Абдулла Орипов
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига!
Ҳурматли раис!
Менинг олисдан юбораётган ушбу мактубимни Навоийхонлик кунларида барчага ўқиб эшиттиришингизни сўрайман.
БУГУН НАВОИЙ ТУҒИЛДИ.
Ҳазратнинг таваллуд кунларини хориж сафарида нишонлашимга тўғри келди. Зеро бунинг ҳеч бир ажабланадиган жойи йўқ.
Навоий жаҳон шоиридир ва бўлганда ҳам биринчисидир. Менинг назаримда бу мақом Навоий ҳазратларига абадул абад берилган. Мен ҳамиша ўйлаганимни сўйлашга ҳаракат қилиб келганман. Дейман-ки, халқимизнинг қайсидир фазилати Парвардигори Оламга ёққан экан-ки ўз аршидан Навоийдек шоирни бизга туҳфа қилиб юбормишдир.
Навоий бобомиз ўзларини бир халққагина эмас, жами туркий элатларга, аҳли дунёга мансублигини яхши билганлар.
Агар бир қавм ,
Гар юз, йўқса мингдур.
Муайян турк улуси
Худ менингдур.
Алишер Навоий номини эшитгандаёқ қалбимиз қувонч ва ифтихорга тўлиб кетади, инчунун, у зотнинг туғилган кунларида бу ифтихорнинг адоғиди бўлмас.
Мен ҳам эрта тонгда касалхона деразаларини очиб юбораман ва бутун борлиққа беихтиёр изҳори дил қила бошлайман:
-- Бугун Навоий туғилди!
Ўзбекистон қахрамони,
Халқ шоири Абдулла Орипов.
Феврал 2014 йил. Истанбул
✍️ Абдулла Орипов
Комментариев нет:
Отправить комментарий