ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 14 сентября 2017 г.

“БИР ЮРАК ЁНМИШ, ЁРОНЛАР!”


“БИР ЮРАК ЁНМИШ, ЁРОНЛАР!”
Андижонлик шоира Хуршиданинг биринчи шеърий китоби 1998 йилда чоп этилган эди. Илк бор қўлимга олиб очмасимданоқ китобнинг номи кутилмаганда юрагимга бир титроқ солганди, ўшанда. “Сиғмагай жисмим жаҳонга” – жуда оғир ном. Бу номга муносиб шеърлар бўлиши учун, номнинг залворли юкини кўтариш учун шоиранинг юрагида қанча-қанча дардлар бўлиши керак. Дард бўлганда ҳам кундалик ғам-ташвишлардан туғилган шунчаки ўткинчи дард эмас, балки инсон ва замин, ақл ва руҳият зиддиятларидан зада юракнинг дарди. Агар шундай бўлса бу юрак билан яшашнинг ўзи оғир қисмат-ку. Китобнинг муқовасига ишланган расмда ҳам (муаллифнинг ўзи чизган) мураккаб руҳий ҳолат тасвирланган. Лирик қаҳрамон нигоҳи нақадар ўйчан ва дардли. Кўкка талпинаётган қушлар дардли руҳнинг изтиробларини, риёзатларини рамзий ифода этмаяптими. Яшил рангнинг танлангани-чи! Мана шундай ўйлар билан китобни очдим. Биринчи шеър:
Бу на туйғудир, кўнгилни бир ажиб ҳол ўртагай,
Бу на кўнгул, соҳибин қаддин этиб дол, ўртагай...



Англадим, жуда тез англадим. Мана шоиранинг руҳий дунёси. Бу дунё заминдан юксакроқ. Бу дунёда доимо талпиниш бор, риёзат бор. Бу дунёда қушлар каби доимо кўкка қанот қоқиш керак. Бу дунёнинг манзили узоқ... шеър шундай якунланади:
Кўп алам кўрган кўнгул шояд ғазал гулзорида,
Очилур гул-гул, дебон ҳайронаю лол, ўртагай.
Шеъриятга дардли кўнгил билан кириб келишда хосият кўп. Чунки дарддан эзгулик туғилади, эзгулик эса шеъриятнинг қони. Назм гулзорида гул-гул очилмоқ орзуси ўртаган шоиранинг “Алдамчи тонглар”, “Изҳор”, “Тажалли” номли шеърий тўпламлари, ниҳоят, 2012 йилда “Самойинур” номи билан сайланма китоби шеърият шайдолари ҳукмига ҳавола этилди. Қувонарлиси шуки, унинг шеърлари етакчи ижодкорлар ва адабиётшунослар томонидан ижобий баҳоланди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ёзади: “Шеърни кўнгил иши, деганлар нечоғлик ҳақ эканлигини Хуршиданинг шеърларини ўқиганда англайсиз. Чунки кўнгил инсоннинг кўксидаги шоҳ - унинг амри вожиб, бажарилиши шарт ва уни адо этмаганлик учун баҳона-ю сабаблар инобатга ўтмайди. Зотан, Хуршиданинг ҳар мисраси юракдан яшашга фатво олиб яралгандай”. Ҳақиқатан ҳам Хуршида кўнгил буюрганини ёзади. Лекин бу кўнгил юқорида қайд этганимиздек, ўртанаётган кўнгил – ажиб бир ҳол, ҳар субҳи висол ўртаётган кўнгил. Яъни Ишқ ўртаётган кўнгил. Бу ишққа мубтало кўнгил энди вужудга сиғмайди, вужуд эса жаҳонга. Фақат руҳ кенгликларида яшай олади ва ўша маъвода шеър туғилади: “Сиғмагай жисмим жаҳонга...” Кимлардир ҳайратланди бундан:
- Сен Ишқ ҳақида шеър ёздинг!
- Ҳа, ёздим!
- Ой висолин орзу этдинг!
- Тонмайман!
- Ҳисларинг ортидан дунёдан чиқдинг!
- Бу руҳнинг иши!
Тутқин эди жисм вафога, жон эса руҳга
Англолмаслар ҳислар илоҳиётин умидландилар!
Қочдим. Паноҳ излаб топганим шу шеър!
Эришганим – висол – шеърларим, холос!
Демак, шоир учун шеър – паноҳ, қолаверса, висол.

Чинакам ишқ соҳибларида бир улуғ фазилат бор. Ўзи суйиб интилаётган Ёрига бошқаларнинг ҳам интилишини хоҳлайди. Ишқи ҳақиқий бўлишига ундайди. Унинг учун рақибу ағёр йўқ. Фикримизнинг исботи сифатида тарихдан бир мисол: Ислом дунёсида Робия ал-Адавия номи анча машҳур. Чунки бу аёлнинг тақдири илоҳий ишқ билан боғлиқлиги учун ҳам тилдан-тилга ўтиб инсонларни ҳайратлантириб келмоқда. “Ривоят қилишларича, бир куни Робия бир қўлида бир челак сув, иккинчи қўлида ёниб турган машъала кўтарганча Басра кўчаларидан югуриб ўтаётган экан. Йўловчилар ҳайрон бўлиб ундан сўрашибди:
- Бунчалар шошилиб қаерларга йўл тутдинг, эй Робия?
Робия қўлидаги челакка ишора қилибди:
- Дўзахдаги ўтни ўчирмоқчиман.
Йўловчилар ёқаларини тутиб, “астағфируллоҳ” деганча, сўрашибди:
- У ҳолда қўлингдаги машъала нечун?
- Бу машъала билан жаннатга ўт қўймоқчиман.
Йўловчиларнинг юзларидан қони қочиб қичқиришибди:
- Аллоҳдан мағфират сўраб илтижо қил, эй бадбахт аёл, акс ҳолда кофир қавмлардан бўлиб қоласан.
- Йўқ, сизлар мени нотўғри тушундинглар. Мен кофир эмасман, Аллоҳ таоло билан бандалар ўртасидаги бу икки пардани йўқотмоқчиман холос, токим бандалар Аллоҳ таолога дўзах ўтларида куйишдан қўрққанликлари ёки жаннат
иқболидан умидворлиги учун эмас, балки Унинг Аллоҳ эканлиги, Биру Борлиги ва боқий гўзаллиги учун ибодат қилсинлар.”
Бу ривоятни келтиришимиздан мақсад нима. Шоира ижодига қандай боғлиқлик жиҳатлари бор. Аввало шуки, у – аёл. Иккинчидан эса, умрини ҳақиқий ишққа бахшида этган зот. Ниҳоят, инсонлар қалбида пок ишқ уйғотишдек эзгу ишга чоғланган. Шеъриятнинг вазифаси ҳам инсонлар қалбига эзгулик уруғларини сепиш эмасми! Ҳар бир ижодкор қалби эса ўша эзгулик уруғларининг униб чиқишига тайёр бўлган заминдир. Бу замин хосил бериб, ниҳоят, уруғ боғлаб кейинги авлодларга саралаб етказиши керак. Бу ижодкорнинг бурчи.
Хуршиданинг қалбидаги пок ишқ ва унинг ижодий ҳаракатлари Робия чоғланишларига ўхшаб кетади. Қолаверса, ижодда адабий анъананинг таъсири муҳим ва аҳамиятли – дунёқараш ва шаклланиш учун ҳам. Шу жиҳатдан олганда Хуршиданинг ижодида Моҳларойим Нодиранинг таъсири кўпроқ сезилиб туради. “Куйиб, эй Нодира, олам элиға муҳаббат шевасин ошкор эт”, деган шоира ўз ижодида мажозий ишқни илоҳий ишқ билан уйғунликда куйлаган ва бу билан Яссавий, Баҳовуддин Нақшбанд, Зебуннисо ва Машраблар таъсирини ўзида мужассамлаштирган. Айниқса, унинг “Эҳтиёж” радифли ғазалида ҳақиқий ишқ ўртаётган қалбнинг эҳтиёжлари юксак бадиий ифодасини топган. Хуршиданинг айнан шу ғазалга мухаммас боғлашида ҳам қалбан ва руҳан яқинликни сезиш мумкин.
Ўтмагай ғам, тун ўтар, кун ўтгуси,
Оҳ чексам Аршга ўт кетгуси,
Билки, фурсат кутмагай, тарк этгуси,
Бир тараҳҳум зоҳир этсанг нетгуси,
Қилди ҳуснингга мени зор эҳтиёж.
Гап ҳақиқий ишқ ҳақида кетар экан, арабларнинг бир мақолини қайд этиш жоиз: “Муҳаббат Худо ёққан оловдир”. Демак, бу оловда ёниб “Мазҳаби парвона”га айлана олганларгина ҳақиқий ишқ йўлини тутганлардир. Хуршида шеърларининг лирик қаҳрамонини ҳам фақат ёнишда кўрамиз. “Юрак ўтдан яралган бўлса, Ёнмай ахир нима қилайин?” – дейди у. Бошқа бир жойда ёзади: “Самандар зотидин Хуршида равҳ айлар олов ичра”.
Самандар – ўтдан пайдо бўладиган ва ўтда яшайдиган афсонавий қуш. Равҳ – яшаш. Демак, лирик қаҳрамон ўзининг ўтдан пайдо бўлганлар қавмиданлигини ва олов ичра яшашини ифодалаяпти, яъни ишқ олови азоблари унинг учун қисмат.
Лирик қаҳрамоннинг яшаш шарти, фарёди, ишқ ўти ва камоли – мана шу қисмат билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам у ўз мақсадида қатъий, журъатли. Шунинг учун ҳам сўзи кескир:
Келиб жон сўрса Азроил, назар этмай уволини,
Қўюрман шарт, кўрсат аввало ёрим жамолини.

Ўйилган дилда исмингни ўқибон Мункару Накир,
Кетур қайтиб, этиб шафқат, беролмай бир саволини.

Магар фарёд қилсам Аршга жабру жафоингдан,
Юборгай мен томон Ҳақ, дил – танинг ёллаб шамолини.

Қуёш миллярд йил ўтгач ёқай деб келса ер шарин,
Топур хоким уза ишқим ўтидин ўз заволини.

Ки Маҳшар тонги Хуршида гуноҳи ишқи- чун сенга,
Дадил дўзах сари бормоғида топгай камолини!?

Лирик қаҳрамон Ишқда бу қадар олий мақсад сари юз бурган экан, унинг бандасига бўлган меҳр-муҳаббатидан чўғ олганлигини ҳисобга олсак, дунёвий-илоҳий ишқ уйғунлигини кўрамиз. У бу дунё муҳаббатида ҳам барча азобларга рози ва сабрли:

“Сендан ранжимайман,
фақат дунёда
тирик эканингни билиб турсам бас!..”

“Майли,
Бераверинг озорми, ситам,
Мен – сабр элининг фуқаросига.
Минг соғинч, меҳр ила суртгум жабрингиз
Кўзгинамнинг оқи ҳам қаросига...”

Ижод меҳр-муҳаббат маҳсули. Хуршиданиннг меҳр-муҳаббати ҳам чексиз: Ватанига, халқига, кўҳна тарихга, адабиётга, ота-онасига, жигарбандларига, ёру дўстларига. Бу унинг ҳаёт ва ижод мундарижаси. Биз эса шоира ижодининг чексиз уфқларига бир назар ташладик ва ундан биргина жиҳатига тўхталдик, холос.
Хулоса шуки, ижодкор адабиёт майдонига ўз юраги, ўз дунёси билан кириши керак. Хуршида ана шундай ижодкорлардан. Унинг шоирлик бахту қувончи ҳам, дардли қисмати ҳам қуйидаги биргина жумласида мужассамлангандай:

“Бир юрак ёнмиш, ёронлар!”

Баҳодир Раҳмонов,
филология фанлари номзоди, доцент.
Андижон давлат университети филология факультети декани.

Комментариев нет:

Отправить комментарий