27 сентябрь куни Миллий матбуот марказида“Тиббий таълимдаги ислоҳотлар — мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг тараққиёт мезонларидан бири”мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Унда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари, бошқарма бошлиқлари, ихтисослаштирилган ва илмий-амалий тиббиёт марказлари, республика даражасидаги даволаш-профилактика муассасалари раҳбарлари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Тадбир Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббий таълимни ислоҳ қилиш ва уни дунё стандартлари даражасига етказиш бўйича берган топшириғи юзасидан олиб борилган ишлар, тизимда кутилаётган ўзгаришлар ва уларнинг натижасига бағишланди.
Тан олиш керак, олий тиббий таълим муассасаларида бакалавриат босқичининг (даволаш иши) 7 йил давом этиши замон талабларига жавоб бермаслиги билан бирга, мазкур таълим учун асосланмаган ҳолда ортиқча молиявий маблағларни ҳам талаб этиб келаётганди.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида тиббий таълим тизимини янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айнан тиббий кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш масаласига ечим кўрсатилган. Яъни, ҳужжатда тиббий таълим йўналишларидаги бакалавриат тизимида ўқиш муддатларини белгилаш алоҳида қайд этилди.
Унга кўра, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб даволаш иши, касбий таълим (даволаш иши), ҳарбий-тиббиёт иши (даволаш иши), педиатрия иши 6 йил, тиббий-биологик иш 4 йил, тиббий профилактика иши 5 йил этиб белгиланди.
Эътиборли томони, ҳозирги вақтда “даволаш иши”, “касбий таълим” (даволаш иши), “ҳарбий тиббиёт иши” (даволаш иши), “педиатрия иши” бакалавриат йўналишлари бўйича таълим олаётган 2-5-босқич талабалари ҳам таълимни 6 йиллик ўқув дастури асосида давом эттириши кўзда тутилган.
Мамлакатимизда 7 та олий тиббий таълим муассасалари ҳамда уларнинг ҳудудий филиалларида ҳар йили 2 мингдан ортиқ шифокорлар тайёрланмоқда. Аммо, жойларга чиқиб мавжуд ҳолат ўрганилганда, соғлиқни сақлаш соҳасининг бирламчи тизимида кадрлар таъминотида номутаносибликлар борлиги аён бўлди. Масалан, мамлакатимиз бўйича шифокорларнинг умумий сони 72 минг нафар бўлиб, ҳар 10 минг аҳолига нисбатан 23,5 нафарни ташкил этади. Аммо Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Тошкент, Сирдарё, Фарғона ва Навоий вилоятларида бу кўрсаткич талаб даражасида эмас.
Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг жорий йил 5 майдаги “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарори кадрлар таъминотини яхшилашда муҳим ҳужжат бўлди. Унга мувофиқ, 2017/2018 ўқув йилидан бошлаб биринчи марта мақсадли қабул йўлга қўйилди.Эндиликда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари буюртмаларига биноан тиббиёт кадрларига талаб юқори бўлган ҳудудлар учун давлат гранти асосида бакалавриат йўналишига қабул амалга оширилди.
Ўз навбатида, ёшларимиз ҳам давлатимиз томонидан олий таълим тизимини модернизациялашга йўналтирилган ислоҳотларни катта қизиқиш билан қабул қилиб, бу борада яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш, олий маълумотли мутахассис бўлиб етишишга интилмоқда. Шу боис, тиббиёт олий ўқув юртларига 2017 йилги қабул ҳар йилгидан-да қизғин кечди. Жорий йил 44 минг 409 нафар йигит-қиз ушбу йўналишдаги олий таълим муассасаларига ҳужжат топширди. Улардан3 минг445 нафарига талабалик бахти насиб этди. Ушбу талабаларнинг 1355 нафари давлат гранти асосида ва2090 нафари тўлов-контракт бўйича таҳсил олмоқда.
Тиббиёт ходимларини тайёрлаш борасида тўпланган тажрибалар ушбу соҳани, айниқса, ўқув дастурларини янада такомиллаштириш вақти келганини ҳам кўрсатмоқда. Ўқув соатлари таҳлил қилиб ўрганганилганда, ўқув дастурларидаги мавзуларнинг 15 фоизи ва ҳатто ундан ортиғи қайтарилиш ҳоллари мавжудлиги аниқланди. Бундан ташқари, бакалавриат ва магистратура босқичидаги ўқуврежа ва дастурларда мутахассисликка оид бўлмаган фанларнинг кўплиги ҳам талабларнинг ортиқча вақтини олиб, ихтисослик бўйича билим олишига сезиларли таъсир қилиб келмоқда. Яна бир муаммоли ҳолат — таълим жараёнига тиббиёт соҳасидаги замонавий билимларни киритишда вужудга келган қийинчиликлар билан боғлиқ эди.
Давлатимиз раҳбари қарори билан, олий тиббий таълимнинг клиникагача бўлган ва клиник фанлар блоклари бўйича ўқув соатлари салмоғи оширилиши, олий тиббий таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш белгиланди. Шунга асосан, бакалавриат босқичи учун давлат таълим стандартлари қайта ишлаб чиқилмоқда. Яъни, касбий фанлар блоки кенгайтирилиб, ижтимоий-иқтисодий фанлар блокини 7 фоизгача қисқартириш, клиникагача ва клиникага оид фанлар учун соатлар ҳажмини 85 фоизгача кўпайтириш назарда тутилган. Аввалги Давлат таълим стандартларида белгиланган ўқув режаларида гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар блоки бўйича ўқув соатлари ҳажми 15-20 фоизгача эди. Асосий мутахассислик бўйича эса 40-50 фоизни ташкил қилган. Бу ислоҳот олий тиббий таълимнинг биринчи босқичидан бошлаб, бўлажак шифокорнинг соҳага доир билимларини шакллантиришига кенг имкониятлар яратади.
Ҳеч иккиланмай айтиш мумкинки, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилаётган тиббий таълимни комплекс ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар
тиббиёт кадрлари етишмовчилиги қопланишини 15 фоизга тезлаштиришга,
тиббий таълим тизиминихалқаро стандарт талабларига мослаштирилишига,
таълим муассасалари кадрлари салоҳиятини оширишга,
давлат бюджети маблағларининг мақсадли сарфланишига,
тиббиёт олий ўқув юрти тилабаларининг амалий кўникмаларини мустаҳкамлаш ва ўқув жараёнини самарали ташкил этиш орқали юқори малакали тиббиёт кадрларини тайёрлашга хизмат қилади
Комментариев нет:
Отправить комментарий