ЖУМА ОДОБЛАРИ
"Жумъа" сўзи арабча бўлиб, "жамлаш" деган маънони англатади. Чунки
бу кунда мусулмонлар жамланиб, жума намозини ўқийдилар. Жума куни инсоният
тариҳида ўта муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган. Буларни эслаш, улуғлаш, улуғ неъмат
деб билиш учун ҳам бу кун байрам қилинади, тўпланиб ибодат, дуо, зикр ва илтижолар
адо этилади.
Аллоҳ таоло Жумъа
сурасида марҳамат қилади:
"Эй иймон
келтиргнлар! Жума куни, намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг
ва савдони
қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир" (9-оят).
Бу ояти каримада жума
намозининг фарзлигини таъқидлаб келгандир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Қуёш чиққан кунинг энг яхшиси жума кунидир. Унда Одам
халқ қилинди. Унда у жаннатга киритилди. Унда у жаннатдан чиқарилди. Қиёмат ҳам
фақат жума куни қоим бўлур", дедилар".
Муслим, Абу Довуд,
Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
Абу Довуд
қуйидагиларни зиёда қилган:
"Унда унинг (Одамнинг) тавбаси қабул қилинди. Унда у
вафот қилди. Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан
то қуёш чиққунча(қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс
бундан мустасно".
Ҳафта кунларнинг
улуғи, мискинларнинг ҳажи бўлмиш жума кунининг одоблари, жумладан,
қуйидагилардан иборат:
• Жумага тайёрланиш олдиндан, пайшанба кунидан бошланади.
Покиза киймлар ва
сепиладиган хушбўйликлар тайёрланади. Қалб дунё ташвишлардан фориғ қилиниб,
зикр ва ибодатга ҳозирланади. Жума кечаси (яъни пайшанба кунги кечада) зикр,
тиловат, тавба ва истиғфорлар қилиниб, нафл намозлар адо этилади.
• Жума куни ният билан ғусл қилинади.
Ҳафса розияллоҳу
анҳодан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ҳар бир эҳтилом бўлувчига жумага бориш лозимдир. Ҳар
бир жумага борувчига ғусл лозимдир", дедилар".
Абу Довуд ва Насаий
ривоят қилганлар.
• Жумага борувчи ҳар бир киши ғусл қилиб бориши лозим.
Чунки кўпчилик
жамланадиган, бирга ваъз-насиҳат эшитиб, намоз ўқийдиган жойга ҳамма ғусл
қилиб-покланиб бормаса, турли ҳидлар тарқаб, гохуш юзага келади.
• Жума учун умумий шахсий озодалик ишлари ўрнига қўйилади.
Соч олдирилади,
тирноқлар қисқартирилади, хушбўйликлар сепилади ёки суртилади ва энг яхши, тоза
киймлар кийилади.
Салмон Форсий
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким жума куни ғусл қилиб, иложи борича покланиб, ўз
мойидан, уйидаги хушбўйлардан суртиб, сўнгра чиқиб, икки кишининг орасини ёрмай
(жой топиб) ўзига битилган намозни ўқиса ва имом гапирганда жим туриб қулоқ
солса, албатта, унинг ўтган жумадан бунисигача бўлган нарсалари мағфират
қилинади", дедилар".
Бухорий ва Муслим
ривоят қилганлар.
• Жумага эртароқ, сокинлик ва виқор билан, тавозе ва хушуъ
билан, Аллоҳ таолонинг амрини адо этиш ниятида, мағфирати ва розилигига эришиш
орзусида борилади.
Авс ибн Авс
ас-Сақафий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
" Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Ким жума куни жимоъ қилса ва ғусл қилса, сўнгра эрта
борса, (улов) минмай, пиёда юрса, имомга яқинроқ ўтирса ва тингласа, беҳуда
(ҳаракат) қилмаса, унинг ҳар бир қадамига бир йилнинг амали берилур, унинг
рўзаси ва бедорлиги ажри берилур", дедилар".
"Сунан"
эгалари ривоят қилганлар.
• Жума намозига борган шахс масжидга одоб билан киради.
Ўтирган одамларнинг елкасини туртмайди, олдиларидан ўтмайди,
қаерда бўш жой топса, ўша ерга жойлашади. Имкони борича маърузачига яқинроқ
бўлишга ҳаракат қилади.
• Жим ўтириб маърузачига қулоқ тутади. Маърузани диққат
билан эшитиб, ундан ибрат ва фойда олишга ҳаракат қилади. Ҳеч ким билан
гаплашмайди.
Абу Ҳурайра
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Жума куни имом хутба қилаётганида, ўз шеригингга
"Жим тур!" десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан",
дедилар".
Бухорий, Муслим, Абу
Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
• Маъруза бўлаётганда қўлларни қимирлатиш, тасбеҳни ўйнаш,
жойнамозни тўғрилаш каби ҳаракатларни қилиш мумкин эмас.
• Маъруза бўлаётганда ҳадеб қимирлаш, оёқларни қучоқлаб
ўтириш, эснаш каби ҳолатларга йўл қўймаслик керак.
• Жуманинг фарзидан олдин ва кейин тўрт ракъатдан суннат
намози ўқилади.
• Жума куни ният билан Каҳф сурасини тиловат қилишга
одатланиш керак.
Ҳофиз Абу Бакр ибн
Мурдвайҳ Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким "Каҳф" сурасини жума куни
ўқиса, қиёмат куни унинг қадами остидан нур чиқиб, осмону фалакни ёритади ва
унинг икки жума орасидаги хатолари кечирилади", деганлар.
• Жума куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат
айтиш кўпайтирилади.
• Жума куни илм мажлисларида ҳозир бўлиш ҳам жуда фазилатли
амалдир.
• Жума куни Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш, турли нафл
ибодатларни адо этиш ва савобли ишларни қилиш яхшидир.
• Жума куни дуо қабул бўладиган вақт борлигини унутмай, ўша
соатда кўпроқ дуода бўлишга ҳаракат қилиш лозим.
Бунинг учун дуони
кўпайтириш керак. Ушбу соат ва унинг пайти ҳақида ҳам турли мулоҳазалар бор.
Баъзилар бу соат олтмиш дақиқа вақтни ўз ичига олган табиий соатдир, дейдилар.
Бошқалар эса, уларга хилоф равишда, бу соатдан мурод озроқ вақтдир, дейишади.
Ўша соатда қайси бир мусулмон намоз ўқиб, дуо қилиб турган бўлса, Аллоҳ таоло
ўша банданинг сўраган нарсасини албатта беради. Шунинг учун жума куни доимо
ибодат ва дуо билан машғул бўлиш керак.
Абу Ҳурайра
розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи васаллам жума кунини зикр қилдилар ва:
"Унда бир соат бор, қай бир мусулмон банда ўша соатда
туриб, намоз ўқиса-ю, Аллоҳдан бирор нарса сўраган ҳолида тўғри келса ,
албатта, У Зот унга ўшани бергай", дедилар ва қўллари билан ўша(соат)ни
озайтириб кўрсатдилар".
Бухорий, Муслим,
Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.
• Жума намози ўқиб бўлингунча сафарга чиқиш макруҳдир.
• Жума куни ёлғиз ўша куннинг рўзасини тутиш макруҳдир.
Комментариев нет:
Отправить комментарий