб ўсган ҳовли жойга файз кирарди. Аммо бундай оқибат, бир-бирларига меҳр улашиш каби тушунчаларга уларнинг беэътиборлиги, акаларининг ойда-йилда бир келишлари, келганларида ҳам каталакдек ҳовлини сотиб, пулини тенг бўлиш можаролари сингилни ўқтин-ўқтин қийноққа соларди, дилини ачиштирарди, юрагини эса беаёв сиқувга оларди. Аёл бундай аламларга дош беролмай ҳар куни йиғларди. Ичга ютиб йиғлагани эҳтимол танасига дард келтирар, аммо оғриқдан бутун вужуди чарчаса ҳам падари бузрукворидан қолган кулбани сотмасликка қасд қилганди.
Кечаси-ю, кундузи бировларнинг кўрпа-тўшагини қовиб тирикчилик ўтказаётган бу муштипар аёлнинг таъмадан, маккорлиг-у, ҳийладан мусаффо қалби фақатгина меҳру-мурувватдан яшарди. Заифани бемурувват турмушнинг қақшаткич азоблари ичида қийналишга мажбур қилган куч, балки отасига бўлган ўша меҳру-муҳаббатидир. Тунни тонгларга улаб қимирламай игна санчиб ўтирар, елкалари ачишиб оғришига, белининг мадорини, кўзининг нурини олишга мажбур қилган куч, балки волидаи муҳтарамасига бўлган яна ўша меҳру-муҳаббатидир, эҳтимол? Очлик ва муҳтожликнинг қайтариб бўлмас шафқатсиз буйруқларига бўйсуниб, тўрт гўдаги - вужудининг тўрт иссиқ парчасини акаларининг болалари каби кийим бошни пўрим қилиб кийинтиролмаганида, ҳафталаб қора қозони қайнамаганида, «аяжон, нон...» деб жигарлари хун бўлган полопонларини тўйғизолмаганида тинмасдан йиғлашга, шўрпешоналигини айтиб қақшашга мажбур қилган куч...тилинг бўлса айт, эй фалак, балки турмуш ўртоғига бўлган ҳамон ўша вафо ва садоқатидир?! У ҳам тўрт болани тўрт томонга ташлаб, ўзи фароғатда яшаши мумкин эди-ку! Йўқ, у бундай қилолмайди...
Қани энди, шу охори тўкилган либос остида шишадек тиниқ қалбни, ўзининг кир дилини тилла зебу-зийнатлар билан яширишга интилаётган Қумри аядай кибор оламининг маликалари кўрсайди... Таассуф, улар бундай тоза қалбни кўролмайдилар. Чунки гўзал кўнгилни фақат қалб кўзи очиқлар кўра олади!
...Қумри ая ер остида илон қимирласа биладиган қув хотин. У узоқдан Аброр ҳожи даданинг Насибахонларникига йўл олганини фахмлади-ю, у томон иддао билан бостириб келди.
Насибахон бу вақтда кўча тарафдан ҳожи даданинг овозини эшитган заҳоти, қандайдир бир ваҳм билан унга пешвоз чиқди.
Меҳмонлар билан саломлашиб, уларни уйга таклиф қилди.  Ҳожи дада дуога қўл очди, юзига фотиҳа тортгач Насибахонга юзланди. Аёл эса гуноҳкор одамдай кўзларини ерга олди. Кейин марҳамат тилагандек ғамгин, эзгин боқиш билан гоҳ девордек ҳиссиз Қумри аяга, гоҳ ҳожи дадага термулди. Бироздан сўнг ялинувчи бир товуш билан бўғилиб, куйиниб гапирди:
- Ҳожи дада... биз... ҳалиги... уйимизни сотмайдиган бўлдик...
Ҳожи дада хиёл табассум қилиб, изоҳ бера бошлади:
- Она қизим, - деди мўйсафид вазмин оҳангда, - ён қўшни - жон қўшни, дейишади. Шу... бир ҳол сўраб қўйгани кирдим, холос. Уйингизни сотмоқчилигингизни эшитиб мен ҳам бунга қарши эканимни айтмоқчи бўлиб юрувдим. Чунки ҳеч ким ота уйини сотиб бири - икки бўлмаган, қизим.
Шу сўзлардан кейин Насибахон дили бирдан ёришганини, ичида қувонч уйғонганини сезди. Бу олижаноб, инсоний сезгини ва унда ҳеч маҳал кўринмаган бу хил ажойиб қувончни уйғотган нарса - меҳру-оқибат эди.
- Она қизим, байрам ҳам яқинлашиб қолди, - дея сўзида давом этди қария. - Кеча катта ўғлим келганди. Байрамга деб, қопда ун, гуруч, мева-чева дегандай... олиб келибди. Бугун эса кечга яқин ўртанча ўғлим ширинликлар, қанд-қурс олиб келадиган эди. Ҳалимахон аянгиз тинмай: «Янги йил қўшниларсиз ўтмайди», - деб сизларга насиба илинаётганди.  Ҳалироқ келин билан бирга сизларникига чиқиб қолишади...
Насибахон сесканиб кетди. Отахонга «ялт» этиб қаради. Аброр ҳожи даданинг юзидаги оталарча меҳрни кўриб, кўзлари намланди.
- Ҳа, айтмоқчи, катта ўғлим баҳорга чиқиб, Худо хоҳласа уйларингизни таъмирлатиб беради.
- Йўғ-е, нега ахир? - ҳайратланди Насибахон ҳижолатдан юзи қизариб.
- Энди қизим, мен қўлимдан келадиган мурувватни кўрсатмоқчиман, холос. Бу ҳеч қандай қарз ҳам эмас, сиз тўғри тушунинг. Менинг ҳам қатор-қатор невараларим бор, уларга ҳали тўйлар қиламан. Мана, сизда уч ўғил бор. Насиб қилса, яхши кунларимизда ўғилларингиз хизматда бўлишади. Демоқчиманки, бир-биримизда қолиб кетмайди, қизим. Ҳали бу фарзандларингиз бир йигит бўлсин! Йигит кишининг қўли тош орасида қолмайди.
Э-э, бу бевафо дунёда вақтлар келиб оламдан ўтсам, мени эслаб ҳақимга дуо қилиб турсангизлар бас, бошқа ҳеч ниманинг кераги йўқ...
Насибахоннинг юзидаги аламли жиддият узоқ яшамади. Юзига табассум ранги югурди.
Қумри аянинг эса кўзларига қон уюлди, юзи тиришди. Ёмон кўрган нарсасини кўрган кишидай жирканиб деди: «Бўпти, мен борай! Анча ишимдан ҳам қолдим-а!»
- Биргаликда турамиз энди, - деб ҳожи дада кафтларини дуога бирлаштирди.
Ҳожи дада айтганидай кечга яқин кампири -  Ҳалимахон ая ва келини бир дунё совға-салом билан Насибахонларникига кириб келишса бўладими?... Катта ўғли эса қопда ун, гуруч, қутиларда ширинликлар олиб кираркан шундай деди:
- Насиба опа, кўмир билан ўтин ҳам олиб чиққан эдик, уларни қаерга жойлаш керак?..
...Насибахон ва унинг ёш болажонлари учун Янги йил чинакамига хайрли келди. Кечагина юзини ўгириб олган бахт унинг хонадонига бугун яна қучоқ очиб кириб келган эди... Лекин негадир қалбининг бир чети кемтик эди, аёлнинг. Чунки Насибахон бу мурувватларни ўз жигарларидан умид қилган эди, бегоналардан эмас...
Нигора САЙДАЛИЕВА.       

Комментариев нет:

Отправить комментарий