ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 15 февраля 2018 г.

: Икки шаҳодатнинг рукнлари ва шартлари


Тавҳид ақидаси: Икки шаҳодатнинг рукнлари ва шартлари Икки шаҳодатнинг рукнлари а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг иккита рукни бўлиб, бири рад бўлса, иккинчиси иқрордир. Биринчи рукн “ла илаҳа” – рад қилиш бўлиб, у ширкнинг барча турларини йўққа чиқаради ва Аллоҳдан ўзга сиғиниладиган барча нарсаларга кофир бўлишни вожиб қилади. Икинчи рукн “иллаллоҳ” – иқрор бўлиб, ибодат қилинишга фақат ягона Аллоҳгина сазовор эканини англатади ва шунга амал қилишни вожиб қилади. Бу икки рукннинг маъноси кўпгина оятларда келган. Мисол учун: «Бас, ким тоғутга кофир бўлса ва Аллоҳга иймон
келтирса, у ҳеч ажраб кетмайдиган мустаҳкам ҳалқани ушлабди» (Бақара: 256). Оятдаги «ким тоғутга кофир бўлса» ибораси биринчи рукн бўлмиш «ла илаҳа»нинг маъноси бўлса, «Аллоҳга иймон келтирса» ибораси эса иккинчи рукн бўлмиш «иллаллоҳ»нинг маъносидир. Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом тилидан келтирган сўзлари ҳам шунга ўхшайди: «Албатта мен сизлар ибодат қилаётган бутлардан покдирман. Магар мени яратган зотгагина (ибодат қилурман)» (Зухруф: 26, 27). Бундаги «бутлардан покдирман» ибораси ҳам биринчи рукндаги рад маъноси, «магар мени яратган зотгагина» ибораси эса иккинчи рукндаги иқрор маъносидир. б) «Муҳаммадун росулуллоҳ» калимасининг иккита рукни бор, бири – у зот Аллоҳнинг бандаси, иккинчиси – Аллоҳнинг расули (элчиси) эканидир. Бу икки рукн у зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ҳаддан ошмасликни ва айни дамда эътиборсиз қарамасликни тақозо қилади. У зот ушбу икки улуғ сифатлари билан халқларнинг энг комилидирлар. Бу ердаги “банда” маъноси – ибодат қилувчи, қул демакдир. Яъни, у зот бошқа инсонлар нимадан яратилган бўлса, шундан яратилган оддий инсондирлар, у кишига ҳам бошқаларга жорий бўлган нарса жорий бўлади. Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман» (Каҳф: 110). Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бандалик ҳаққини тўла-тўкис адо этдилар ва Аллоҳ таоло у зотни шу билан мақтади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ Ўз бандасига (яъни Муҳаммад алайҳиссаломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?!» (Зумар: 36). «Бандаси (Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га Китоб – Қуръонни нозил қилган Аллоҳга ҳамду сано бўлсин» (Каҳф: 1). «(Аллоҳ) бир кеча Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжиди Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжиди Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир» (Исро: 1). «Расулуллоҳ» маъноси – бутун инсониятни Аллоҳга даъват қилиш, уларга хушхабар бериш ва огоҳлантириш учун юборилган Аллоҳнинг элчиси, демакдир. У зотга ушбу икки сифат билан гувоҳлик беришда у зот ҳақларидаги ҳаддан ортиқ улуғлашни ҳам, беҳурмат қилишни ҳам рад қилиш мужассамдир. Зеро, у зотга умматлик даъвосидаги инсонлар ичида у кишини улуғлашда ҳаддан ошган ва ҳақларида ғулув кетган, ҳатто бандалик даражасидан илоҳлик даражасига чиқариб қўйган, Аллоҳни қўйиб, у кишидан мадад сўрайдиган, ҳожатларни бароридан келтириш ва мусибатларни аритиш каби Аллоҳдан бошқа ҳеч ким қодир бўлмайдиган ишларни у кишидан сўрайдиган инсонлар ҳам бор. Ва аксинча, у зотнинг рисолатларини инкор қилган, йўлларига эргашишга бепарволик қиладиган, у зот келтирган динга зид сўзу ишларга муккасидан кетган, у зотнинг ҳукмлари ва хабарларини ўзбошимчалик билан хато таъвил қиладиган кимсалар ҳам бор. Икки шаҳодатнинг шартлари а) «Ла илаҳа иллаллоҳ»нинг шартлари «Ла илаҳа иллаллоҳ» калимасининг еттита шарти бор бўлиб, шу шартлар ҳаммаси топилгандагина бу калима ўз айтувчисига фойда беради. Улар қуйидагилар: Биринчи: Илм (билим). Бунинг зидди жаҳолат (билмаслик)дир. Иккинчи: Яқин (аниқ ишонч). Бунинг зидди шак-шубҳадир. Учинчи: Қабул. Бунинг зидди рад қилишдир. Тўртинчи: Бўйсуниш. Бунинг зидди тарк қилишдир. Бешинчи: Сидқ (ростлик). Бунинг зидди ёлғондир. Олтинчи: Ихлос. Бунинг зидди ширкдир. Еттинчи: Муҳаббат. Бунинг зидди нафратдир. Биринчи шарт: Илм (билиш) Яъни, ушбу калимадан кўзда тутилган маънони ҳамда бу калима рад қиладиган ва исбот қиладиган нарсаларни билишдир. Бунинг зиддида эса ушбуларни билмаслик туради. Аллоҳ таоло айтади: «Фақат ўзлари билган ҳолларида ҳақ гувоҳлик берган (яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган) кишиларгина...» (Зухруф: 86). Яъни, улар тиллари берган гувоҳликни қалблари англаган-билган ҳолларида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб гувоҳлик берган кишилардир. Агар маъносини билмаган ҳолда тил билангина айтиб қўйса, бу нарса фойда бермайди. Чунки, унинг мазмунига эътиқод қилган бўлмайди. Иккинчи шарт: Яқин (аниқ ишонч) Яъни, айтувчиси унинг маъно-мазмунига аниқ ишонч ҳосил қилган бўлиши шарт. Агар бу ҳақда шак-шубҳа қиладиган бўлса, бу калима унга фойда бермайди. Аллоҳ таоло айтади: «Ҳақиқий мўминлар фақат Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб, сўнгра ҳеч қандай шак-шубҳа қилмаган... зотлардир» (Ҳужурот: 15). Шак-шубҳа қилувчи кимса мунофиқ бўлади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуга: «Ушбу девор ортида «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб чин қалбидан ишонч билан гувоҳлик берган қай бир кишини кўрсанг, унга жаннат башоратини бер» деганлар (Имом Муслим ривояти). Демак, ким бу калимага чин дилдан ишонган бўлмаса, жаннатга киришга лойиқ бўлмайди. Учинчи шарт: Қабул Учинчи шарти ушбу калиманинг тақозоси бўлган ягона Аллоҳгагина ибодат қилиш ва Ундан ўзгага ибодатни тарк қилишни қабул қилмоқликдир. Ким бу калимани айтгани ҳолда, мазкур шартини қабул қилмаса ва унга амал қилмаса, Аллоҳ таоло қуйидаги оятда айтган кишилар жумласидан бўлади: «Улар «Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқдир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилишар ва «Биз ҳали бир мажнун шоирни деб илоҳларимизни тарк қилар эканмизми?!» дейишар эди» (Соффот: 35, 36). Бугунги кундаги қабрпарастларнинг ҳолати ҳам худди шундай, улар ҳам «Ла илаҳа иллаллоҳ» дейдилар, бироқ қабрларга сиғинишни ташламайдилар. Ва демакки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» маъносини қабул қилмайдилар. Тўртинчи шарт: Бўйсуниш Тўртинчи шарти ушбу калима далолат қилган нарсага тўла бўйсунишдир. Аллоҳ таоло айтади: «Ким чиройли амал қилувчи бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширса, бас у мустаҳкам халқани ушлабди» (Луқмон: 22). «Мустаҳкам ҳалқа»дан мурод «Ла илаҳа иллаллоҳ»дир. «Ўзини Аллоҳга топширса» дегани ихлос билан Аллоҳга бўйсунса, деганидир. Бешинчи шарт: Сидқ Бешинчи шарти ушбу калимани сидқидилдан, яъни қалби тасдиқлаган ҳолда айтишдир. Агар тили билан айтса-ю, қалби тасдиқламаса, ёлғончи мунофиқ бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари мўмин бўлмаганлари ҳолда «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик», дейдилар. Улар Аллоҳни ва иймонли кишиларни алдамоқчи бўладилар ва ўзлари сезмаган ҳолда фақат ўзларини алдайдилар. Уларнинг дилларида мараз бор эди, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди. Улар учун қилган ёлғонлари сабаб аламли азоб бордир» (Бақара: 8-10). Олтинчи шарт: Ихлос Ихлос – ушбу калимани айтиш билан дунё матоларидан биронта нарсани мақсад қилмасдан, риё ва сумъани тарк қилиб, амални ҳар қандай ширк аралашмаларидан тоза ва мусаффо ҳолда қилишдир. “Итбон ҳадиси” деб танилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Албатта, Аллоҳ Ўзининг юзини истаб «Ла илаҳа иллаллоҳ» деган кишини дўзахга ҳаром қилгандир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари). Еттинчи шарт: Муҳаббат Еттинчи шарти ушбу калимага ва у далолат қилган нарсаларга ҳамда унинг тақозосига кўра амал қилаётган кишиларга муҳаббат қўйиш. Аллоҳ таоло айтади: «Одамлар орасида шундай кимсалар борки, улар ўзгаларни Аллоҳга тенг билиб, уларни Аллоҳни севгандек севадилар. Иймонли кишиларнинг Аллоҳга бўлган муҳаббатлари эса (анавиларнинг Аллоҳга ва ўз илоҳларига бўлган муҳаббатидан) кучлироқдир» (Бақара: 165). «Ла илаҳа иллаллоҳ» аҳли бўлмиш иймонли кишилар фақат Аллоҳни холис, чин дилдан яхши кўрадилар. Ширк аҳли эса Аллоҳни ҳам, Унга қўшиб бошқа илоҳларини ҳам яхши кўришади. Бу эса «Ла илаҳа иллаллоҳ» тақозосига зиддир. б) «Муҳаммадун расулуллоҳ»нинг шартлари «Муҳаммадун расулуллоҳ» шаҳодат калимасининг шартлари қуйидагилардир:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг пайғамбарликларини эътироф этиш ва бунга чин дилдан эътиқод қилиш.
Ушбу эътирофини тили билан очиқ айтиш.
У зотга тўла эргашиш, бу эса у зот келтирган ҳаққа амал қилиш ва у зот қайтарган ботилдан тийилиш билан бўлади.
У зот хабар берган ўтмиш ва келажак ишларидан иборат ғайб хабарларини тасдиқлаш.
У зотни ўз жони, моли, бола-чақаси, ота-онаси ва барча одамлардан кўра кўпроқ яхши кўриш.
У зотнинг сўзларини ҳар қандай кишининг сўзидан устун қўйиш ва суннатларига амал қилиш.

Комментариев нет:

Отправить комментарий