Самарқанд сори ДУРБЕК КЎЛДАШЕВ
...Яна бир Хонзодабегим эди,
Тирмиз хонзодаларидин эди.
Мен Самарқандға беш ёшимда
Султон Аҳмад Мирзо қошиға келган
фурсатда олиб эди. Хануз юз ёпуғи
бор эди. Туркона расм била менга
буюрдилар, мен юзини очтим.
“Бобурнома”дан
Ҳижрий 892 йилнинг ёзи кўҳна Самарқанд заминида ўзгача шукуҳ ва тўкин-сочинликда ўтиб борарди.
Подшоҳлик тахти кўп йиллардан бери, гарчи ихтиёри беклари қўлида бўлса-да, шижоатли темурийзода, баланд ҳимматли ҳукмдор Султон Аҳмад Мирзо илкида бўлиб, ҳарб ва давлат ишларида кордонлиги боис юртда тинчлик-осойишталик ҳукм сурар, шундан Самарқанд аҳли рафоҳат ва фароғатда умргузаронлик қилиб келмоқда эди.
Мирзонинг юксак ҳимматини шундан ҳам билса бўлардики, иниси Умаршайх Мирзонинг бадмаошлиғи сабаб Хавос кентида бўлиб ўтган савашда қўли баланд келса-да, ортиқча зиён-заҳмат етказмай, қайтага ўлжа ва асирларни солим қилиб қайтариб берди.
Бовужуд, кўп ўтмай қаламравида бўлган улуғ шаҳарлардан бири Тошкандни, кетидан Сайромни ҳам унга инъом қилиб юборди.
Аслида, бу темурийзодаларга хос, боболаридан мерос, шоъе хислатлардан бўлса, ажаб эмас.
* * *
Бобур Мирзо эсини танибдики, ота юрти – фирдавсмонанд Самарқандни кўриш орзусида.
Бу қутлуғ даргоҳга бориш истаги ёш валиаҳднинг кўнглида қачон туғилди экан-а?! Самарқандда ҳарбий таҳсилни олиб қайтгач, Умаршайх Мирзо черигида икки қатла баҳодирлик рутбасига эришган устози – Алп Баҳодирнинг қиссаларидан жунбушга келибми ёхуд боболари руҳи ундабми, нима бўлганда ҳам кейинги кунларда қатъият билан: “Бувижон, отажонимға айтингиз, мени Самарқандға жўнатсунлар?!“ - деган тилакни тез-тез ёдларига солиб қўядиган бўлиб қолди.
“...Тушга нималар кирмайди”, десалар-да, валиаҳд бир кун тушида қилич кўтариб Самарқандда, Улуғбек Мирзо мадрасаси томида юрган эмиш.
Бобур Мирзонинг бу истидъоси амалга ошиши учун йўл бермай турган бирдан-бир сабаб – ёшининг кичиклиги.
Чиндан-да, Самарқанд подшоҳи қондош амакиси бўлганда ҳам, Фарғона мулкидан ташқарига чиқмаган, эндигина олти ёшга қадам қўяётган тахт ворисини бундай олис жойга жўнатиб юбора олмасдилар.
Катталар шу ужурда бир неча бор кенгашдилар. Охир-оқибат, Амирзоданинг бироз эркароқ, лекин қатъиятли феъл-атворига қарши ўзларида руҳий куч тополмадилар.
Хуллас, бир пора чуҳралар муҳофазасида устози Алп Баҳодир бош яқин дўстларидан бири Абдуллоҳ ҳамроҳлигида Самарқанд сари отланишга рухсати олий берилди.
Бу фармондан сарой аъёнлари ажабланмасликлари учун, Бобур Мирзонинг сафарини яқин орада Самарқандда, подшоҳ хонадонида бўлиб ўтадиган тўй шарофатига йўйиб қўя қолдилар.
Сафар тадоригига уч кун керак бўлди.
Шу кунлар ичида Шайх Бурҳонидин Қилич ҳазратлари қадамжоларидан бирига бориб, валиаҳднинг кокилига тиғ урдириб келишга ҳам улгурдилар.
Йўл анжомлари, соябонли аравалар, захира отлари, икки ҳафтага етгулик озуқа, шахсан Султон Аҳмад Мирзога дея Андижоннинг олиймақом чавари- Муҳаммад дўзанда бош туриб тайёрланган қишлик ва ёзлик сарупо, барча оила аъзоларига ноёб совғалар, қимматбаҳо сувсар мўйналари, кундал, суқурлот, жужун матолари солинган сандиқлар, Андижон танаворидан буюртириб тикилган маҳси-кавушлар, икки харвор Ўзганд девзираси, бир неча даста тобулғу йиғочи ва яна бир талай анвойи атиқалар олампаноҳ назаридан ўтказилгач, “Юклансин!” деган буйруқ берилди.
Ҳа, айтгандай, сандиқларнинг бирига, самарқандлик подшоҳзода хонимларга атаб қўйган Қутлуғ Нигорхонимнинг махсус туҳфалари – бир неча тўп жилоси кўзни олувчи Марғинон атласидан жойлаб қўйишни ҳам ёддан чиқармадилар.
Бобур Мирзога устазода байтар – Бойқосим Буқо тавсияси билан бобоси Султон Юнусхон ўтган йили туркманлардан келтириб берган зоти олий тўпчоқи – “Жиғолтой” бурулни эгарлаб беришга қарор қилинди.
Сайёҳлар Подшоҳ отанинг сўнгги йўриқларини уқиб олишгач, шаъбон ойининг учинчи куни тонг саҳарда Самарқанд сари йўлга чиқиб кетдилар.
Подшоҳ ҳазратлари тахт ворисини қалъа ичиданоқ жўнатиб юборгани кўнгли бўлмай, пири муршиди – Бурҳониддин Муҳиддин Қози ҳазратларини олиб, уларни то Намозгоҳ навоҳисигача кузатиб қайтдилар.
Сарой муаррихи бу воқеъани ўша куниёқ салтанат солномаси саҳифаларига зарҳал ҳарфлар билан битиб қўйди.
Сафда бир жуфт баҳайбат нортуянинг борлиги, четдан қараган одамга кичикроқ карвонни эслатарди.
Дарвоқе, устоз ва шогирд ўзлари билан олган бир неча робита кабутарларни тобулғу қафасларга солиб, атроф яхши кўриниши учун туя кажаваларининг энг баланд жойига ўрнатдилар.
Юксак орзуси ушалаётганидан завқланган Бобурбекнинг қувончлари ичига сиғмасди. У ўзини йигитчалардай ҳис этар, қизиқ-қизиқ саволлар бериб устозини шошириб ташлар, баъзида жўшиб кетганидан, Абдуллоҳнинг елкасидан маҳкам қучиб кўярди.
Шаҳар ҳудудидан чиқишлари ҳамоно табиат манзараларига маҳлиё бўлиб бораётган ёш сайёҳлар қандай қилиб Асакадан ўтиб, Қубога яқинлашиб қолганларини ҳам сезмадилар. Қасабага кириб бораверишдаги ўша машҳур катта ботқоқлик сувга лиқ тўла даври экан. Бир маромда мавжланиб турган кўм-кўк тўлқинлар тутдан ясалган кўприк устунларини кўмаман дейди.
Саф кўприкка яқин қолганда, Алп Баҳодирнинг буйруғи билан уловлар орасидаги масофа кенгайтириб қўйилди.
Роҳравлар ёғоч кўприк устидан бир маромда тебраниб ўтиб борардилар.
Бир пайт валиаҳднинг нигоҳи кўлларда сузиб юрган қалин сув қушларига тушиб, кўзлари парпираб кетди. Қирғоқ бўйлаб чайқалиб турган қамишзорлар ортида, “бозор” қилишаётган бунча кўп қушни аввал ҳам, бир маротаба, устози билан балиқ овига чиққанларида, Иламишнинг сўл соҳилидаги очиқ ҳавзаларда учратганди, лекин бирқозонни кўрмаган экан...
Ҳайратланиб кетган тахт вориси апил-тапил этикчаларини ечиб қўлига олди-да, атроф манзараларини яҳшироқ тамошо қилиш мақсадида бир сакраб эгарнинг устига туриб олди, сўнг бир қўлини соябон қилганча қушлардан кўз узмай:
- Устоз, устоз! Айтинг-чи, ҳў ана бу, тумшуқлари йўғон, бесўнақай паррандалар қандай қушлар? - деб сўраб қолди. Қирғоққа яқин жойда навбатма-навбат халтачали узун тумшуқларини кўтариб-тушириб, ўз тилларида бир-бирларига “қўшиқ” айтиб бераётган бир гала йирик-йирик қушларга ишора қилиб.
Алп Баҳодир шогирдига юзланаркан:
- Амирзодам! Алар, бирқозон деб аталадур, иккинчи номи – сақоқуш! Сиз, ҳушёр туруб тафарруж этиб олсангиз, нариги жонибға ўтуб олғонимизда сўйлаб берамен, бу қушлар ҳақида, - деди.
Паррандаларнинг тинимсиз чағур-чуғурлари бутун атрофни тутиб кетганди...
Айниқса, галадаги ғозларнинг ғағиллашлари, қулоққа бошқаларникидан бир мунча баланд эшитилиб турарди...
Устоз! - деб қолди валиаҳд, яна, қушлардан кўз узолмай: “Биргина, илбосун тутуб олғонимизда эди”, деганди, Алп Баҳодир мийиғида жилмайиб қўяркан:
- Амирзодам! Жоним била эрди, аслиға, буни ҳеч бир душвор жойи йўқ, бироқ, шу пайт ов била андармон бўлуб, йўлдан қолуб кетсак, Марғинонға “етти хуфтон”да кириб боришға тўғри келадур. Ғолибо, Хўжанд атрофларида ҳам қушлар бундан-да бисёр жойлар бор. Тенгри рост келтурса, шикорни ўша кўлларда қилабиз, - деб қўйди.
Устозининг бу жавоби валиаҳднинг ўзига ҳам маъқул тушдими, ё подшоҳ отанинг: “Мирзом! Сафар чоғи устозинғиз чизғон чизиғидин бир қадам ҳам четға чиқмағайсиз!” деган ўгитига амал қилибми, ҳар ҳолда, ов ҳақидаги тадбир кейинга қолдирилди.
Бобур Мирзо гоҳо-гоҳо ўзигина эшитадиган овозда: “Ҳаб-бо-за- а!” дея пичирлаб қўяр, Қубонинг “қора” сувидан то нариги қирғоққа ўтиб олгунларига қадар, бир дақиқа бўлса-да, табиатнинг бу фусункор манзарасидан нигоҳини узолмасди…
Қофила бир маромда одимлаб Қубо марказидан ўтиб борарди. Қасабада бозор кун экан. Кўчалар зироат маҳсулотлари ортилган аравалар, ҳуржун, қоп юкланган уловлар, мол-қўй етаклаганлар, ҳаммоллар, пиёдалар билан гавжум.
Ҳамма ўз ташвиши билан, қаергадир, нимагадир шошаётгандай.
Алп Баҳодир қуболиклар ғайратига, меҳнатсеварлигига ҳавас билан боқаркан: “Ҳа, эл-улус тўққизни учға уруштуруш илинжида” дея жилмайиб қўйди.
Кейин бир йигитча катта тандир ичидан бошини чиқариб, шипиллаганча элтиб бораётганини (бир қараган одамга тандир ўзи юриб кетаётгандай эди) завқ билан кузатиб бораётган шогирдига юзланиб:
- Мирзом! Биласизму, агарчи, қасаба – кичик қасаба, вале, чун мўътабар маскун! Бу замин буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳазратларининг киндик қонлари тўкилғон жой! Устод Ҳусайн Ниёзий жанобларининг айтишларича, мана олти асрдан ўтибди ҳамки, ул зотнинг Араб дунёсида қилғон ишлари барчани лол қолдируб, ҳали ҳануз самара бериб келаётғон эмуш! - деб қўйди, ғурур билан. Бобур Мирзо бу номни илк бор эшитаётганди, шундан:
- Устоз! Ул зот фотиҳму? - деб сўраганди, Алп Баҳодир:
- Ҳа, Амирзодам! Ул зотни мажозан фотиҳ деса ҳам бўладур! Аслида, улкан ақл ва заковат соҳиби, фалакиёт ҳамда жарри сақил илмининғ пешвоси бўлғонлар, - деб қўйди ифтихор билан.
Устозининг сўзлари Бобур Мирзонинг юзида орзу ва ҳавас учқунларини елпиб ўтгандай бўлиб, киприклари пирпираб кетди. Буни кузатиб бораётган Алп Баҳодир хиёл жилмайганча Бобур Мирзога юзланиб:
-Амирзодам! Сизға яна бир, маҳтум тарихдин бир шингилинигина сўйлаб берсам... Улуғ бобонгиз Темурбек ҳазратлари Миср султони Малик аз Зоҳир Барқуқ жаноби олийларининг “таклифи” била, ҳижрий 803 йил жумодул-аввал ойида Қоҳирада бўлғонларида, атрофиға мавкибат аҳлини олиб, алломанинг Равдо оролида, Нил суйиға солғон ўлчагич иншоатларини тафарруж этиб келғон эканлар. Қурилманинг ўта жўн ва ишончли бўлғонидин ҳайратға тушган Темурбек ҳазратлари султон Барқуққа, филҳол олимнинг муборак равзаларини таъмирдин чиқориб, зиёратгоҳга айлантириш ҳақинда фармони олий берғон эканлар...
Улар шу тахлит бир олам таассуротлар оғушида кун қандай ўтганини ҳам сезмай Марғинонга кириб келдилар.
Меҳмонларни шаҳар доруғаси (табиатан қўпол, тунд юзли бўлганидан, атрофдагилар “яхмалак” деб лақаб қўйиб қўйган) Али Дўст тағойи кутиб оларкан, юксак иззат-икромлар кўрсатиб, қалъа ичига тушган ўз ҳовлиси томон бошлади.
Алп Баҳодир хизматкорларга юкларни имкон қадар авайлаб тушириб, жобажо қилиб қўйишларини буюрди-да, шогирдларини олиб (шомга қолмай), рав бориб Бурҳонуддин Марғиноний ҳазратлари яшаб ижод қилган муборак хонадонни, “Ҳидоя” асарини ёзишга жазм қилган чиллахоналарини зиёрат қилиб қайтдилар. Шундан кейингина андижонликлар кўнглига руҳий сокинлик иниб, зудлик билан гармобада ювиниб чиқдилар.
Мезбонлар нозик табиат ёш темурийзода ва унинг садоқатли ҳамроҳларидан иборат киборлар кўнглини олиш учун марғинонликларга хос баланд меҳмоннавозликлар кўрсатдилар.
Хизматда қасабанинг манаман деган олиймақом муғаннийлари, бовурчилар, дастурхончи ва баковуллари камарбаста турдилар.
Тахт ворисини ҳушнуд этиш мақсадида хонадонга шогирдлари билан Сотти қўғирчоқбоз таклиф этилган экан. Бор маҳоратларини ишга солиб, “Уч оғайни ботирлар”, “Качал полвон”, “Ёрилтош” эртакларидан парчалар намойиш килиб бераётганди. Бобур Мирзо бу эртакларни ёддан билгани боис, бир-икки жойда ижрочиларга эртак қаҳрамонлари сўзларида йўл қўйган хатоларни кўрсатиб қўйганди, хижолат бўлиб кетган қўғирчоқбозлар жовдираганларича бир-бирларига қараб саҳна кўринишларини давом эттира олмай қолдилар.
Доруға вазиятни юмшатиш учун ҳамёнидан бир сиқим ақча чиқариб дафнинг чарм ғилофига ташлаб қўяркан, ияги билан дарвоза томонга ишора қилиб, “Бошқа келасизлар, жаноблар,” деганча уларга жавоб бериб юборди.
Давра совиб қолмаслиги учун бир имо билан навбатни аҳли нағма давом эттира кетди.
Сайёҳлар жадаллик билан етти йиғоч масофани бир кунда босиб ўтган бўлсалар-да, хушовоз мутрибларнинг куй ва қўшиқлари янграгач, чарчоқларидан асар ҳам қолмади.
Базм узоқ давом этмади.
Муаззиннинг хуфтон намозига чорлаб чақирган азони эшитила бошлаганида болалар дам олиш учун ичкарига кириб кетгандилар.
Намозхонлар эса ўринларидан туриб таҳоратларини янгилаш учун тарқалдилар.
Бобур Мирзонинг Марғинон қалъасига келиб тушганидан хабар топган беклардан бир нечаси (ўзларини яқин олиб) ҳў, алламаҳалда, тахт ворисини кўриш ва имкон бўлса назаридан ўтиб қолиш илинжида доруғанинг эшигига ташриф буюрган эканлар. Салом-аликдан сўнг, Али Дўст тағойи уларни базми жамшиддан қайтаётганликларини билиб:
- Кимникида бўлишдинғ? - деб сўради аввал совуқ овозда.
- Баҳодир дўкайникида... - деб жавоб беришди беклар.
- Тўкварибди-да, баччағар, - деб қўйди дўнғиллаб.
Сўнг бекларга юзланиб:
- Гап мундоқ, йигитлар! Амирзодамиз йўл юруб хўб чарчағонлар, энди, ёнғонда учраштириб қўямен. Ҳозироқ уйларингга бориб дамларингни олиш! - деб буюрди амрона овозда.
Улардан бири: “Амирзодамизға аталғон кичиккина совғамиз бор эди...”, деганча қўйнидан қарға шоҳи чорсига ўроғлик бир нима чиқараётганди, “Ўшанда”, “Ўшанда” деганча жойига қайтартириб қўйди.
Беклар ҳар қанча жангари бўлмасинлар доруғанинг “қор ёғиб турган” қовоғига қараб, бир чимирилиб олдилар-да, улуғ меҳмонлар ҳурматидан бир сўз қайтармай, ортга қайтиб кетдилар.
Болалар ўзлари учун ажратилган шинамгина хос хонага кирганларида Абдуллоҳни уйқу элита бошлаганди. Бояқиш роса чарчаган экан, апил-тапил ечинди-да, пашшахонани ҳам туширмай ўзини ўринга отиб, бир зумдаёқ пишиллаб ухлаб қолди.
Бобур Мирзо уст-бошларини ечди, саришталик билан тахлаб, бош тарафидаги жавон устига қўйди, ўринда кийиб ётадиган оппоқ либосларини олиб, эгнига илди, сўнг катталардай хонада бироз у ёқдан бу ёққа юрди.
Токчадаги фонус хирароқ ёритиб турган нақшинкор шипнинг гулли вассажуфтларини тамошо қилди. Ўзининг хобхонасидаги вассажуфтлар безаги буларга қараганда бежиримроқ эканлигининг гувоҳи бўлди.
Ҳар ҳолда, чарчаганлиги билинди чоғи, бориб чироқни пуфлаб ўчирди. Келиб пашшахонани очди-да, ичига кириб, четларини қимтиб чиқди. Шундан сўнггина ўринга кириб ётди. Ҳаво бироз дим бўлса-да, болаларнинг ҳовлида ухлашларига рухсат берилмаганди.
Янги жой, янги одамлар. Умрида биринчи марта саройдан ташқарида тунаб қолиши. Бир-икки у ёқдан бу ёққа ағанади, нималарнидир ўйлаб ётиб, кўп ўтмай уйқуга кетди.
Тун ярмидан оғган... Амирзоданинг ором олаётганини билиб, чуҳралар ҳам бирин-кетин пинакка кетишган.
Бобур Мирзо туш кўрибди...
Тушида кимдир хавотир билан улар ётган хонага кириб: “Амирзодам! Тўпчоғингиз бўшалиб кетиб, ҳеч кимға тутқуч бермаётур!” деяётган эмиш.
Валиаҳд уйғониб кетди. Сапчиб туриб пашшахонадан чиқди-да, пардани четга суриб, деразадан ташқарига қаради. Ним қоронғи ҳовлида ҳеч ким кўринмасди. Бир зум қулоқ тутиб турди. Атрофдан фақат чирилдоқларнинг бетартиб чириллашларигина эшитиларди холос.
Кўнгли тинчимай, оёғига кавушчасини илди-да, даҳлиздаги пинакка кетган соқчига бир қараб қўйиб, ташқарига чиқди, кейин шарт ўгирилиб, отхона томон одимлаб кетди.
Отхона қоровули уйғоқ экан.
Йўлакда оппоқ кийимда фариштадай бўлиб жадал босиб келаётган болага кўзи тушган ҳамоно осма фонусини қўлга олиб, ҳужрасидан чиқиб келди-да, қўлини пешанасига қўйиб унга бир лаҳза тикилиб турди.
Бу пайт Бобур Мирзо отхона дарвозасига яқинлашиб қолганди.
Қоровул бобо валиаҳдни таниб:
- Амирзодам! Не хизмат била ташриф буюрдилар биз тарафларға? Амрингизға мунтазирмен! - деди, бироз хавотирда...
- Йўқ, ўзим, тўпчоғимни, - дея, узуқ-юлуқ жавоб қилиб қўйган валиаҳд, отхона эшигини очиш учун уринаётганди дамбалаб қўйилган экан.
Бобо шошганча чироқни ерга қўйиб, дарвоза тутқасидан ўтказиб қадаб қўйилган қалин тахтани четга олди ва кичкина эшикни ўзи очиб берди.
Бобур Мирзо остона ҳатлаб тўғрига бир-икки қадам босганди, “Амирзодам! Учовинғизни отинғизни рудда чўмултуруб чиқиб, хос бўлмаға олиб кириб қўйғонбиз”, - деганча, чап тарафдаги биринчи эшикни очди.
Бобур Мирзо чироқ ёруғида кўзлари чақнаб турган “Жиғолтой”ни кўриб, қувониб кетди! Бир сакраб охурнинг деворига чиқди-да, тўпчоғининг бўйнидан қучоқлаб олди.
Бир зум ёлларини силаб, танасига юзини босиб турди.
Буни кузатиб турган қоровул бобо лабларини йиғиштиролмай қолганди.
“Туғилғонимдин бери отлар ичидамен, илло, бундайин отға меҳр қўйғон шаҳзодани ҳам, бундай кўркам тўпчоқни ҳам илк бор кўрушум”, - деганча, ҳайрат билан бошини сарак-сарак қилиб қўйди.
Бобур Мирзо, ётган жойидан шошиб ташқарига чиқиб кетгач, уларни қўриқлаб ўтирган чуҳра оёқ шарпасиданми, ғийт этган эшик овозиданми, ҳар ҳолда, уйғониб кетган экан. Бироз ўзига келиб, атрофга аланглаганди, иккала эшикни ҳам очиқ ҳолда кўрди. Даст туриб Бобур Мирзо ётган ўринни қаради, ҳеч ким кўринмади. Кўзларини ишқалаганча яна бир бор тикилганди ҳамки, Амирзода жойида йўқ. Абдуллоҳ эса ўз ўрнида, ўшандай ухлаб ётибди.
Шу заҳотиёқ соқчининг капалаги учиб кетди. Кўз олди қоронғилашганча ташқарига отилди... Ҳовлида эса ҳеч бир зот кўринмасди.
“Орқаға ўтғон бўлсалар керак”, - деган хаёл билан чопқиллаганча халожойнинг олдига бориб, бир-икки томоқ қириб кўрди, жавоб бўлмади. Ҳар қанча ноқулай бўлмасин, вужуди кўз бўлиб ҳожатхонани қия турган эшигидан мўралаганди, афсус, ичкари бўм-бўш экан. Калласига нима ўй келдийкин, бир лаҳза ҳам ўйланиб ўтирмай, кескин ўгирилди-да, ҳаллослаганча кўча дарвозаси томон чопиб кетди. Кела солиб дарвозани кўздан кечирди. Ҳайрият, лўкидон туширилмабди!
Шундан кейингина бояқиш чуҳранинг юзига бироз қон югургандай бўлиб, ўзини салгина босиб олди. “Демак, тахт вориси шу яқин атрофда, ҳовлининг ичида”, хаёлидан ўтказди ва “Худога шукур-ей!” деганча ичига бир-икки туфлаб қўйди. Бироқ чуҳранинг ички саросимаси ҳали авжида эди...У шошганча ортга қайтди. Бир пайт йўлакда ўзаро суҳбатлашиб келаётган икки кишига: бири қўлида фонус кўтариб олган катта ёшдаги одам ва оппоқ кийимдаги болага кўзи тушди. Масала ойдинлашганидан хурсанд бўлиб кетган чуҳра бир амаллаб ўзини қўлга олди-да, йўлакдан четга чиқиб, қўлларини кўксига босганча мусоҳибларга йўл бўшатиб турди. Улар яқин келгач, худди анчадан бери валиаҳднинг қайтишини кутиб турган одамга ўхшаб: “Тунги тафарружингиз яхши ўтдиму, Амирзодам?”, - деб қўйди ҳансираган овозда. Бояқиш чуҳранинг ҳали ҳаяжонлари босилмаганди.
Қандай қилиб босилсин. Худо кўрсатмасин, мабодо, тахт ворисига бирор кор-ҳол бўлиб қолганда борми. Ҳай, ҳай, ҳай! Аллоҳ у кунни ҳаром қилсун! Чуҳра ўз бошига тушиши мумкин бўлган уқубатлардан бир шингилини ҳам тотиб кўрмаган бўлса-да, беш қўлдай яхши билади. Чунки шу лавозимга қўйилаётганда бир неча бор огоҳлантирилган-да! Жазолар шодасидаги биринчи чора, аввал, эсини киритиб, кўзини мошдек очиб қўйиш учун, орқасига атиги қирқтагина қалин чармдан пишиқ қилиб ўрилган дарра урилади. Албатта, катта қамчи баданга бир текис тушишини таъминлаш учун гуноҳкор ётқизилиб, оёқ-қўллари тахтакачга боғлаб қўйилади. У ердан омон чиққудек бўлса, (аслида даргумон), иккинчи босқичга ўтилади. Ўқувчининг асабларини эҳтиёт қилиш мақсадида иккинчи жазо нима эканлигини айтмай қўя қолганимиз маъқул. Хуллас, энг сўнгги, учинчиси магарам, шу жазога етиб келгудек бўлса, тирик ҳолда териси шилинади...
Комментариев нет:
Отправить комментарий