Билмаслар
Одамзотнинг бори шудир начора,
Барчаси бир куни ўлар, билмаслар.
Имкони борида тавбага қайтмас,
Бир кун паймонаси тўлар, билмаслар!
Ажалга фарқи йўқ гадомисан шоҳ,
Буни эслаб тургин, баъзида гоҳ-гоҳ.
Охиратни билмай қанчалар гумроҳ,
Одамларга зулм қилар, билмаслар.
Гарчи битилгандир тақдир, қазо ҳам,
Амалга хос мукофоту жазо ҳам,
Ўзин катта олган, казо-казо ҳам,
Бир куни гул каби сўлар, билмаслар.
Фарзандни деганлар; “дунёга зийнат”,
Улуғ неъматларга бўлди хиёнат,
Кимни азоблайди, ким аҳли жаннат,
Албатта бир Аллоҳ билар, билмаслар?!
Гарчи дахлсиздир, аслий ҳуқуқлар,
Ҳуқуқларни топтар, феъли бузуқлар,
Кибрдан қадр излаган, манқуртлар,
Устидан шайтонлар кулар, билмаслар.
Эшитгил эй Саҳвий, хулласи калом,
Банданинг бандага қуллиги ҳаром,
Азалда битилган умр, ризқ тамом,
Қазода битгани бўлар, билмаслар.
Комментариев нет:
Отправить комментарий