ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 5 декабря 2017 г.

ҒИЛАЙЛИК


ҒИЛАЙЛИК ВА БОЛАЛАР ОФТАЛМОЛОГИЯСИ
Ғилайлик касалликми ёки шунчаки ташқи кўринишнинг муаммосими?
Агар ғилайлик касаллик бўлса, унга сабаб бўлувчи омиллар, масалан смартфонларнинг болалар кўзига таъсири ҳақида, шунингдек, касалликнинг олдини олиш йўллари, даволаш чоралари ва ғилайликнинг кўриш ўткирлигига таъсири ҳақида батафсил маълумот олиш учун малакали шифокор, профессор Абдуқодир Нурмухаммад ўғли САТТОРОВга мурожаат қилдик.
ТАНАМИЗДАГИ ҲАР БИР АЪЗО ЎЗИНИНГ ВАЗИФАСИНИ БАЖАРАДИ
Тана аъзоларимиз орасида бизни дунё гўзалликларидан баҳраманд қилувчи гавҳари шамчироғимиз – кўзларимиз алоҳида ўрин
тутади.

Биз баъзида кўзимиздаги мавжуд касалликлар ҳақида етарлича билимга эга эмаслигимиз сабаб, уни хавф остига қўямиз. Ана шундай ҳолатлардан йироқ бўлиш мақсадида бугун кўз касалликларидан бири бўлмиш ғилайлик ҳақида батафсил маълумот берамиз.

– Ғилайлик (страбизм) – кўзларнинг шундай ҳолатики, у кўрув ўқларининг қаралаётган жисмда ўзаро кесишмаслиги натижасида юзага келади. Кўриниши жиҳатидан кўзлар ўнгга, чапга, тепага ёки пастга, баъзан аралаш ҳолатда намоён бўлиши мумкин.

Агар кўз бурун томонга қараган бўлса яқинлашувчи ғилайлик агар, аксинча, чакка томонга қараган бўлса узоқлашувчи ғилайлик дейилади. Ғилайлик бир кўзда ёки иккала кўзда ҳам бўлиши мумкин.
ҒИЛАЙЛИК ЖИДДИЙ МУАММОМИ?
Ғилайлик – бу фақат ташқи кўриниш муаммосигина эмас, балки кўриш қобилятини бузилишиҳамдир. Ғилайликда кўриш ўткирлиги пасаяди, иккала кўз орасида алоқа, кўзни ҳаракатлантирувчи мушаклар орасида мувозанат ва ҳажмли кўриш қобиляти бузилади. Ғилайлик одатда 2-5 ёшликдан кўзларнинг ҳамкор ҳаракати бузилиши натижасида юзага келади. Туғилганда болалар иккала кўз билан бир вақтда кўра олмайдилар, “бинокуляр” кўриш секин аста 4 ёшгача шаклланади. Ғилайлик бошқа кўз касалликларининг оқибатида ҳам юзага келиши мумкин. Булар: миопия, гиперметропия, астигматизм.
ҒИЛАЙЛИК ҚАНДАЙ КЕЛИБ ЧИҚАДИ?
Соғлом кўзлар-гўзаллик ва саломатлик асоси. Улар орқали ҳаёт янада гўзал кўринади. Аммо кўз дўхтирларининг таъкидлашича, бугун болаларда ғилайлик касаллиги кўп учрамоқда. Хўш, у қандай келиб чиқаяпти, олдини олиш чоралари борми?
ҒИЛАЙЛИКНИНГ САБАБЛАРИ:
Наслий мойиллик, яқин қариндошларда ушбу касалликнинг учраши;

Кўзнинг оптик муҳитлари нуқсони;

Ҳомиладорлик вақтида ҳомиланинг турли интоксикация ҳолатига учраши (заҳарланишлар);

Боланинг турли оғир кечувчи юқумли касалликлар билан касалланиши;

Турли асаб касалликлари;

Бундан ташқари, юқори иситма, руҳий ёки жисмоний жароҳатлар ҳам ғилайликни юзага келишига туртки бўлиши мумкин.

– Кўзнинг ғилайлиги хасталигига яна нималар сабаб бўлиши мумкин?

Бошидан лат ейиш, бош мия хасталиклари, оғир кечган ҳомиладорликдан кейинги ҳолат, сочнинг кўзга тушиб туриши, нотўғри тақилган кўзойнак сабаб бўлиши мумкин. Ҳомиладорликнинг биринчи ойларида кўз мушакларининг нотўғри ривожланиши, психологик касалликлар ёки бош жароҳатланиши болаларда ғилайлик касаллигини келтириб чиқариши мумкин. Бундан ташқари, нимадандир қаттиқ қўрқиш сабабли ушбу касалликнинг келиб чиқиш ҳолатлари ҳаётда кўплаб учрайди. Кўз қири билан қия қараш, қизамиқ, қизилча, грипп, дифтерия (бўғма) каби инфекцион касалликлар яхши даволанмаса ҳам ғилайликка сабаб бўлиши мумкин. Узоқни ёки яқинни кўролмаслик, астигматизм, анизометропия каби туғма кўз касалликлари сабабли ҳам ғилайлик келиб чиқиши эҳтимоли бор.
СМАРТФОНЛАР - ҒИЛАЙЛИК САБАБЧИСИ
Жанубий кореялик олимлар смартфондан кўп фойдаланиш болалар учун зарарли эканини эътироф этди. Нигоҳ доимий равишда кичик экранга қадалаверса, кесишувчи ғилайлик юзага келади. Одатда ғилайликнинг бу тури беш ёшгача бўлган болаларда ривожланади. Европада, айниқса, кўп учрайди. Чоннам миллий университети касалхонаси тадқиқотчилари 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган 12 нафар беморни ўрганди. Уларнинг барчаси кесишувчи ғилайлик – нигоҳ бурун томонга қараб қоладиган ҳолатдан азоб чеккан.

Тадқиқот давомида болаларнинг барчаси смартфонларга тикилиб кунига 4-8 соат вақт сарфлагани аниқланди. Бунда кўздан экрангача бўлган масофа 20-30 сантиметрни ташкил этган.

Abduqadir Sattarov, [06.12.17 06:54]
Шифокорлар беморларга икки ой давомида смартфонлардан фойдаланмасликни тайинлади. Шундан сўнг 12 бемордан тўққиз нафари тезда соғайишни бошлади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ғилайлик ва кўриш қобилиятининг бузилиши билан боғлиқ бошқа муаммоларнинг олдини олиш учун смартфондан узлуксиз фойдаланишни чеклаш – гаджетга бир пайтда 30 дақиқадан кўп вақт ажратмаслик керак.
ҒИЛАЙЛИК ҲАР КИМДА ҲАР ХИЛ КЕЧАДИ
Ғилайлик ҳаммада турлича кечади. Айрим болалар яқиндаги нарсаларни яхши кўра олади, узоқдагиларни эса яхши пайқамайди. Бошқалари эса аксинча. Айрим ҳолларда боланинг кўз қорачиқлари бир-бирига яқинлашиб ёки бир-биридан узоқлашиши натижасида ҳам ғилайлик келиб чиқади. Мабодо бир кўз ёмон кўрсаю, иккинчи кўз ҳам шу тарафга бурилса, бундай ҳолатдаям ғилайлик пайдо бўлади. Бунда болани ёшлигиданоқ мутахассисга кўрсатиб, даволатиш яхши натижа беради.

ҚАЙСИ ШИФОКОРГА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ЛОЗИМ?
Болада ғилайлик узоқ вақт давом этса, дарҳол кўз шифокорига ва невропатологга мурожаат қилиш керак. Бу касаллик шифокорлари барча зарур текширишларни ўтказиб бўлгач, келишилган кўрсатма асосида бошқа мутахассислар (неврапатолог, психолог ва бошқалар) маслаҳатига йўлланма бериб, фарзандингиз соғлиғига комплекс ва индивидуал ёндашган ҳолда энг самарали усуллар ёрдамида даволашга киришади.

Ғилайликнинг даволаш самарадорлиги фақат шифокор ва унинг тавсияларигагина боғлиқ бўлиб қолмай, балки беморнинг ҳам даволаш жараёнида фаол иштирок этишини тақозо этади. Бунда бемор ва унинг ота-онаси шифокорнинг барча тавсияларини ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлашлари, белгиланган машқ ва муолажаларни барчасини сабр билан бажаришлари зарур.

КАСАЛЛИКНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
* Чақалоқларнинг беланчаги ёнига ёрқин рангдаги ўйинчоқ-ларни осадиган бўлсангиз, албатта унинг эътиборини тортади ва у ўйинчоққа узоқ вақт тикилиб қарайди. Шунинг учун ўйинчоқни каравотдан 50 см. узоқликда илиш тўғри бўлади.

* Агар фарзандингизда ғилайлик хасталиги аниқланса, ўйин-чоқларни каравотнинг икки томонига осиб қўйинг. Шунда у ҳа деб тўғрига қарайвермайди.

* Майда ўйинчоқларга ҳам яқиндан тикилиш шу касалликка сабаб бўлиши мумкин. Шунинг учун каттароқ ҳажмдаги ўйинчоқ сотиб олинг ва уни фарзандингизга яқинлаштирмасдан узоқроқдан қаратинг.

* 2 ёшдан 4 ёшгача бўлган болалар расм дафтарига ёки китобга жуда яқин масофадан тикилиб чизаётган, китоб ўқиётган ёки телевизор томоша қилаётган бўлса, узоқ масофада ўтиришларини уқтириш, ҳаттоки, бир муддат телевизор томоша қилишни таъқиқлаб қўйиш керак бўлади. Бу ёшдаги болаларнинг кўриш қобилияти тўғри ривожланиши учун яна нақш ишлаш санъати (мозаика), калейдоскоп, стол устида футбол, хоккей ва бадминтон ўйинлари фойдали ҳисобланади.

* Болалар А, Е, С витаминларига бой таомларни кўпроқ истеъмол қилишларига эътибор бериш керак. Бунинг учун кўпроқ сабзи шарбатига лавлаги ва бодринг шарбатини қўшиб ичиш тавсия этилади.

Катталар учун эса қора қарағат меваси ёки барги (200 гр сувга 5 гр қуритилган барги) қайнатмасини бир кунда бир неча марта чой ўрнида ичиш тавсия этилади.
ФИТОТОМЧИЛАР БИЛАН ДАВОЛАШ
Шивит (укроп)дан кўз учун томчи дори тайёрлаш мумкин.

Бунинг учун 10 гр шивит кукунига 200 гр қайнаган сув қуйиб, тиндириб қўйинг. Тайёр бўлган қайнатмадан бир кунда 2-3 марта кўзга 1-2 томчи томизиш тавсия этилади. Ундан кўз учун буғли ванна сифатида ҳам фойдаланиш мумкин.

Кўзга асал ниҳоятда фойдали.

Abduqadir Sattarov, [06.12.17 06:54]
Асалли томчи учун бир ош қошиқ қайнаган сувга бир чой қошиқ асалнинг тўртдан бир қисми қўшилса, кифоя. Томчи дори тайёр бўлгач, ундан бир кунда икки марта 1-2 томчидан кўзга томизинг.
КЎЗ ГИМНАСТИКАСИ
Эслаб қолинг, ғилайлик касаллигида шифобахш гиёҳлар билан халқ табобати усулида даволаш шифокор тавсиясига қўшимча даво ҳисобланади. Шу жумладан, кўз гимнастикаси билан даволаш ҳам беморлар учун фойдадан ҳоли бўлмайди.
1-машқ.
Офтобга тескари турган ҳолатда, бир томонга оғган кўзни очиқ қолдириб, тўғрига қараган кўзни қўл билан беркитиш лозим. Кейин эса бошни оғган кўз томонга офтоб нури туширмасдан буриш тавсия этилади. Ушбу ҳаракатларни камида 10 марта такрорлаш керак.
2-машқ.
Қўлларингизни олдинга узатинг, кейин кўрсатгич бармоғингизни галма-галдан бурнингиз учига текказинг. Нигоҳингизни қўлларингизга қаратинг. Мазкур машқни тез-тез ва узоқ вақт такрорланг, токи кўзингиз чарчаб кўз ёши чиққунча.
3-машқ.
Кафтингиз билан кўзларингизни маҳкам ёпинг. Ёруғлик тушмаётганлигини текшириб кўринг. Қоронғиликда кўзингизни очиб турли буюм ва нарсалар шаклини тасаввурингизда чизинг. Масалан: апельсин, гул, илон, квадрат ва бошқалар.
Юқорида қайд этилган айрим муолажаларни 1,5-2 йил муддатда таъсири сезилмаса, унда жарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилади. Жарроҳлик операциясидан кейин ҳам ушбу гимнастикани қўллаш лозим. Гимнастика машғулотлари кўз фаолиятини меъёрдаги ҳолатга келтиради.
Ғилайликни операциясиз махсус кўзойнак тақиш билан ҳам тузатиш мумкин. Фақат шифокорга ўз вақтида мурожаат қилиш лозим.
ЯНГИ ТУҒИЛГАН БОЛАДА...
Кўпинча янги туғилган чақалоқнинг кўзи икки четга ёки ўртага қараб силжиб қолади. Шунда кўзлари ғилай бўлиб қолганидан ота-она чўчиб кетади. Кўзи ҳар хил томонга кетиб қолиши бир неча сония давом этади.

Янги туғилган чақалоқда кўз мушаклари яхши ривожланмаган бўлгани туфайли бу нормал ҳолатдир. Кўз мушаклари боланинг барча бошқа мушаклари сингари ўз маромига етиши лозим. Албатта кўз мушаклари тез ривожланади.

1. Агар ҳомиладорлик ёки туғиш жараёнида она ёки бола маълум шикаст еса, у ҳолда бола миясида кўз мушакларига жавоб берувчи айрим қон сосудлари ёрилиб, бола туғилиши билан кўзи ғилай бўлиши мумкин. Агар вақт ўтган сайин бу ғилайлик ижобий томонга ўзгармаса, у ҳолда окулистга учранг. Лекин кўпинча бундай туғма ғилайлик ўз-ўзидан ўтиб кетади.

2. Чақалоқнинг кўзини ғилай ёки бир томонга силжиб кетгандек кўринишига яна бир сабаб – бу юз мушакларининг ҳам бир оз катталарникидан фарқли (етарлича ривожланмаган) эканлигидан келиб чиқиши. Бу ҳолат ҳам ҳеч қандай муолажани талаб қилмайди ва бола юзи катталашган сари ғилайлик ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетади.
ҒИЛАЙЛИК ДАВОЛАНМАСА...
Ғилайлик ўз вақтида даволанмаса маълум муддатдан сўнг “амблиопия” деб аталувчи кўзнинг “дангасалик” ҳолати юзага келади. Бу ҳолат бош миянинг ҳимоя механизми сифатида иккала кўздан келаётган турли маълумотни қабул қилмайди ва ғилай кўздан келаётган ахборот блокланади. Натижада ғилай кўз билан алоқа борган сари ёмонлашиб, ғилайлик янада кучаяди ва кўзнинг кўриш қобиляти ҳам пасаяди.
Зулфизар ИСОҚОВА ёзиб олди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий