ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 7 декабря 2017 г.

БАЧАДОН КАСАЛЛИКЛАРИ – БАЧАДОН ҚАНДАЙ АЪЗО?


БАЧАДОН КАСАЛЛИКЛАРИ – БАЧАДОН ҚАНДАЙ АЪЗО?
Бачадон қандай аъзо эканлиги, унда учрайдиган касалликлар, уларнинг келиб чиқиши, даво чоралари ва энг сўнгги чора сифатида бачадонни олиб ташлаш ҳоллари ҳақида батафсил маълумот сўраган мухлисларимизнинг саволларига жавоб олиш учун малакали шифокор, “Малҳам” табобат маркази раҳбари, профессор Абдуқодир Нурмуҳаммад ўғли САТТОРОВга мурожаат қилдик.
– Бачадон ковак аъзо бўлиб, мушаклардан тузилган. У кичкина чаноқ бўшлиғида, қовуқ билан тўғри ичак орасида жойлашиб, шакли нокка ўхшаш, бўшлиғи учбурчаксимон, бир бурчаги бачадон бўйни каналига, иккинчи бурчаги эса бачадон тубига, пастки бурчаги бачадон бўйни каналининг ички тешигига

қаратилган. Юқоридаги икки бурчак бачадон найларининг тешигига тўғри келади. Бачадон девори – ички шиллиқ қават (эндометрий), ўрта – мушак қават (миометрий) ва ташқи сероз қават (қорин пардаси)дан иборат. Ҳомиладорликда мушак толаларининг йўғонлашиши ва янги толаларнинг пайдо бўлиши ҳисобига бачадон катталашиб, шакли ўзгаради. Туғруқдан кейин эса қисқариб, асл ҳолига қайтади. Аёл кексайган сари (айниқса, ҳайз кўриш буткул тўхтаганда) бачадон кичрая бошлайди. Бачадон жудаям ҳаракатчан бўлиб, тўғри ичак тўлганда ёки пешоб йиғилиб, қовуқ катталашганда осонгина ўз ҳажмини ўзгартира олади.
Биз қуйида бачадонда учрайдиган айрим касалликлар ва уларнинг келиб чиқишлари ҳамда даво чоралари ҳақида тўхталамиз.

БАЧАДОН МИОМАСИ

Жумладан, бачадон миомаси деб, мушак тўқимасидан, фибромиома – бириктирувчи тўқималардан ташкил топган, гормонларга мойил бўлган хавфсиз ўсмага айтилади. Миома кенг тарқалган касаллик бўлиб, гинекологик беморларнинг 10-27 % ида, 30 ёшга етган беморларнинг 20 % ида, 40 ёшдан катта беморлар-нинг эса 40 % ида учрайди.
Бачадон миомасининг келиб чиқиш сабаблари ва ривожланиши юзасидан жуда кўп олимларнинг фикр-мулоҳазалари бўлиб, улар ҳар хилдир, лекин ҳалигача ягона якуний хулосага келинмаган. Бу масалада бутун дунё олимлари тадқиқот ишларини олиб боришмоқда.
Бачадон миомаси кўпинча симптомларсиз ўтади. Шунинг учун кўпчилик миома мавжудлиги ҳақида бехабар бўлади.
Бачадон миомаси – бачадон мушак ва бириктирувчи тўқимасини ўсмасимон катталашиши.

КАСАЛЛИК УЧ ТУРГА БЎЛИНАДИ:

1. Бачадон девори ичида ўсиши – интрамурал миома;
2. Бачадон бўшлиғида ўсиши – субмукоз миома;
3. Бачадон ташқарисида ўсиши – субсероз миома.

Шуни эътироф этишимиз мумкинки, бачадон миомаси кўп туққан ва боласини тўлиқ муддатигача эмизган аёлларда кам учрайди.

БАЧАДОН МИОМАСИ САБАБЛАРИ

Аёлнинг гормонал фони нормада эмаслиги (эстрогенларнинг кўплиги, прогестерон ишлаб чиқилиши сустлиги ва ҳоказо) сабабли уни бачадон миомаси безовта қилади.
Бачадон миомаси аста-секинлик билан бачадонда жуда кичик шишларнинг пайдо бўлишидан бошланади. Бу шишларнинг ривожланиб кетишига қуйидагилар таъсир кўрсатиши мумкин:
Аборт;
Ҳайз келиш муддатларининг бузилиши;
Аденомиоз;
Аёл организмидаги гормонал бузилишлар;
Юрак-томир тизимининг айрим касалликлари;
Анемия;
Ортиқча семириш;
Жарроҳлик аралашув (бачадонни тозалаш, бачадон операцияси);
Эндометриоз ва ҳоказо.

БАЧАДОН МИОМАСИ БЕЛГИЛАРИ

Кучли циклик қон кетиш;
Узоқ оғриқлар;
Ҳомила тушиши;
Ичак ва сийдик қопида касалликлар;
Қоннинг камайиб кетиши.

БАЧАДОН МИОМАСИНИ ҚАНДАЙ АНИҚЛАШ МУМКИН?

Ултратовушли диагностика (УТД) орқали миомани келтириб чиқарувчи бачадондаги кичик шишларни аниқ диагностика қилиш мумкин. Бунда шишлар туфайли бачадон ҳажми ўзгаргани учун шишларни размери ҳафта билан ўлчанади. Яъни ҳомиланинг нечанчи ҳафтасига шишлар размери мос келишига қараб “7-8 ҳафталик” ёки ўтиб кетган ҳолларда “12 ҳафталик” шиш, деб аталади.
Шишларни ҳали ўсмасдан туриб диагностика қилиш учун гинекологга мунтазам равишда қатнаш лозим.

БАЧАДОН МИОМАСИНИ ДАВОЛАШ УСУЛЛАРИ:

Дори ёрдамида даволаш;
Бачадон артерияларини эмболизациялаш (бачадондаги шишларни қон билан таъминловчи йўлни йўқ қилиш);
Шишларни консерватив йўқ қилиш (лапороскопия);
Кучли ултратовушли даволаш;
Бачадонни олиб ташлаш.

Вақтида аниқланган размери 2-2,5 см дан ошмаган бачадон шишларини оддий гормонал даволаш билан йўқ қилиш мумкин. Шунинг учун касалликни ўтказиб юбормаслик уни даволашда енгиллик яратади.

АСОРАТЛАРИ

Касаллик ўз вақтида даволанмаса оғир асоратлар бериши мумкин.
Гистеректомия;
Перитонит;
Саркома;
Эндометриоз.

Эслатма: Бачадон миомасининг олдини олиш учун йилда бир марта бачадонни УТД қилишдан ташқари, кичик бўлса-да, шишлар аниқланса, дарҳол даволаниш. Иккинчидан, то ўша муаммо бартараф этилгунича, мунтазам равишда гинеколог кўригида бўлиш шарт ва зарур.

БАЧАДОННИ ОЛИБ ТАШЛАШ

Бачадонни олиб ташлаш бўйича жарроҳлик усули гистерэктомия, деб номланади. Бу операция бошқа барча муолажа, дорилар ва бошқа тиббий усуллар билан даволаш кор қилмаганида бир қатор касалликларни даволовчи энг охирги чора сифатида қўлланилади.
Бу касалликлар сирасига қуйидагилар киради:
бачадон миомаси (у қаттиқ оғриқ, қон кетиши ва бошқа белгилар билан кечса);
Бачадон пастга тушиши (бунда у ўзининг нормал жойлашган ҳолатидан қин томонга кўп силжиган бўлса);
Бачадон, бачадон бўйни ва тухумдонлар саратонида;
Аденомиоз (бачадон деворларининг қалинлашуви) ташхиси қўйилганда, дори-дармон билан даволаш самара бермаса;
Туғруқдан кейинги атоник қон кетиши (бу бачадон қисқармаслиги ҳисобига юз берса);
Бемор “Кювилер бачадони” ташхисига эга бўлса;
(Бунда ҳомиладор аёлнинг бачадонида йўлдош кўчиши оқибатида ҳомила нобуд бўлади.)
Бундай вазиятда агар бачадон қонталаш бўлиб қолса, уни олиб ташлашга кўрсатма берилади.

ГИСТЕРЭКТОМИЯ ТУРЛАРИ

Юқорида кўрсатилган сабабларга кўра жарроҳ бачадонни тўлиқ ёки қисман олиб ташлаши мумкин.
Супрацервикал ёки субтотал гистерэктомия.
Бунда бачадоннинг юқори қисми олиниб, бачадон бўйни қолдирилади. Радикал гистерэктомия. Бу ҳолда бачадон, унинг тўқималари, бачадон бўйни ва қиннинг юқори қисми олиб ташланади. Гистерэктомиянинг бу тури одатда саратоннинг энг охирги босқичларида амалга оширилади. Ҳаттоки баъзан бир ёки ҳар иккала тухумдонни ҳам олиб ташлашга тўғри келади.

ОПЕРАЦИЯ ҚАНДАЙ ЎТКАЗИЛАДИ?

Гистерэктомия жарроҳлик усули жарроҳ тажрибаси, касаллик сабаблари ҳамда аёлнинг умумий ҳолатини ҳисобга олган ҳолда очиқ ва минимал инвазив (ёпиқ) ўтказилиши мумкин. Тажрибада 70 фоиз ҳолларда бачадонни олиб ташлашнинг очиқ усулидан фойдаланилади. Бунда қорин бўшлиғи ташқи томонидан кесилиб, бачадон шу жой орқали резекция қилинади. Минимал инвазив усулнинг эса вагинал (қин орқали бачадонни олиб ташлаш), лапароскопик (жарроҳ қорин бўшлиғидаги кичик кесим орқали ички аъзоларни кўриб туриб операция ўтказади), лапароскопик ассистенцияли вагинал гистерэктомия (лапароскоп жарроҳлик асбоби ёрдамида қин орқали операция қилиш) каби турлари бор.

ҚАЙ БИРИ МАЪҚУЛ?

Минимал инвазив операциялар анъанавий очиқ жарроҳлик усулидан фарқли равишда беморнинг тез оёққа туриши, турли инфекциялардан ҳимояланиши ва операциядан сўнг камроқ оғриқ бўлишини таъминлайди. Аммо у семириш ва бошқа бир қатор бузилишлардан азият чекувчи аёлларга тўғри келмайди.

ЖАРРОҲЛИК АМАЛИЁТИДАН СЎНГ…

Аёл гистерэктомиядан сўнг кундалик ҳаёт тарзига қайтиши учун очиқ операция ўтказилганда, 4-6 ҳафта, инвазив жарроҳликдан кейин 3-4 ҳафта керак бўлади.
Бачадон олинганидан сўнг беморлар камида 6 ҳафта давомида жинсий яқинликка йўл қўймасликлари керак. Тўлиқ гистерэктомия қилинган аёлларнинг кўпчилиги жинсий майлнинг йўқолиши ёки сусайганини айтишади. Шунинг учун ҳам бачадонни олдиришга тўғри келган вақтларда авваламбор бунинг сабаб ва оқибатларини тўлиқ ўрганиш, малакали жарроҳни танлаш билан бирга, операциядан сўнг психологик даволаниш ҳам даркор.

ГИСТЕРЭКТОМИЯ АСОРАТЛАРИ

Бачадонни олдириш хавфли операция саналмайди. Бу жарроҳлик усулини бошидан кечирган аёлларнинг кўпчилиги айнан унга боғлиқ ҳолда саломатлиги ёмонлашганидан нолимаган. Аммо айримларда қуйидаги асоратлар кузатилиши мумкин:
Пешоб тута омаслик;
Операция вақтида қин қорин бўшлиғининг орқа деворига “тикиб” қўйилмаган бўлса, унинг тушиб кетиши;
Қин ва қовуқни боғловчи аномал “тешик”нинг ҳосил бўлиши; сурункали оғриқ.
Хуллас, бу жарроҳлик амалиёти энг чорасиз қолинган вақтда қилинса-да, ундан кейин аёл саломатлигига жиддий таъсир ўтказмаслиги билан характерланади. Биз учун эса энг муҳими аёлларнинг саломатлигидир.


Зулфизар ИСОҚОВА ёзиб олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий