ИХЛОС ВА ШИЖОАТ
Китобингизни ўқидим
Устоз Абдулла Қаҳҳорнинг “Адабиёт – ҳунар, уни касбга айлантириб олганларнинг олмага тушган қуртдан фарқи йўқ” деганида гап кўп экан.
Ғашингиз келмасин, бугунги суҳбатимиз карахтланиб ётган адабий танқид тепасида ғоз туриб, “қалайсан энди” дея қошини кераётган талантсиз, бефаросат ва беюз чоршанбилару бинафшахонимлар ҳақида ҳам, уларнинг алжирашларини “адабий асар” дея оммага тақдим этиш камида уятли иш эканини
умрининг охирига қадар англаб етмаслик бахти насиб этган дидсиз ноширлар тўғрисида ҳам эмас. Адиб фикрини шунинг учун ҳам эслаяпмизки,
чинакам ҳунарманд бирор янги нарса яратмоққа азм этар экан, ўзини бу иш билан худди биринчи бор тўқнаш келаётгандек ҳис қилиши, кеча орттирган тажрибасидан бугунги ишида айтарли фойдаланмаслиги яратилажак нарсанинг жозибасини, оҳори – оригиналлигини таъминлашда асосий омил бўлади. Агар гап дунё миқёсида ҳар куни минглаб, балки миллионлаб сонда ёзиладиган шеър ҳақида борса, инчунун.
Шу нуқтаи назардан қараганда, даври, тили ва эътиқоди, миллати ё ирқидан қатъи назар, ҳаммага ато этилган КЎНГИЛга изҳор тили топиш, уни шунчаки тўкиб солиш эмас, ўзга кўнгилга малол келмайдиган, унга худди қақроқ ерга томган сув сингари сингиб кетадиган табиий малҳам тарзида баён этиш қанчалар мушкул. Қолаверса, шеър ёзила бошлаган ибтидодан то ҳозирга қадар баён этилмаган туйғунинг ўзи ҳам, унинг ишлатилмаган иншо усули ҳам деярли қолмагандек. Лекин, шуниси мўъжизаки, истеъдодли ижодкор буларнинг барини қайта ва қайта кашф этаверади, ҳар сафар унинг изҳори кутилмаган янгилик сифатида тан олинаверади. Бу ҳунарнинг ўзгармас талаб-қоидасини эса Ҳенриҳ Ҳейне шундай таърифлаган эди:
Ҳамма эснаб турди, қулоқ солмади,
Қайғумни гапириб берган вақтимда.
Мени алқамаган киши қолмади,
Қайғумни назмга терган вақтимда...
(Чўлпон таржимаси)
Вақтли матбуотда, кўплаб тўпламларда чоп этилаётган сонсиз-саноқсиз тизмалар орасида санъат юқи бор мисра учраб қолса, шеър қадрини биладиган ўқувчи қанчалар суюнади. Шу маънода шоира Хуршиданинг “Самойинур” дея чиройли ном берилган сайланмасига кирган қатор гўзал шеърлар адабиёт аҳлини мамнун қилмаслиги мумкин эмас.
Ўрни келганда шуни таъкидламоқ керакки, у ёхуд бу ижодкорнинг дарду дунёси, изҳор усули, мақсад- муддаоси тўғрисида кенгроқ, яхлитроқ тасаввур ҳосил қилиш учун бундай тўпламлар ниҳоятда асқотади. Чунки шоирнинг жорий матбуотда чиққан, бир сафар кўриб, бошқа сафар қўлимизга етиб келмаган ижод намуналари, ҳар қанча уринманг, ўша тасаввурни яхлитлаб беролмайди. Бошқача айтганда, “Самойинур” тўплами муаллифининг қалб биографиясини нисбатан тўла акс эттириши билан ҳам эътиборлидир.
Шоира бундан ўн йил аввал мўъжизакор Баҳорга шундай илтижо қилган экан:
Баҳор!
Ўргат менга оҳиста,
кулиб,
қаро ерга алвон либос бичмоқни,
нозик ниҳолларнинг савалаган сел
сувларин меҳр ила ичмоқни!..
Баҳор!
Сен йилдан йил яшнайвер, эркам.
Мен – очилмай сўлган гулнинг
дарбадар,
сенга ўхшолмаган байтларига ҳам
ҳаёт бахш этиб тур ҳар сафар!..
Шоирадаги мана шу – ўзидан қониқмасликдек муҳим ижодий ҳис йиллар оша уни бедор тутди, шеър ёзиш – сўзлардан оҳангли матн тўқиш касби эмас, балки ҳаёт аталмиш ширин ва беҳад шафқатсиз реаллик сирини англаб бораётган безовта кўнгил тилини таржима қилиб бериш санъати эканини эслатиб турди.
Мен жой ахтариб юрибман,
Халқим, сенинг юрагинг аро.
Бир тайинли сўз айтолмадим,
Афсус, шеърим йўқ бирор сара.
Ҳолбуки, шоира ўзи танлаган ижодий йўлда талайгина сара шеърлар топди, устозу тенгдошлари ичида ўз овози билан танилишга эришди. Шуниси муҳимки, Хуршида ўзи безовта бўлмагунча шеърхонни ҳам безовта қилмасликка кўниккан шоира. Бугунги кун меъёрлари билан гапирадиган бўлсак, ундан ҳам қўшиқ учун шеър ёзиб беришини сўраб келадиган санъаткору ҳаваскор оз эмасдир. Бироқ у оммага танилишнинг бу осон йўлидан эмас, топган зарини фақат заргарга илиниш-ишониш йўлидан боришни афзал билмоқда. Унинг битганларини ўқиб ҳис қилиш ўқувчидан муайян тайёргарликни, ҳатто руҳий тадорикни талаб қилишининг сабаби ҳам мана шунда, бизнингча. Жумладан, 2001 йилда битилган “Дунё” шеърида акс этган мудом кемтик тирикликнинг оригинал бадиий идроки, лирик қаҳрамон туртина-суртина етиб келган мана бу аччиқ хулосалар, худди шу дунёни аксарият қирмизи рангларда кўришга мойил кишилар учун бор йўғи қуруқ ҳасрат бўлиб эшитилса, ҳайрон бўлмаслик керак:
Оҳуларнинг маъсум кўзларида ёш,
Қумурсқалар йўлин ёритар қуёш,
Бегуноҳ оққушлар кўтаролмас бош,
Берган зийнатидан тонар дунё бу...
...Ўтинчим: байтларим ботмасин дилга,
Талх уммон ҳаёт бахш этолмас гулга,
Мусича дарс берса не тонг, булбулга,
Дилозорни қувиб толар дунё бу,
Фақат сўзни асраб қолар дунё бу!..
Инсон руҳиятининг билимдони Зигмунд Фрейд кузатишича, отасининг вафот санаси эркак киши ҳаётида муҳим ўзгаришларга йўл очадиган палла ҳисобланади. Киши, неча ёшга етганидан қатъи назар, шу ҳодисага қадар ўзини мудом боладек, ёшдек, кимнингдир етови, қарамоғидаги одамдек ҳис қилади. У ташқи кўринишидаги барча ўзгаришлар, ўзгалар нигоҳига бўртиб кўринаётган эркаклик сиёқига қарамасдан, ўз ичида, ўз қарашида ҳамон ёшлигича – ғўрлигича қолаверади. Шунга кўра, ҳаёт сўровларига жавоб бериш, тирикчилик оғирлигини тўла-тўкис гарданга олиш масъулиятини, ҳар қанча ўзи истамасин, мукаммал ҳис қила олмайди. Отанинг ўлими эса уни бирданига, жуда тез каттаришига, чинакам эркакликка етишувига сабаб бўлади. Энди у тўла-тўкис мустақилликни, эркинликни, ўй ва ҳаракатларида фақат ва фақат ўзига ишонишдек масъулиятни ҳис қилади. Шу даврдан бошлаб унда болалик ҳисси батамом сўниб, оталик туйғуси тўлақонли кучга киради... Бу эркакларда кечадиган ҳолат.
Хўш, отасидан айрилиш қизларда, аёлларда қандай ҳис-туйғуларни қўзғайди, улар руҳиятида, дунёқарашида не ўзгариш-эврилишлар содир этади? Бу борада атрофлича илмий хулосалар чиқаришни руҳшунослар ихтиёрига қолдириб, биз қалби ҳар кимникидан сезгирроқ шоиралар, жумладан, Хуршида кўнглига оғир қанот-ла қўнган дардлар залворини кузатамиз:
Отамнинг бор умри сабрга кетди,
Меҳнату риёзат – жабрга кетди.
Фароғат чироғин, ҳидоят нурин
Ахтариб, қоронғу қабрга кетди...
Албатта, ота-она, ака-ука ва бошқа яқинлардан айрилиш мутлақо шахсий, қондошлик характерига эга ҳодисалар бўлиб, улар тўғрисидаги шеър ва ҳикоялар, юзаки қараганда, ҳаммамиздан кўра таъсирчанроқ сажия эгаси сифатида, бу шахсий кўргуликлар баён-изҳорига шундай оҳанг топадики, бу оҳанглар қай биримизнинг унутилаёзган дардларимизни қайта қўзғотса, бошқа биримизни ғам-қайғуга кенгроқ қараш, ундан-да сабоқ олиш ва шу орқали пича юпанишга ўргатади:
Дада,
тупроқларнинг бағрида ҳаёт
осуда эканми, йўқмикан армон?..
Ҳажру фироқлардан фақат одамзод
тирикликда чекар эканми афғон?
Хуршида шеърларига сезиларли самимият, ростлик ва оҳор бағишлаб турган яна бир жиҳат лирик қаҳрамонга хос бўлган бағрикенглик, ўзининг излай-излай топганларини ўзгаларга ихлос-ла илинишдек кўнгли очиқлик физилатидир. Боя айтилганидек, бу шеърларга таъсирсиз китобийлик ҳам, ғашга тегадиган декларативлик ҳам, аёлларга-да ярашмайдиган чучмал тантиқлик ҳам мутлақо ёт. Айрим шоира қизларимизда учрайдиган, умрида кўрмагани (демакки, қудратини заррача ҳис қилмагани!) – “денгиз мавжларида қулоч отиб, ўзни унутгим келди” тахлит ясама пафослардан узоқлик – қалби миллий заминдан узилмаган ижодкорнинг яна бир умидли сифатидир:
Бахтнинг рангларини кўра бошладим,
Бири ойда экан, бири қуёшда!
Кулгу жарангини илғаб оляпман,
Гоҳо сойдан келса, гоҳида тошдан!..
...Бахт рангин энди сал англаяпман-у,
Ўзимдек зорларга келар ўргатгим!
“Сайланма”дан шоиранинг аруз вазнидаги ижодий изланишлари ҳам муносиб, ҳақли ўрин олган. Чунки булар шунчаки уриниш, ҳаваскорлик машқлари бўлмай, мумтоз вазн табиати, стихияси шоирага бегона эмаслигини, ҳатто бармоқдан-да яқинроқ, ўнғайроқ, “қуш тилини қуш билади” сингари қадрдонроқ эканини қўрсатади. Жумладан, унинг Навоий, Фузулий, Бобур, Ҳувайдо, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов ғазалларига боғлаган мухаммаслари шоиранинг нафақат ўзи ихлос қўйган устозлар дарду дунёсини, бадиият оламини теран англаши ва ҳис қилишидан, балки улуғларга эргашиш, эргашганда ҳам фақат мухлислик иштиёқи билан эмас, улар йўлини ихлос-ла давом эттиришдек бегидир шижоатидан дарак беради. Бу хулосага келишимизга асос бўладиган кўплаб мисоллар орасидан Эркин Воҳидовнинг “Тун билан йиғлабди булбул” ғазалига боғланган мухаммасидан айрим бандларни келтириш билан чекланамиз:
Чин муҳаббат йўқ деманг, ошиқ юраклар ори бор,
Гарчи ғамдан порадир, этмас вале сиррин нисор,
Лайли, Ширинлар бугун сабр элида жим, барқарор,
Севги саҳросида қолмиш неча Мажнундан ғубор,
Неча Фарҳод гарди ётгай Бистуннинг тоғида...
...Гар насиб ўлмас юзинг, бердим дилимни қайданам,
Тафтини олганда ер, тингайми титроқдин танам?
Ҳар кеча Хуршида ишқ уммонида – кўзида нам,
Ғунчадек чеҳрангга Эркин, жон фидо этгай санам,
Қатра қонидан гул унсин то муҳаббат боғида.
... Аслида бундай мақолаларнинг бир қисми муаллиф ижодидаги муайян камчиликлар, унинг таҳлил этилаётган тўпламига кирган баъзи шеърлар танқидига ажратилиши лозимлигини унутганимиз йўқ, албатта. Бироқ, “Самойинур” китобидан “Тафтини олганда ер, тингайми титроқдин танам?” сингари талай нодир мисраларни топамизки, қуввати шундай мисралар яратишга етадиган шоира қалами унча-мунча нуқсонларни ўзи таҳрир этишга қодирлигига ишонамиз.
Раҳмон ҚЎЧҚОР,
филология фанлари номзоди, доцент
Комментариев нет:
Отправить комментарий