ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 30 сентября 2017 г.

АБДУЛЛА ОРИПОВ,



Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири


                               * * *
Айтмангиз умрим ўтиб,
         Ҳар қайда бир ком истадим.
Ком кўриб ҳар қайда мен
         Албатта, ором истадим.

Майлига, айшу фароғат
         Етмасин жисмим учун,
Лек мудом безовта бул
         Руҳга саранжом истадим.


Халқадай қуршаб мени
         Сайд айламиш ағёр эли,
Қуш каби халқум тутиб,
         Зулфингдайин дом истадим.

Сен қуёш юзлик билан
         Дийдор иложи йўқ экан,
Найлагум кундузни мен,
         Келгайми деб шом истадим.

Ол шафақ бирлан тўлубдур
         Офтобнинг косаси,
Сен учун мен ҳам қўлимда
         Лолагун жом истадим.

Бенасиб этма нигор
         Ҳусни жамолинг мулкидан,
Илтифот кўргаз дедим
         Энг катта инъом истадим.

Шеър ёзиб чалғитмайин
         Турфа тахаллуслар билан,
Сол назар, қошингда ҳам
         Абдулла деб ном истадим.
                                                        26.10.20…

Комментариев нет:

Отправить комментарий