ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 5 мая 2018 г.

Савол_жавоблар



Савол_жавоблар
1⃣ савол. Намозда кўз ёши тўкиш таҳорат ва намозни бузадими?
2⃣ савол. Етим деб кимни айтилади? Унга қандай шаръий имтиёзлар бор?
3⃣ савол. Кафан ҳақида маълумот ёзинг.
4⃣ савол. Тақво сўзининг моҳиятини тушунтиринг.
5⃣ савол. Маҳрнинг энг оз миқдорига ҳадисдан энг кўп миқдорига оятдан далил келтиринг.
👇👇👇
1⃣ жавоб. Охират ишидан бошқа сабаб ила овозли йиғи намозни бузади. Агар охират учун намоз ичида овоз чиқариб йиғланса, намоз бузилмайди. Бунинг далили қуйидагича:Муторрифдан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу

алайҳи васалламнинг намоз ўқиётганларини кўрдим. Кўксиларидаги йиғидан тегирмоннинг ёки қозоннинг овозига ўхшаш овоз чиқиб турар эди».Икковини «Сунан» эгалари ривоят қилишган.Мусийбат туфайли овоз чиқариб йиғласа, намози бузилади. Таҳароти бузилмайди.

2⃣ жавоб. Араб тилида «етим» деб отаси вафот этган вояга етмаган болага айтилади. Вояга етиб, балоғат ёшига кирса, етимликдан чиқади.

Етим одатда ожиз ва заиф шахс бўлади. Етимни хорловчи, унга зулм қилувчи, ҳаққини поймол қилувчи шахсни ҳақиқий диндор деб бўлмайди.
Етимларга ёрдам бериш ниҳоятда савобли иш. Етимларга овқат, кийим-кечак, таълим ва тарбия бериш ўзига тўқларнинг зиммасидаги бурчдир. Шундай қилинса, етим жамият учун фойдали шахс бўлиб етишади.
Агар унга бепарво қаралса, камситилса, разолат ва жиноят кўчасига кириб, ўзи яшаётган жамиятга фақат зарар келтирувчи шахсга айланади. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида айтади: «Албатта, етимларнинг молини зулм ила еганлар, қоринларида оловни еган бўлурлар. Ва, шубҳасиз, дўзахга кирурлар», (10-оят). Аллоҳ таоло «Анъом» сурасида айтади: «Етимнинг молига то вояга етгунча яқинлашманг. Магар яхши йўл билан бўлса, майли»ф (152-оят).

3⃣ жавоб. Маййит ювилгандан кейин уни кафанлаш фарзи кифоя амаллардандир. Суннатга кўра, эркак кишига уч қават кафан бичилади:

Изор (иштон) – узунлиги маййит бошининг тепа қисмидан оёқларининг остигача.
Қамис (кўйлак) – бўйнидан оёқларигача.
Лифофа (чойшаб) – узунлиги изор узунлигичадир.
Баъзи фуқаҳолар, марҳум олим кишилардан бўлса, унга салла ҳам кийдириб қўйилгани яхши, яъни мустаҳаб, деганлар. Бунда салланинг печи юз томонига тушириб кийдирилади. Изор билан лифофанинг ўзи ҳам кафанликка кифоя қилади. Аёл кишига ҳам, суннатга кўра, уч қават (изор, қамис, лифофа) кафан бичилади. Фақат унга химор (рўмол) ва кўкрагидан сонларигача етадиган хирқа (қийиқ) қўшилади. Аёл кишига изор, лифофа, химорнинг ўзи ҳам кифоя қилади. Фақат зарурат ҳолатлардагина эркакка бир қават, аёлга икки қават кафан бичиш мумкин.

4⃣ жавоб. Тақво сўзи арабча сўз бўлиб وَقْياً، وِقَايَةً ўзагидан олинган. Унинг луғавий маъноси сақлаш ёки сақланиш, тиймоқ ёки тийилмоқ дегани. Тақво сўзининг луғавий маъноси унинг истилоҳдаги поғоналарида акс эттирилади.
Истилоҳда эса «Тақво» уч поғонага эгадир:
Тақвонинг биринчи поғонаси: Шариати исломияда айтилган барча вожиб амалларни бажариб, ҳаром қилинган ҳамма амаллардан сақланиш ёки нафсни улардан сақлашдан иборат. Бошқа таъбир билан айтганда, Шариати исломиядаги барча вожиб амалларни бажариб, ҳаром қилинган ҳамма амаллардан тийилиш дегани. Тақвонинг бу поғонасига эга бўлиш ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги вазифадир. Жума намозида мусулмонларни тақволи бўлишга тавсия қилганда, тақвонинг мана шу биринчи даражасига эга бўлишга чақирилади.

Тақвонинг иккинчи поғонаси: Шариати исломияда айтилган мустаҳаб амалларни имкон қадар бажариб, макруҳ қилинган амаллардан сақланиш ёки тийилишдир. Тақвонинг бу поғонаси Аллоҳ таоло йўлида бел боғлаган хос инсонларга тегишлидир ва оддий инсонлардан тақвонинг бу поғонасига эга бўлиш талаб қилинмаган. Тақвонинг бу икки поғонаси шариат ҳудудидан ташқарига чиқмай, фақат унинг доирасида амалга оширилади.

Тақвонинг учинчи поғонаси: Нафақат вожиб ва мустаҳаб амалларни бажариб, ҳаром ва макруҳ амаллардан сақланиш керак, балки инсонни Аллоҳ таолодан чалғитадиган барча нарсалардан сақланиш вожиб бўлади. Тақвонинг бу поғонаси сайри-сулук аҳлига, яъни ирфоний тариқат билан Аллоҳ таоло сари ҳаракатланувчи инсонларга хос бўлиб, уларнинг мақсади Ҳақ таоло бўлгани учун, Аллоҳдан ўзгага эътибор қаратишлари гуноҳ ҳисобланади ва бу ишдан тавба этишлари лозим бўлади.
👇👇👇

5⃣ жавоб. Маҳрнинг кўпи чегараланмаган ва уни чегаралашга бировнинг ҳаққи ҳам йўқ бўлган. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида қуйидагича марҳамат қилади:«Ва уларнинг бирига ҳаддан зиёд маҳр берган бўлсангиз ҳам, ундан ҳеч нарсани қайтариб олманг!» (20-оят)
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида маҳрнинг энг ками ўн дирҳам ёки унинг қийматидир. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўн дирҳамдан камида маҳр йўқ”, деганлар (Дорақутний ривояти).

🌸🌴🌸🌴🌸🌴🌸🌴🌸🌴🌸

Комментариев нет:

Отправить комментарий