ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 13 февраля 2018 г.

Пирлар шайтонга хизмат қиладими?

Пирлар шайтонга хизмат қиладими?
Савол: Узоқ вақтлардан буён саҳифаларингизни кузатиб келаман. Бир неча ўринларда пир деган нарса йўқ, улар шайтонга хизмат қиладиган шахслардир, деб жавоб бердинглар. Мен намоз ўқийман, Қуръон тиловат қиламан. Менга одамларни даволаш хислати берилган. Шунингдек, келажакда содир бўладиган ишларни тушимда кўраман. Саволим шуки, мен ҳам шайтонга хизмат қиляпманми? Жавоб: Алҳамдулиллаҳ; Биринчидан: биз пирлар шайтонга сиғинади ва хизмат қилади, деб айтмаймиз. Балки, уларнинг қилаётган ишлари шариатга зид бўлса, демак, улар қилаётган ғайри оддий ишлар каромат эмас,
шайтоннинг найранги бўлади, деймиз. Чунки шариатга зид иш тутаётган кишига каромат берилиши асло мумкин эмас. Иккинчидан: инсоннинг тушида кўрган ишлари унинг учун келажакдан башорат бўлиши мумкин. Лекин бу иш аниқ содир бўлади, дея олмаймиз. Учинчидан: тушлар инсоннинг қиладиган ишига далил бўлмайди. Масалан, фараз қилайликки, бир киши тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрса-ю, у зотдан шариатга зид кўрсатма олса, бу ўша ишни қилишга асос бўла олмайди ва тушида кўрган кишиси ҳам Пайғамбаримиз бўлмайди. Чунки Пайғамбаримиз асло инсонларни шариатга зид ишларга буюрмаганлар. Тўртинчидан: сиз келажакни биламан деяпсиз. Бундай бўлиши мумкин эмас. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони каримда ҳеч ким ғайбни била олмаслигини, фақат баъзи фаришта ва пайғамбарларга Ўзи хоҳлаган миқдорда ғайб ишларини билдириши мумкинлигини таъкидлаган. Шунга кўра, сиз келажакни биламан дейишингиз шариатга зид гап. Тўғри, юқорида айтганимиздек, баъзан тушлар келажакдан башорат бўлиши мумкин. Лекин буни қатъий билиб бўлмайди. Шу иш тушда кўрилганидек содир бўлсагина ўша туш башорат бўлганини билиб олиш мумкин. Бироқ тушингизда кўрганингизни келажакни билиш деб аташингиз асоссиз. Бешинчидан: пирлар ёки баъзи инсонлар шайтонга хизмат қилади, деганимиз улар шу ишни билиб қилишади, дегани эмас. Баъзан инсон ўзи билмаган ҳолда шайтонга хизмат қилиши ҳам мумкин. Буни билишнинг ягона йўли пир ёки мурид бўлишидан қатъи назар, унинг қилаётган иши шариат тарозисига солинмоғидир. Агар иши ёки гаплари шариатга мувофиқ бўлса тўғри йўлда, агар шариатга зид бўлса шайтоннинг йўлида бўлади. Олтинчидан: бугунги кунимизда, яъни шаръий илмларга эътибор йўқолган, одамлардаги эътиқод сусайган вақтда инсонлар ўртасида ғайбни билишини, одамларни даволашини ва ҳоказо ишларни уддалашини айтадиган инсонлар кўпайиб қолган. Қизиғи шундаки, улар олдин на бирон шаръий илм ўқиганлар ва на бирон тиббиётга тегишли маълумотга эга бўлганлар. Ичимизда бундай ҳолатлар кўпайишининг сабаби мусулмонларда жоҳиллик кенг тус олгани ва эътиқод сусайгани, десак нотўғри бўлмайди. Чунки бизда илм бўлганида Пайғамбаримиз: “Илм таълим олиш билан бўлади” (Табароний “Авсат”да (2738) ривоят қилган) – деганларини билардик ва бир кечада “табиб” ёки “олим”га айланган фолбинларнинг гапига ишонмаган бўлардик. Эътиқодимиз мустаҳкам бўлганида шайтоннинг турли хил найрангларига алданмаган ва ўзимизнинг аслида ким эканимизни унутмаган бўлардик. Аллоҳ таолодан барчамизга тўғри йўлни кўрсатишини ва унда собитқадам қилишини сўраб қоламиз!

Комментариев нет:

Отправить комментарий