Савол: Менинг бир танишим бор, ҳеч қаерда ишламайди. Лекин у
кишининг аҳли аёли ишлаб, оилани боқади. Баъзи одамлар у кишига: “Аёлингиз
топган пулдан ейишингиз ҳаром бўлади” – дейишибди. Шу борада ислом дини нима
дейди? Аллоҳ таоло хизматларингизга барака берсин! Жавоб: Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду
санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад
Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Эркак киши
аёлининг пулидан ишлатиши жоиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Нисо сурасининг 4-оятида
шундай деган: “Аёлларга маҳрларини чин кўнгилдан беринглар. Агар улар ўз
маҳрларидан сизларга маълум бир миқдорини рози
бўлиб берсалар, уни пок билиб, хотиржам еяверинглар-олаверинглар”. Бироқ
оятда таъкидланганидек, бу пул аёл розилиги билан берилган бўлиши шарт. Уни
талоқ қилиб юбораман, деб таҳдид қилиш ёки бермаса унга жаҳл қилиш орқали уни
“рози” бўлишга
мажбурлаш аёлга зулм қилиш ҳисобланади. Зулмнинг қанчалик катта
гуноҳ экани ҳаммамизга аён. Бу ҳолатлар, хусусан, бизнинг миллатимизда кўпроқ
учрайди. Чунки бизда аёлларнинг шахсий мол-мулки бўлиши тасаввур ҳам
қилинмайди. Бу аёлнинг пулидан олиш ва ишлатиш тўғрисидаги гап. Энди эркак
ишламасдан уйда ётиши, аёли ишлаб рўзғор тебратиши бу бошқа масала. Исломда
рўзғор тебратиш эркакнинг зиммасидаги масъулиятлардан бири ҳисобланади. Оилада
эркак киши бош бўлишининг асосий сабабларидан бири Аллоҳ таоло унга берган
бошқарувдаги лаёқат бўлса, иккинчи сабаби унинг рўзғор тебратишидир. Бу ҳақда
Аллоҳ таоло шундай деган: “Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар. Сабаби
Аллоҳ эркакларни аёллардан (раҳбарлик масалаларида) устун қилиб яратган ва
эркаклар ўз мол-мулкларидан сарф-харажат қилиб аёлларини боқадилар…” (Нисо:
34). Эркак қодир бўла туриб, Аллоҳ таоло унинг зиммасига юклаган вазифасини
қилмаслиги гуноҳ бўлиши билан бир қаторда аёлини оилада эрига итоатсиз бўлишига,
натижада оиладаги тотувлик йўқолишига олиб борувчи асосий омиллардан биридир.
Бироқ, эркак ишлашга қодир бўлмаслиги, масалан, оғир касалликка дучор бўлган
бўлиши бундан мустасно. Аёлларнинг кўчага чиқиб ишлаши ҳақида уламоларнинг
турли хил фатволари бор. Бу фатволарнинг хулосаси шуки, шаръий қонун-қоидаларга
риоя қилинмайдиган ерларда аёл кишининг ишлаши ҳаром, бунда ҳеч қандай хилоф
йўқ. Хусусан, бизнинг юртларда аёлларнинг ишлаши дейилганида уларнинг
бозорларда эркакларга аралашиб, савдогарлик қилишлари назарда тутилади. Ишлашга
қодир бўла туриб, ялқовлик қилиб ётган эркаклар ўз вазифаларини бажармаганлари
етмаганидек, аёлини мана шу каби ношаръий жойларда ишлатгани учун Аллоҳ
таолонинг олдида жавоб берадилар, валлоҳу аълам.Манба “ихлос орг
Комментариев нет:
Отправить комментарий