ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 9 мая 2018 г.

9 Май. Ҳақиқат ва уйдирмалар

9 Май. Ҳақиқат ва уйдирмалар
18:40 / 09.05.2018
41832
Тарихчи Анвар Назир Иккинчи жаҳон уруши, Ғалаба куни ва СССР тарихига оид халқ орасида тарқалган ёлғонларни санаб ўтди.
1. Иккинчи жаҳон уруши 1941 йили бошланган ва уни Германия бошлаганми?
Аслида Иккинчи жаҳон урушининг бошланишида СССРнинг ҳам иштироки бор. 1939 йилнинг 23 августида СССР билан Германия ўртасида 10 йил муддатга ҳужум қилмаслик тўғрисида шартнома имзоланганди. Бу шартноманинг махфий қўшимча аҳдномасига мувофиқ, Германия ва СССР Шарқий Европада ўз таъсир
доираларини бўлиб олиши кўзда тутилганди. Ҳар икки мамлакат манфаатлари, аввало Польша давлати билан боғлиқ эди. Совет томони Ғарбий Украина, Ғарбий Беларусь ва Бессарабия (1921 йилда бой берилган) ҳудудларини қайтариб олмоқчи эди.
1939 йилнинг 1 сентябрида Германия Польшага бостириб кирди ва Иккинчи жаҳон урушини бошлаб берди. 3 сентябрда Англия ва Франция Германияга қарши уруш эълон қилди. СССР 1939 йилнинг 17 сентябрида Польша ҳудудига қўшин киритди. Кўп ўтмай Брестда немис қўмондони Т. Гудериан ва совет генерали С. М. Кривошеий қўмондонлигида Польшанинг бўлиб олиниши муносабати билан қўшма совет-герман паради ўтказилди.
Фото: zurnalist.io.ua
РККА (Рабоче-крестьянская Красная армия) ва Германиянинг Вермахти биргаликда Польшани бўлиб олишди. Ҳозирги Беларусь ҳудудидаги Брест шаҳрини Гитлер 1939 йили Сталинга поляклардан куч билан тортиб олиб берганди ва 1945 йилдан сўнг ҳам Шарқий Европанинг харитаси ўзгармай қолди.
СССР бу урушдан манфаатдор эди: Иккинчи жаҳон уруши советлар давлати учун ўз ҳудудларини кенгайтиришда зарур эди ва Гитлер ҳам шундай мақсадни ўз олдига қўйганди - шу босқинчилик сиёсати Сталин билан Гитлерни бирлаштирди.
1939 йил ноябридан 1940 йил мартигача СССР ва Финляндия ўртасида уруш бўлиб ўтди. Бу уруш натижасида СССР Финляндиянинг бир қатор ҳудудларини тортиб олиб, шимоли-ғарбий чегараларини мустаҳкамлаб олди, бугунги Санкт-Петербург шаҳри яқинидаги Виборг шаҳри, Финляндияга ёндош жойлашган Карелия республикаси айнан шу уруш давомида эгалланган.
1940 йил ёзида шу урушдан фойдаланиб СССР расмий талаб билан билан Руминияни Бессарабия ва Шимолий Буковинани беришга мажбурлади, бунинг натижасида Молдавия ССР иттифоқ республикаси пайдо бўлди (асли молдован деган миллат йўқ, булар руминлардир). 1940 йилнинг июнида эса Эстония, Латвия, Литва совет қўшинлари томонидан босиб олинди.
Шундай қилиб Иосиф Сталин Адольф Гитлер билан дўстлик ва шерикчилик ҳақидаги шартномаси асосида Европанинг бир қисмини эгаллаб, Иккинчи жаҳон урушига фашист Германиясининг иттифоқчиси сифатида кирди. Фақат 1941 йили Гитлер очкўзлиги оқибатида бу иттифоқни бузиб, СССРга қарши юриш бошлайди.
Шунга қарамай, 1945 йили Гитлер билан 1939 йилги иттифоқчилик натижасида советлар босиб олган ҳудудлар СССР таркибида қолди. Демак, Совет-Герман иттифоқи совет мамлакатининг миқёсини кенгайтирди.
2. Ўзбеклар бу урушга фақат 1941 йилга келиб кирганми?
Фото: HBC
Бу ёлғ​он маълумот. Юқорида келтирилган совет-герман иттифоқи натижасида бошланган босқинчилик урушларда Қизил Армия таркибида ўзбек миллатига мансуб совет аскарлари Польшани, Финландияни, Руминиянинг бир қисмини ва Болтиқ бўйи ҳудудларини босиб олишда қатнашган.Фақат бу «фашизмга қарши кураш» эмас, бу фашист Германияси билан иттифоқда олиб борилган ҳарбий ҳаракатлар эди.
3. Иккинчи жаҳон урушими ёки Улуғ ватан уруши?
«Улуғ ватан уруши» атамаси ҳам аслида тарихда бўлган фактларга зид, тепада келтирилган далиллар кўрсатмоқда, СССР Германия билан иттифоқ тузиб, Европани бўлиб олиш нияти билан, Германиянинг иттифоқчиси сифатида Иккинчи жаҳон урушини бошлаган. Фақат Гитлер Сталинни алдаб, 1941 йилнинг 22 июнь кунида советларга қарши уруш бошлаганида, Сталин 1939 йилги келишувни ёпиш учун, 1939 йилги босқинчилик ҳаракатларини тарихдан ўчириб ташлаш учун, «Улуғ Ватан Уруши» атамасини расман жорий этган. Бу атама 19 аср бошида, 1812 йилда рус-француз уруши даврида ўйлаб топилган эди, ўша урушни айнан шунақа улуғ ватан уруши деб аташган ва бу уруш рус тарихида алоҳида ўринга эга. Сталин буни билиб туриб, атайлаб шу атамани танлаган. Урушдан сўнг совет режими (бугунги Россия ҳам) 1939 йилги воқеаларни тарихдан ўчириб ташлашга ҳаракат қилган ва уруш 1941 йилнинг ёзида бошланганини уқтириб келган. Натижада, ўзбекистонликларда ҳам уруш 1941 йилнинг 22 июнида бошлангани ҳақида хато тасаввурлар пайдо бўлган. Лекин бу тарихда бўлган воқеаларга зиддир.
4. Советлар Амир Темур қабрини очгани учун уруш бошланиб кетганми?
Бу энди энг кулгили уйдирма. Амир Темурнинг қабри ҳақида ва унинг уруш арафасида очилгани атрофида жуда кўп афсоналар ва иғволар юради. Гўёки, «уруш илоҳи» Амир Темурнинг қабрини очишгани Гитлернинг советларга қарши бошлаган ҳужумига сабаб бўлган эмиш. Албатта, бу майда ирим, эски мафкуравий демагогия, Чингизхондан, Атилладан ва Темурдан афсона ясаш билан боғлиқ ёлғон.
Қолаверса, Гитлер СССРга қарши «Барбаросса» режасини 1940 йилиёқ ишлаб чиққ​ан эди. Амир Темурнинг қабри эса Германия учун советларга қарши ҳужум аниқ мақсадга айланганидан сў​нг очилган.
5. Сталин ўзбекларни ҳурмат қилганидан уруш йилларида Москвада Алишер Навоийга бағишлаб тадбир ўтказгани ҳақидаги чўпчак
Бу тарих ҳам аслида бошқача бўлган: Германиянинг СССРга ҳужуми Сталин учун кутилмаган ҳодиса эди. Чунки, 1939 йили Сталин Гитлер билан иттифоқ тузиб, Иккинчи жаҳон урушини бошлаганди. Сталин учун Гитлернинг ҳужуми кутилмаган чақириқ бўлди. У бирозгина аввал, 1937 йилда совет халқлари бир қанча қатағонлар тўлқинларини бошдан кечирганини ўйлаб, улар энди СССР учун жонини беришга тайёрлигига ишона олмаган. Ўшанда Сталин Ленин ва Маркс учун эмас, бошқа миллий мафкура учун халқни урушга кўтариш лозим деган ғояни расман олдинга ташлаган.
Совет халқларининг тарихий ва маданий қаҳрамонларини тез орада расман эъзозлаш тадбирлари бошланган, шулар орасида Алишер Навоийни ҳам алоҳида эътибор билан давлат даражасида кўтаришган. Сталинга урушда ғалаба керак эди ва бунинг учун у кўп нарсадан вақтинчалик воз кечишга мажбур бўлади. Вақтинчалик деган сўзимизга асос бор: Масалан, Ойбек домлага «Алишер Навоий» романи учун 1944 йили мукофот беришган бўлса, уруш якунланиши билан, 3 йил ўтар-ўтмас Сталин режими Ойбекни шу романи учун жазолаган, Ойбек «миллатчилик, пантуркизм, ғайрисоветчилик» деган айбловлар билан қатағонларга учраган. Алишер Навоий ижоди ҳам танқидга учраган, навоийшунослик тақиқланган ва фақат Сталиннинг ўлимидан сўнг тикланган.
6. Совет режими ўзбекларнинг жасоратини ҳеч қачон унутмаганмиди?
Фото: inosmi.ru
Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида 300 минг нафардан ортиқ ватандошимиз ҳалок бўлди, уруш йилларида Ўзбекистон ССРга бир миллион нафарга яқин киши РСФСР, Украина, Беларусь ва Молдавия ССРдан эвакуация қилинди. Улардан икки юз мингга яқини ёш болалар бўлган. Уларга 135 000 кв. метрдан зиёд яшаш майдони ажратилиб, иш билан таъминланди. Ўзбекистон ҳудудига 113та ҳарбий госпиталь жойлаштирилган бўлиб, уларга 750дан ортиқ маҳаллий корхона, муассаса, колхоз ва совхозлар ҳомийлик қилди.
Бундан ташқари, ўзбек халқи вакилларидан «Ишчи батальонлар» тузилиб, Россия ҳудудига жўнатилган. Улар орасида касб-ҳунар билим юртини эндигина тамомлаган ўспиринлар ҳам бўлган. Архивдаги 1943 йилга тааллуқли маълумотларга қараганда, ўша «Ишчи батальонлар» таркибига киритилган ўзбеклар сони бир юз эллик беш мингдан зиёд бўлган. Бундай тузилмалар ёши катта кишилар, кексалар ва «халқ душманлари»нинг оила аъзоларидан ташкил топган. Ишчи батальон иштирокчиларининг барчаси урушнинг номаълум қаҳрамонлари бўлиб, совет манбаларида улар юзаки эсланган, аксарият ҳолларда эса кўз юмиб ўтилган.
Бироқ ўзбек халқининг Иккинчи жаҳон урушида кўрган улкан талафотлари беҳуда кетди. Гап шундаки, Сталин бошчилигидаги совет раҳбарияти миннатдорлик ўрнига уруш тугаганига 3 йил бўлмай, Ўзбекистонга СССРнинг қуролли вазирлик ва идоралари вакилларидан ташкил топган комиссияни йўллаб, миллат вакиллари орасидан «халқ душманлари»ни аниқлаб топишнинг навбатдаги жараёнини бошлади. Ўзбекларга бадахлоқлик даражасида ишончсизлик билан қаралиб, иш большевикларнинг махсус органи яратилишига, яъни, ВКПБ Марказий қўмитасининг Ўзбекистон ССР бўйича бошқармаси тузилишига, бошқача қилиб айтганда, Ўзбекистон бевосита Москвадан бошқарилишига қадар бориб етди. Ушбу бошқармага, амалда эса Ўзбекистонга раҳбар этиб А. Игнатев исмли шахс тайинланди (кейинчалик бу шахс совет КГБсини бошқарди). Миллати ўзбек бўлган амалдор бор-ки, ишончни оқламаган тоифа сифатида республика раҳбарияти таркибида расман қолган бўлишига қарамай, республика раҳбарияти таркибидан амалда тўла-тўкис чиқариб ташланди. Шу тариқа, урушда мислсиз қурбонликлар берганига қарамай, совет раҳбарияти томонидан бутун бошли ўзбек миллатига «ишончсиз миллат» тамғаси босилди.
Даҳшатлиси шундаки, юқорида айтиб ўтилган бошқарма ягона бўлиб, унақаси совет республикаларида бўлмаган. Ушбу бошқарма фаолиятининг натижаси – Шайхзода, Ойбек, Ҳамид Сулаймон, Миртемир, Шуҳрат, Шукрулло, Саид Аҳмад, Муҳиддин Қориёқубов, М.Султонмуродова каби кўплаб кўзга кўринган ўзбек зиёлиларини қатағон қилиш бўлди. Бадиий асар қаҳрамони,ўзбек миллатига мансуб қайнона ўзининг ўрис келинини койиб бергани учун «Қўшчинор» муаллифи Абдулла Қаҳҳор миллатчиликда айбланди. Алишер Навоийнинг асарлари билан «Алпомиш» эпоси «ўрта асрга хос эскирган асарлар» сифатида бир четга улоқтирилди, навоийшунослар «феодал ўтмишни мадҳ этиш»да айбланди. Шошмақом эса «мотам, умидсизлик ва дилгирлик куйи» дея эълон қилинди. Совет раҳбариятининг фикрича, буларнинг бари советлар юртида коммунизм қуришга тўсқинлик қилган. Сталин бошчилигидаги расмий Москва урушда кўрган талафотлари учун ўзбек халқига шу тариқа «миннатдорчилик билдирди».
Уруш арафасида, яъни 1938 йили ўзбек зиёлиларининг 60 фоизи қатағон қилинганди. Агар Сталин яна бир неча йил умр кўрганида, миллат зиёлилари 100 фоиз қириб ташланиши муқаррар эди. Зеро, Кремль қатағон қилиниши лозим бўлганлар рўйхатини тузган, унда айрим шахслардан ташқари, яна 60 кишининг номи қайд этилганди.
Сталиннинг ўлимидан сўнг, 1953 йилдан қатағон қурбонларининг номлари оқланишига умид бағишлаган сиёсий илиқлик даври бошланганди. Аммо 60-йиллар бошида ўзбек тили ва миллат динига қарши навбатдаги кураш, пахта яккаҳокимлиги, янги қурилган уйлар калитининг 90 фоизи кўчириб келтирилганларга топширилган Тошкент зилзиласи бўлиб ўтди. Тошкент вайроналарини тиклаш учун 60-йиллар охирида юртимизга СССРнинг турли ҳудудларидан келган ишчилар «Пахтакор» стадионида ўзининг шовинистик табиатини очиқдан-очиқ намоён қилганча, ўзбек миллатини ниҳоятда қўпол камситишди. Бу эса, ўз навбатида, республика аҳолисининг норозилик билдирган ижтимоий исёни кўтарилишига сабаб бўлди. Лекин бу ҳақда биз ҳанузгача оғиз оча олмаймиз. Шундан сўнг, Орол муаммоси, бутифос, саратон касаллигининг оммавий эпидемияси, бола ўлимининг собиқ СССР бўйича энг юқори кўрсаткичи кузатилди, аёллар томонидан ўз жонига қасд қилиши бўйича собиқ иттифоқ миқёсида биринчи ўринга чиқиш. Буларнинг барига миллат қонига ботган оқ олтиннинг яккаҳокимлиги сабаб бўлди. Бу асли, амалда Халқлар дўстлиги тушунчасининг «қадрини» бизга кўрсатиб берди.
Маълум вақт ўтгач, Кремль томонидан, совет режимининг жиноий иллатлари учун жавобгарлик ўзбекларнинг гарданига қўйилган, миллатимизни янада сазойи қилган «ўзбеклар иши»ни қўзғатди. Бунда, расмий Москва бирон-бир бошқа миллатни айбламади , фақат «ўзбеклар иши» юритилди. Ўша даврда табиати уятдан йироқ бўлган чекистлардан бири: «Ўғрилар, мафиячилар ва босмачилар яшайдиган Ўзбекистонни тиканли сим билан ўраб ташлаш керак», дея таклиф киритганди. Кремлнинг садоқатли вакили бўлмиш Рафиқ Нишанов ушбу қабиҳ сўзлардан тўлқинланганча, жўшиб қарсак чалди. Ўтган асрнинг 40-йиллари охирида Кремль ўзбекларга ишончсизлик билан қараган бўлса, бундай қараш СССР парчаланиши арафасида большевик-чекист Юрий Андропов замонида яна кузатилди. Ўзбекнинг совет тизими учун кўрган улкан талафотлари ҳеч кимнинг эсига келмади.
7. Георгий лентаси - Иккинчи жаҳон уруши белгисими?
Буниси энг катта ёлғон: биринчидан, ўша тасма Рим императори Диоклетиан (244-311) замонида яшаб ўтган, римликлар генерали бўла туриб, империяда тақиқланган динни, яъни, христианликни қабул қилган ва ушбу қилмиши учун ўзининг бутпараст императори томонидан қатл этилган авлиё Георгийнинг сиймоси билан боғлиқдир. Дин йўлида ҳалок бўлган киши сифатида, авлиё Георгий, мазлум христианларнинг ҳомийси, христиан лашкарининг ғалабага олиб борувчи рамзига айлантирилган.
Мазкур сиймонинг шон-шуҳрати қандай пайдо бўлгани ҳақида тарихчилар шундай дейди: «авлиёнинг юртига бориб қайтган салиб юриши қатнашчилари, у ҳақда овоза тарқатишган. Хусусан, авлиё Георгий Қуддус жангларда эгнига қизил хоч тасвирланган оқ либосда иштирок этган. «Георгиевский крест» номи айнан шундан келиб чиққан». 
Аниқроқ айтиладиган бўлса, лашкарга ҳомийлик қиладиган ўша сиймонинг келиб чиқиши христианлар билан мусулмонлар ўртасида бўлиб ўтган уруш тарихи билан боғлиқдир.
Россияда ушбу сиймо Россия-Туркия уруши даврида орден кўринишида гавдаланиб, унга император аёл Екатерина иккинчининг тегишли фармони ила динлараро зиддият мазмуни берилган.
Туркистон ҳудудида авлиё Георгий тасмасига эга бўлган ўша орден илк бор 1865 йили пайдо бўлди. Хусусан, ушбу орден билан Чор Россиясининг 1865 йили Тошкентни босиб олиш жангида, 1866 йили бўлиб ўтган Россия-Бухоро урушида, Самарқанднинг қамал қилинишида, Самарқанд, Каттақўрғон, Панжикент ва Ургут бекликларини истило қилишда, 1873 йили Хўжанд ва Фарғона водийсини забт этишда, 1876 йили Қўқон хонлигини истило қилишда, 1873 йили Хива хонлигини эгаллашда иштирок этган аскар ва зобитлари тақдирланган. Бошқача қилиб айтганда, ўзбеклар ва Туркистон ҳудудида яшайдиган бошқа халқлар устидан мустамлакачилик ҳокимияти ўрнатилишига ҳисса қўшган Чор Россия аскарлари тақдирланган.
Юқорида келтирилган уч фактнинг ўзи авлиё Георгий сиймосини Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган ўзбеклар жасорати билан боғлашни бемаъниликка чиқаради.
Динлараро урушлар ва мустамлакачилик сиёсатининг рамзи бўлмиш ўша тасмани ўзбек миллатига мансуб қария кўксига қадаб қўйилиши ҳар бир фуқаронинг виждонига боғлиқдир.
Таъкидлаб ўтмоқ жоизки, динга қарши кураш олиб борилган ўша совет мустамлакачилиги даврида ҳам ғалабага олиб борувчи Георгий сиймоси билан боғлиқ ҳамма нарса қатъий ман этилган. Яъни, 1917 йилдан 1992 йилга қадар ундай сиймо номига эга бирон тасма бўлмаган. Гвардия тасмаси ва қизил байроқ бўлган холос. Гвардия тасмаси мукофот тасмаси бўлгану, ғалабанинг расмий рамзи саналмаган. Қизил байроқ эса фақат 7 ноябрь парадига олиб чиқилган холос.
Мухтасар қилиб айтганда, ғалабанинг бирон-бир кўринишдаги рамзи ўша совет даврида ҳам бўлмаган. Георгий тасмаси ғалаба рамзи сифатида 2005 йили Россия президентининг фармони билан жорий этилган. Яъни, ўша тасма хорижий давлат қарори билан рамзга айлантирилган. Савол туғилади: нега энди биз ўзбеклар ёт давлат рамзини рамз сифатида қабул қилишимиз керак? Тасма расмий рамзга айлантирилиб, Россия халқи урушда асосий ўрин эгаллагани эътироф этилди, яъни ўзбекларнинг урушда тутган ўрни ўз-ўзидан камситилди. Ҳамма тенг ҳисса қўшган эмасми-ди ғалабага?
Давлатимиз дунёвий давлат ҳисобланадими? Дарсликларимизда Россия империясининг мустамлакачилиги қораландими? Салиб юришлар даври Европа томонидан қораландими? Бундай саволларнинг барига ижобий жавоб берилади. Ҳатто Рим Папаси ҳам яҳудийлар билан мусулмонлардан бир замонлар бўлиб ўтган ўша юришлар учун расман кечирим сўради. Европа билан Ватикан салиб юришларини шармандалик даври, деб билади.
Георгий лентаси лойиҳаси -  бу бугунги энг катта кўзбўямачилик десак муболаға эмас.
8. Германия босмачиларни тўплаб, СССРга жанубдан ҳужум қилмоқчи эдими?
Бу эски, советнинг эртаклари. Авваламбор, 1940 йилга келиб Афғонистон ҳудудида жиддий «босмачилик» билан боғлиқ куч ва қатлам қолмаганди.
Афғонистон қиролига қарши Ҳабибулла бачаии сакао қўзғолони кўтарилганда  унга нафақат маҳаллий аҳоли, Туркистондан келганлар ҳам қўшилишган.Қўзғолон мағлубиятидан сўнг, Афғонистон давлати «босмачилар», умуман туркистонлик муҳожирларни қирган ёки зиндонга ташлаган.1940 йилга келиб «босмачилик» ҳаракати Афғонистон ҳудудида кучини йўқотиб бўлган эди.
Умуман, мантиқдан келиб чиқсак Германия учун СССРнинг жанубий ҳудудларини босиб олиш ҳарбий ва иқтисодий нуқтаи назаридан аҳмоқона сиёсат бўлар эди. Чунки немис армияси СССРнинг Осиё ҳудудларидан Москвагача ва бошқа йирик шаҳарларигача жуда катта ва қийин, улкан масофани қамраб олишга мажбур бўлар эди. Албатта бу катта молиявий ресурслар ва катта армияни талаб қиларди. Демак, «жанубий версия» ҳам яна бир совет пропагандаси маҳсулотидир.
Лекин савол пайдо бўлади, унда ким Афғонистон ҳудудида бошпана топган қўрбошилар ёнига ташриф буюриб, уларни немислар билан иттифоқ тузишга жалб этишга ҳаракат қилганди?
Албатта, бу собиқ Бухоро амирининг атрофидаги айрим одамлар эди. Лекин бу ҳаракат натижа бермагани бугун аниқ. Нега? Юқорида келтирилган сабабдан ташқари, Афғонистондаги энг ҳурматли қўрбоши Шермуҳаммадбек ҳали совет режимига  қарши курашганда Бухоро амири билан тил топиша олмаган, амир билан ўта ёмон муносабатда бўлган. Афғонистонда ҳам бу ҳолат сақланиб қолганди ва шунга собиқ амир Олимхон кўпчилик собиқ «босмачилар» учун жиддий шахс бўлмаган.
Аммо,кейинроқ бу мавзуни совет пропагандаси атайлаб ишлатди, «босмачилик»ни яна бир бор қоралаш учун. Албатта, айрим ўзбек миллатига мансуб совет агентлари совет-афғон чегарасидан ўтиб, совет империясининг жанубий чегарасини хавфсизлигини таъминлаш учун афғонистонлик ўзбекларнинг кайфиятини ўрганиб келган. Лекин бунинг уруш мавзусига алоқаси йўқ, бу доим бўлган совет махфий хизматларининг ишлари эди.
9. Собир Раҳимов ўзбеклардан чиққан биринчи генералми?
Фото: Sputnik
Бу тарихий ҳақиқатга зид. Биринчи бўлиб генерал унвонини олган ўзбек Файзулла Хўжаев бўлган. У Ўзбекистон ҳукуматининг биринчи раиси. Ундан сўнг бунақа унвон советлар томонидан Миркомил Миршараповга берилган. Иккиси ҳам совет қатағонлари қурбонларига айланган.
10. СССР даврида 1945 йилдан сўнг Ғалаба байрами доим 9 май куни нишонланганми?
Сталин даврида атиги бир марта, 1945 йили бу кун парад билан нишонланган. Иосиф Сталин ва Никита Хрушчев даврларида 1946 йилдан бошлаб то 1965 йилгача 9 май иш куни эди, атиги салют берилар эди холос.
1965 йили Леонид Брежнев бу санани дам олиш куни деб эълон қилган, лекин асосий сана бўлмади бу кун. 1991 йилгача асосий саналар СССР миқёсида иккита эди, 7 ноябрь - Ленин уюштирган октябрь тўнтаришининг ғалабаси куни (Октябрь инқилоби) ва 1 май -  «меҳнаткашлар куни». Фақат 7 ноябрь куни ҳар йили ҳарбий парадлар ўтказилган. 9 Май куни эса фақат 1992 йилдан сўнг, СССР қулашидан сўнг асосий байрамга айланган. Россиянинг биринчи президенти Борис Ельциннинг фармонига биноан, 9 май куни, 7 ноябрь ўрнини эгаллаб, Россиянинг асосий байрам кунига айланади.
Умуман олганда, бу сана СССР ва бугунги Россия тарихида энг кўп миш-мишларга, уйдирмаларга ва эртакларга бой. Муаллиф шундан айримларида тўхталиб ўтди. Умид қиламанки, бу маълумотлар бугунги ўзбек жамияти учун фойдали бўлади.


Комментариев нет:

Отправить комментарий