ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 10 февраля 2019 г.

Таҳорат ва унинг сирлари, намоз ва унга тааллуқли нарсалар

Abduqadir Sattarov, [11.02.19 06:04]
Таҳорат ва унинг сирлари, намоз ва унга тааллуқли нарсалар 
Билинг! Дарҳақиқат, таҳорат тўрт хил бўлади:
1. Зоҳирий жасадни ҳадас, нажосат ва чиркинлардан поклаш.
2. Аъзоларни турли гуноҳ ва ёмонликлардан поклаш.
3. Қалбни ярамас, бемаъни хулқлар ва жирканчли
разолатлардан поклаш.
4. Аллоҳдан бошқа нарсалардан сир – қалбини поклаш. Бу энг олий ғоядир. Кимнинг қалб кўзи кучли бўлса, бу матлубга етишади. Кимнингки қалб кўзи кўр бўлса, таҳорат ҳолларидан биринчисини фаҳмлайди, холос. У аксари бебаҳо вақтини муболаға билан истинжо этиш ва кийимларини ювишга сарф этади. У васвасаланиб, илми озлиги сабабидан талаб этилган таҳорат – покланишни фақат шу деб ўйлайди. У кўп вақтларини қалбни поклашга сарфлаб, зоҳирий покланишга кўп ҳам диққат-эътибор бермаган мутақаддиминлар сийратларидан (аҳволларидан) бехабар.
Умар розийаллоҳу анҳудан ривоят этиладики, бир куни у киши насронийга тегишли обдастада таҳорат олдилар. У кишининг замондошлари қўлларидаги ёғ-кирларни кўп ҳам ювавермас, ерда намоз адо этар, яланг оёқ юрар ва истинжо этишда тошлар билан кифояланиб қолишарди.
Ҳозирга келиб одамлар хамоқатни назофат, деб номлашга ўтдилар. Сиз яхши биласиз, кўпинча улар азиз вақтларини зоҳирий зийнатларга сарфлашади, ички дунёлари эса хароб, кибр, худбинлик, риё ва нифоқ каби ёмонликлар билан тўлиб тошган. Агар улар кимдир истинжода тошлар билан кифояланса ё ерда оёқ кийимсиз юрса ёки ҳеч нарсасиз очиқ ерда намоз ўқиса ёхуд бир қари кишининг идишида таҳорат олса, уни қаттиқ инкор этишади ва уни ифлосга чиқаришади, бирга таом тановул этишдан бош тортишади. Уларнинг бу аҳволларига бир қаранг! Улар иймон сифатидан бўлган оддий кийинишлик ҳолатини ҳаром, ифлослик деб ўйлашади, хамоқатни эса – назофатга чиқаришади. Мункар ишни маъруф, маъруф амални мункар деб билишади. Аммо бу таҳоратни назофат деб қасд қилган киши кўп сув исроф этмайди. Кўп сув истеъмол қилиш дин асли деб эътиқод қилмайди. Бу мункар амал эмас, балки у чиройли ишдир. Нажосат ва ҳадасларни билишда фиқҳ китобларига мурожаат этилсин. Бу китобдан ҳақиқий мақсад – одоб-ахлоқдир.
Бадандан кир-чирларни кетказиш икки турли бўлади:
Биринчи тури – бош ёки бошқа аъзоларда йиғилган кир ва ифлосликларни ювиб кетказиш. Бошни ювиб тозалаб бўлгач, тўзғиган сочларни тараб, мойлаб тартибга солинади. Шу каби қулоқ, бурунларда йиғилган кирларни ҳам ювиб тозалаб туриш лозим.
Тиш, тил ва оғиз бўшлиғини мисвок, мазмаза қилиш орқали тозалаш мустаҳабдир. Шунингдек, қўл ва оёқ панжа ораларида йиғилган кирлар, тер ва чанг натижасида баданда йиғилган кир ва ифлосликлар ҳам ювиб тозаланади.
Ҳаммомга кириб яхшилаб ювинса ҳам бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳобларидан бир жамоа ҳаммомга кириб ювинишган, лекин авратига бошқаларнинг кўзи тушишидан ва уни ушлашдан эҳтиёт бўлиш шарт этилади. Ҳаммомга кирган одам унинг иссиқлигидан оташи дўзах ҳароратини эслаб қўйиши лозим бўлади, зеро мўминга охират ғами ҳар доим ғолиб бўлмоғи зарур. Ҳар бир идиш ўзидаги нарсани сочади. Фикр билан бир боқинг-чи, кўрасиз, агар бир обод ҳовлига баззоз, газламафуруш, нажжор, бинокор, тикувчилар кирса, баззоз бу ердаги ўрин-кўрпаларга қиймати қанча, деган мулоҳаза билан қарайди, тикувчи эса кийимлар тикилган матолар сифатига разм солади, нажжор уйнинг шифти қандай экан, деб унга қарайди, бинокор бўлса, унинг атроф деворлари билан қизиқади. Мўмин киши ҳам шулар каби зулматни кўрса, қабр қоронғулигини эсга олади, агар бирон қаттиқ садони эшитса, қиёмат кунини эълон этадиган карнай овозини хотирасига келтиради, нозу-неъматларга кўзи тушса, жаннат неъматларини зикр этади. Азоб-уқубатни кўрса, у дарҳол оташи дўзахни эслайди.
Ҳаммомга мағрибга яқин ҳамда шом ва хуфтон ўрталарида кириш макруҳ ҳисобланади, зеро бу вақтларда шайтонлар тарқалишиб юрган бўлади.

Abduqadir Sattarov, [11.02.19 06:04]
Кир ва ифлосликдан тозаланишнинг иккинчи тури – айрим мўй-соч ва туклар тартибга солиниб, баъзилари эса бадандан кетказилади. Масалан, мўйлаблар қисқартирилади, қўлтиқ ости юнглари юлинади, таносил аъзолари усти ва атрофидаги мўйлар эса олмос ёки устара ила қирилади. Оқарган соч ва соқолни юлиш макруҳдир. Тирноқлар олинади. (Хусусан, пайшанба куни оёқ ва қўлларнинг ўсган тирноқларини олиш инсонга фаровонлик ва бахт келтиради, иншааллоҳ… – тарж.) Соч-соқолларни бўяш (хина билан… – тарж.) мустаҳаб, яхшидир.  
Таҳорат – покланиш мартабалари ҳақидаги сўз, иншааллоҳ, мухликот ва мунжиёт (ҳалок ва нажот) қисмида батафсил зикр этилади.
ФАСЛ
Намоз – бу диннинг устуни ва тоат-ибодатларнинг тожидир. Намознинг фазилатлари тўғрисида жуда кўплаб машҳур хабарлар мавжуд. Намознинг энг яхши одоби – хушуъ, яъни намозни ҳурмат-иззат билан адо этишдир.
Усмон ибн Аффон розийаллоҳу анҳудан ривоят этилишича, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай хабар берадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирон кишига фарз намози адо этиш вақти келса, у киши чиройли таҳорат олиб, намозни одоб-иззат билан, гўзал суратда рукуъларини бажариб адо этса, бу хилда ўқиган намози унинг гуноҳи кабирадан бошқа ҳамма гуноҳларига каффорат бўлади. Бу ҳолат ҳамиша давом этади», дея марҳамат қилдилар» (Имом Муслим «Саҳиҳ» китобларида бошқачароқ лафзлар билан ривоят этганлар. Имом Табороний ҳам «Авсат»ларида шунга ўхшаш сўзлар билан зикр этганлар). Яна у зотдан ривоят этилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилдилар: «Кимки хотиржамлик ва таскин қалб ила икки ракат намоз ўқиса, унинг олдинги гуноҳлари авф этилади» (бу ҳадисни Имом Бухорий ва Муслим бир оз ўзгартириш билан ривоят этганлар).
Абдуллоҳ ибн Зубайр розийаллоҳу анҳу ҳар вақт намоз ўқисалар, таъзим ва тавозуъда бамисоли ёғочдай қотиб турардилар. Саждада турган вақтларида устиларига чумчуқлар қўниб туришарди, гўё у киши девор ёғочидек саждада узоқ қимирламай турардилар. Кунлардан бирида у зот Каъба девори олдида намоз ўқиётган эдилар. Ногоҳ манжаниқдан отилган тош келиб тушиб, у зотнинг кўйлакларининг баъзисини йиртиб кетса ҳам, намозларида давом этавердилар. Маймун ибн Маҳрон розийаллоҳу анҳу айтдилар: «Мен Муслим ибн Ясорнинг намозда ҳеч қачон қимирлаганларини кўрмадим. Масжиднинг бир томони қулаб тушди, бозор аҳли бундан қўрқиб кетди, у зот эса ҳамон масжидда намозларини адо этардилар, ақалли бундай бир сесканиб ҳам қўймадилар».
Али ибн Ҳусайн розийаллоҳу анҳу ҳар вақт таҳорат олсалар, ранглари ўзгариб, оқариб кетарди. Одамлар у зотдан: «Таҳорат олаётган вақтингизда сизга нима бўлади?» деб сўрашди. Шунда у зот: «Кимнинг ҳузурида қоим бўлишимни биласизларми?» деб жавоб бердилар.
Билинг! Дарҳақиқат, намознинг рукни, вожиби ва суннатлари бор. Унинг руҳи – ният, ихлос, хушуъ ва қалбнинг ҳозир бўлишидир. Шунингдек, намоз ўз ичига зикр, муножот ва афъолларни ҳам олади, зеро нутқ қалбдаги нарсани ифода этмаса, у бамисоли алжираш даражасида бўлади. Шу каби афъоллардан мақсад ҳосил бўлмайди, зеро қойим бўлишдан мақсад хизматдир. Рукуъ ва сужуд – итоат ва таъзимдир. Намозда қалб ҳозир бўлмаса, мақсад ҳосил бўлмайди. Агар феъл ўз мақсадидан ташқарига чиқса, унинг эътиборсиз сурати қолади, холос. Улуғ Аллоҳ марҳамат қилиб айтади: «Қурбонликнинг гўшт ва қонлари асло Аллоҳга етмайди, лекин сизлардан бўлган тақво Аллоҳга мақбулдир» (Ҳаж сураси, 37-оят). Бу ерда мақсад Аллоҳга ҳақиқий етишувчи – бу қалбдаги васф сифатки, ҳатто бу билан қалб талаб этилган амрларга имтисол этади, бўйин эгади.
Шулардан бири, аввал айтиб ўтганимиздек, қалбнинг ҳозир бўлишидир. Бунинг биринчи маъноси шундай: қалбни барча икир-чикир ва ташвишлардан фориғ этиш. Бунга ҳиммат билан эришилади, сенга бир иш муҳим бўлса, қалбнинг заруратан шу билан ўз-ўзидан машғул бўлади. Қалбни ҳозир этишдаги бирдан-бир йўл – бу ҳимматни намозга йўллашдир. Ҳимматни қаратишнинг кучли ва заиф бўлиши охиратга бўлган иймон ва дунёни ўткинчи деб билиш қувватига қараб бўлади. Қачонки, қалбингиз намозда ҳозир бўлмаса, бунинг сабаби иймон заифлигида деб билинг. Бас, уни қувватли этишга тиришинг!

Abduqadir Sattarov, [11.02.19 06:04]
Иккинчи маъноси – калом маъносини англаш. Зеро, у қалб ҳозир бўлишидан кейинги ишдир, балки қалб маъносиз лафз билан ҳозир бўлади, шу вақтда қалбни ҳавотирлардан ҳимоя қилиш ва унга сабаб бўладиган моддаларни кесиш орқали маънонинг идрокида зеҳнни сарфлаш лозим бўлади. Агар моддалар ўз вақтида кесиб ташланмаса, ҳавотирлар у моддалардан юз ўгирмайди.
Моддалар зоҳирий ёки ботиний бўлади. Зоҳирий моддаларга эшитиш ва кўришни машғул этадиган ҳолатлар киради. Ботиний – ички моддалар қалбга қаттиқ таъсир кўрсатади, бунинг мисоли дунё водийларида тарқалиб кетган инсон ғам-ташвишлари кабидир, зеро унинг фикри бир ерда жам бўла олмайди, кўзини юмса ҳам, фойдаси йўқ, чунки қалбдаги нарса унинг доимо машғул бўлишига кифоя этади. Бунинг иложи шундай: агар зоҳирий моддалар бўлса, масалан, эшитиш ва кўриш аъзоларини банд этаётган нарсаларни қирқиш (йўқ қилиш), қиблага яқин туриш. Лекин шариат ногоҳ бўлиб қоладиган ғафлатни кечиради, зеро намоз бошида қалбнинг ҳозир бўлиши намоз ниҳоясига кифоя этади.
Намоз тўғри адо этилишида лозим бўлган маънолар кўп. Бу саждагоҳга назар ташлаш, турли-туман нақшлар солинган жойнамозларда намоз ўқишдан эҳтиёт бўлиш, ҳис-туйғуни ҳеч бир нарса банд қилмаслик билан бўлади. Дарҳақиқат, Пайғамбар алайҳиссалом турли белги-нақшлар туширилган кийим билан намоз ўқиган вақтларида, уни ечиб ташладилар ва: «Ҳозир бу кийим намозимдан мени машғул этди», деб айтдилар.
Энди қалбни машғул этадиган нарсалар ботиний, яъни ички моддалар бўлса, бундан қутулиш йўли намозда ўқилаётган оятларга нафсни қаттиқ қаҳр қилиб бошқа нарсалар билан машғул бўлишидан қайтариш билан амалга оширилади ва муолажа этилади. Бу нарса намозга киришдан олдин бажарилиб, барча юмушларни тугатиб, унга тайёргарлик кўради. Қалбини дунёвий машғулотлардан бутунлай бўшатишга тиришади. У охират кунини, азиз ва улуғ Аллоҳ ҳузурида туришлик хатарини ва қиёматдаги даҳшат ва қўрқинчни қалбида яна бир бор янгилайди. Агар унинг фикру-зикрлари бу тарзда бўлмаса, билсинки, у хоҳлаган ва истаган нарсалари тўғрисида ўй-фикр юритган бўлади. У нафс истакларини тарк қилиб, унга сабаб бўладиган барча алоқаларни кесиб ташласин.
Билингки, қалбда бир иллат маҳкам ўрнашиб олган бўлса, унга қарши кучли даво қилиш билан қалб муолажа этилади. Агар қалб иллати зўрайиб кетса, у намозхонни ўзига жалб этади, ҳатто намоз тортишув натижасида қазо бўлади. Бунинг мисоли бир кишининг дарахт остида фикрини тўплашни истаган одамга ўхшайди. Дарахт устидаги чумчуқлар овози унга ташвиш солади, у эса қўлидаги ёғоч билан уларни учириб юборади. Фикри энди бир нарсага жам бўлар-бўлмас, чумчуқлар яна қайтиб келиб чуғурлашни бошлайди. Унга: «Бу қушлар ҳеч тинчимайди, агар чумчуқлардан халос бўлишни истасанг, дарахтни кесиб ташла», деб айтилади. Шу каби шаҳват дарахти ўсиб-улғайса ва шохлари ҳар томон чўзилса, дарахтга интилган чумчуқлар ва ифлосликка йиғилган пашшалар каби шаҳватга ҳам турли фикрлар жазб бўлиб келади. Алалхусус, нафис умр бу иллатдан халос бўла олмай, ўтади-кетади, сўнг оҳ-воҳ, дейди.
Мана шундай фикрларни туғдирадиган мазкур шаҳватнинг асосий сабаби – дунёни севиш ва унга қаттиқ ружу қўйишдир. Омр ибн Абду Қайсдан: «Намозда дунё ишларидан бирон-бир нарса кўнглингизга келадими?» деб сўрашди. У зот жавобан: «Намозда кўнглимга бир нарса келиши найзалар жасадимга кириб-чиқишидан ҳам менга яхшироқдир», деб айтдилар. 
Билинг! Дунё муҳаббатини қалбдан юлиб ташлаш жуда оғир, уни бутунлай йўқ этиш анча қийин. Имкон борича булардан халос бўлишга саъй-ҳаракат этинг! Аллоҳ муваффақият ва ёрдам берувчидир.
Учинчиси – Аллоҳга таъзим этиш ва ҳайбатини ҳис этиш. Бу икки нарсада ўз ифодасини топади: улуғ Аллоҳ жалолатини ва азаматини билиш ҳамда нафс тубанлигини билиш. Уни (яъни, нафсни) қул қилиб бўйсундириш лозим. Бу икки нарсани билишдан вужудга келади: бўйин эгиш ва таъзим-тавозуъ.
Яна шулардан бири ражо – умид бўлиб, у хавф устига зиёда қилинади. Қанчалаб одам подшоҳни улуғлайди, чунончи яхшилигини умид қилиб турганларидек, зулмининг хавфи ҳам уларни қўрқитиб туради.

Abduqadir Sattarov, [11.02.19 06:04]
Намозхон ўқиган намози савобидан умидвор бўлиши ва агар адо этмаса, азоб-уқубатда қолишдан хавф этиши лозим. У намозга тааллуқли барча нарсаларда қалбини ҳозирлаши керак. Агар муаззиннинг азонини эшитса, унга бу нидо қиёматни эслатади ва дарҳол унга инқиёд – бўйсуниб ўрнидан туради ва мазкур чақирувга мувофиқ иш тутишга енг шимаради. Бу вақтда унга нима вожиб бўлади? Қандай ҳолатда намозга ҳозир бўлади? Агар у авратини беркитса, билингки, бундан мурод у халойиқдан бадани айбларини беркитади, бас, у ботини – ички авратларининг Яратгандан бошқа ҳеч ким огоҳ бўла олмайдиган асрорлари, айбларини эсга олсин. Бу сирларни Аллоҳдан ҳеч нарса беркита олмайди. Бу айбларни фақат надомат, ҳаё ва хавф ювиши мумкин.
Энди у қиблага қараб истиқбол этса, юзини бошқа барча томонлардан қайтариб, фақат Аллоҳнинг Байти томон юзлантирган бўлади. Қалбини улуғ Аллоҳга қаратиши бундан ҳам аъло. Чунончи, у бошқа тарафларга юзланмай, фақат Байтуллоҳ томон қарагандай, қалбининг ҳам Аллоҳ таолога юзланиши Ўзидан бошқа барча нарсалардан юз ўгирганда ҳосил бўлади.
Эй намозхон! «Аллоҳу акбар», деб такбир айтган вақтингизда қалбингиз тилингизни асло ёлғонга чиқармасин. Агар юрагингизда Аллоҳдан ҳам улуғ нарса бўлса, бас, сиз ёлғончи – каззобсиз. Сиз ўзингиздаги орзу-истакнинг Аллоҳ тоатидан ҳам каттароқ ва улуғроқ, деган далил билан уни муқаддам билишдан эҳтиёт бўлинг!
Агар сиз: «Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим», яъни «Шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ тилайман», деб айтсангиз, (тайёргарлик кўрсангиз), билингки, бу шайтондан паноҳ тилаш – Аллоҳ ҳузурига келишдир.
Агар сиз қалбингиз билан ўрин олмасангиз, сўзингиз бефойда. Ўқиганларингизнинг маъносини фаҳмлайсиз. «Алҳамду лиллаҳи Роббил оламин», деган ояти каримани ўқиганингизда қалбингиз билан фаҳмлашга ҳозир бўлинг. «Ар-роҳманир роҳим» сўзини тиловат этганингизда Аллоҳ лутфини талаб этинг. «Малики явмиддин», деб тиловат этганингизда Аллоҳни улуғлаб ёд этинг! Ҳамма ўқийдиган оятларингизни шу каби давом эттиринг!
Зарара ибн Абу Авф розийаллоҳу анҳудан ривоят этиладики, ул зот намозларида Аллоҳ таолонинг «Агар сурнайга пуфланса, яъни сурнай чалиб қиёмат эълон этилса…» (Мудассир сураси, 8-оят), деган сўзини эшитиб, йиқилиб жон таслим этгандилар. Бу жонни фидо этиш аъло бўлган бир ҳолат суратидир. 
Рукуъга борган вақтингизда тавозеъли бўлишни иста! Саждага бориш зиёда заифликдир, зеро сиз нафсингизни ўз ўрнига қўйдингиз. Ўзингиз яратилган тупроққа сажда этиш билан фарэни аслига қайтардингиз. Сиз завқ-шавқ билан зикрлар маъносини фаҳм этасиз.
Англанг! Намозни мана шу ботиний шартлар билан адо этишлик қалбни зангдан жилоланишига сабаб бўлади. Унда маъбуднинг азаматлиги товланадиган нурлар ҳосил бўлади. Унинг сир-асрорларидан огоҳ бўласиз. Бунга фақат олимларнинг ақллари етади, холос.
Аммо кимки намознинг суратини ўзгача маънода қоим этса, адо қилса, бас, у ҳар нарсадан бехабар, балки уни инкор этади.
"Минҳожул қосидийн" китобидан

Комментариев нет:

Отправить комментарий