ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 14 марта 2018 г.

фармон


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Миллий хавфсизлик хизмати тўғрисидаги ҳужжатга имзо чеккан.
 Ташкилот номи ўзгарган ва Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлантирилган.
Ушбу ҳужжат қабул қилингани ҳақида яқин вақт ичида расман эълон қилиниши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти 2017 йилнинг 22 декабрида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига 2017 йилда амалга оширилган асосий ишлар

якуни ва Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган Мурожаатномасида Миллий хавфсизлик хизмати фаолиятини танқид қилган ва бу соҳада олиб бориладиган бўлажак ислоҳотлар ҳақида гапирганди.
Бундан аввалроқ, 2018 йилги Давлат дастурига асосан ҳаётий муҳим миллий манфаатларнинг ташқи ва ички таҳдидлардан кафолатли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши, лойиҳада давлатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш соҳасида Миллий хавфсизлик хизматининг ҳуқуқий мақоми, вазифалари, функциялари ва ваколатлари, миллий хавфсизлик органлари фаолиятининг асосий принциплари ва самарадорлиги мезонлари, миллий хавфсизлик хизмати органлари ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чоралари, соҳада парламент назорати механизмлари белгиланиши ҳақида
хабар берилганди.
«Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ўқиб эшиттирилди.

Бунга кўра, Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлик хизматига Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлиги хизмати мақоми берилди.

Тизимнинг мустаҳкам қонунчилик базаси яратилади.
Мамлакатни ички ва ташқи таҳдидлардан ҳимоя қилиш тубдан такомиллашади.
Давлат сирларини қатъий сақлаш, ахборотлар махфийлигини таъминлаш устивор вазифага айланади.
Фаолиятга республика манфаатларини чин маънода ҳимоя қила оладиган ёшлар жалб этилади.

Ўзбекистон Республикаси давлат хавфсизлик хизматининг байроғи ва эмблемаси тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғининг тавсифи

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғи барқарорлик, матонат, содиқлик, фидоийлик ва мардликни ифода этувчи тўқ кўк рангли тўғри бурчакли мато кўринишига эга.

Байроқ марказида геральдик белги — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг эмблемаси тасвирланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати байроғининг узунлиги — 250 см., эни — 125 см.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси – геральдик белги тавсифи

Геральдик белги — Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати эмблемаси тўқ кўк рангли айлана тасмаси бўлган кумуш ранг доирадан иборат.

Айлана тасманинг юқори қисмида оқ рангли бош ҳарфлар билан лотин алифбосида: «O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI», пастки қисмида: «DAVLAT XAVFSIZLIK XIZMATI» деб ёзилган. Ушбу ёзувлар ҳурлик маъносини англатувчи саккиз қиррали иккита юлдуз билан ажратилган.Ўзбекистон Республикаси Давлат гербидан қалқоннинг камбар ҳошияларига қадар қуёш нурларини ифодаловчи тўғри чизиқлар тортилган.

Қалқоннинг кесилган икки юқори ва пастки бурчакларида шахс, жамият ва давлат манфаатлари муҳофазасини англатувчи учта халқа тасвирланган.

Қалқон ортида симметрия ўқи бўйича тиғи пастга йўналтирилган қилич жойлашган. Қилич куч, шаън, адолат, жасорат ва ҳушёрликни англатади.

Қилич кумуш рангда. Қилич дастаги еттита халқадан иборат бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати фаолиятининг асосий тамойилларини англатади.

Қалқон ва қилич ортида симметрик равишда икки томонга ҳилпираётган Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи тасвирланган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг қалқон ва қилич ортида жойлашуви конституциявий тузум, суверенитет, ҳудудий яхлитлик ва давлат манфаатларининг ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимояланганлигини англатади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий