ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

понедельник, 27 ноября 2017 г.

ТАТАРИСТОН УЛАМОЛАРИНИНГ БУХОРОГА ТАШРИФИ


ТАТАРИСТОН УЛАМОЛАРИНИНГ БУХОРОГА ТАШРИФИ
Ўзбекистон улкан тарихий шаҳарларга бешик давлат сифатида ҳамиша сайёҳлар эътиборида бўлган. Айниқса, санъатшунос олимларнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг нурли замин, дея номланишининг боиси ҳам шунча кенгликдаги ўлканинг ҳар қарич ерида дин ва ислом маданиятининг мислсиз тараққий этгани экан.
Дарҳақиқат, бу ибора куни кеча Самарқанддан Бухоройи шарифда меҳмон бўлган Татаристон Республикаси уламоларидан иборат делегациянинг ташрифида ҳам ўзлигини яна бир карра намоён этди.
Татаристон Республикаси Чистопольский район имом-мухтасиби Марсель Киямов, Қозон шаҳридаги “Рамазон” масжиди имом-хатиби Рамиль Мурадимов, Менделеевский район имом-хатиби Ирек Нуриев, шунингдек, Татаристондаги “Гаиля”, “Шамиль”, “Имом Нури” каби қатор масжидлар имом хатибларидан иборат меҳмонларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов

ҳамроҳлик қилди.
Тантанали кутиб олинган мартабали меҳмонлар шариф шаҳарнинг улуғ ва бетакрор қадамжолардан саналган етти пирлардан биринчилари Абдухолиқ Ғиждувоний ҳазратларининг қабрларидан зиёратни бошладилар. Сўнгра Хожа Ориф-ар Ревгарий, Хожа Анжир Фағнавий пирларини зиёрат этиб Ромитанда жойлашган Али Рометаний ҳамда Муҳаммад бобойи Самосий ҳазратларининг хоки пойларида қуръон тиловат билан дуоларга қўл очишди.

Иккинчи кун меҳмонларимиз Ҳазрат Амир кулол мақбараларини зиёрати билан бошладилар. Сўнгра Бухоро вилоятидаги барча имом хатиблар Мир Араб Олий мадрасаси ва Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти мударрислари билан учрашув ўтказилди. Ушбу учрашувда Бухоро вилояти вакили М. Нуруллаев Бухорода мавжуд масжидлар, имом хатибларнинг бугунги кунда олиб бораётган ишлари тўғрисида батафсил ахборот берди.Шунинг асносида Татаристондан ташриф буюрган имом хатиблар ҳам,Татаристонда 1500та масжид, 10 та мадраса фаолият юритаётганлигини билдиришди. Бухоройи шарифга келишдан мақсад қўҳна заминдаги улуғ зотларни зиёрат қилиш ҳамда икки Республика орасида диний-маърифий фикр тажриба алмашинувини йўлга қўйиш ва доимий ҳамкорлик қилишдан иборатлиги таъкидланди. Шундан сўнг меҳмонларимиз Мир Араб олий мадрасасида бўлишди. Бунда талабалар учун яратилган имконият ва шарт-шароитлар билан танишишди. Ислом дини сабоқларининг ҳам жуда юқори савияда ўргатилаётгани ҳайратларини оширишди. Айниқса, ташриф буюрганлар Ҳазрат Нақшбанд музейини томоша қилишар экан, унга ғоятда юқори баҳо беришди.
- Ўзбекистон, дея аталмиш серқуёш диёр аҳлининг нафақат, ўзи, балки, бошқа барча давлатларнинг ҳам дини, маданияти ва санъатини қадрлаши, асраб-авайлаши ва уларни қўллаб-қувватлашдек қудратга эга эканлиги таҳсин лойиқ,-дея тўлқинланиб сўзлади “Гаиля” масжиди имом-хатиби Рустам Хайруллин,- Шунингдек, қадимий ва навқирон шаҳрингизнинг гўзал обидалари жуда маҳобатли. Халқи меҳмондўст, самимий ва дилкаш. Ҳар сафар ташриф буюрганимда худди бу бетакрорликларни илк маротаба кўраётгандек менда жуда катта таассурот қолдиради.
Татаристон уламолари муносиб эҳтиром ила нурли диёримиз пойтахти саналган Тошкент шаҳрига кузатилди. Бундай саодатли ташрифлар муқаддас динимизни улуғлашда, мусулмон давлатлари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришда мустаҳкам қўрғон бўлиб хизмат қилади.
Лайло Ҳайитова

Комментариев нет:

Отправить комментарий