ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 7 декабря 2017 г.

Abduqadir Sattarov, ИСИРИҚ – ҚИШКИ МАВСУМДА ЭНГ САМАРАЛИ ДАРМОНДОРИ

Abduqadir Sattarov,
ИСИРИҚ – ҚИШКИ МАВСУМДА ЭНГ
САМАРАЛИ ДАРМОНДОРИ
  “Исириқ – минг бир дардга даво”, дейишади. Айниқса, қишки мавсумда, халқимиз ундан заҳарли вирус ва инфекцияларни ҳайдаш мақсадида мунтазам равишда фойдаланишади. Агар мумкин бўлса, ана шу борада батафсил маълумот ҳамда исириқдан фойдали тавсиялар берсангиз.
Меҳрибон Қобулова,
Сирдарё вилояти.
Исириқ ўзининг кўпдан-кўп хосиятлари билан Шарқ халқларининг севимли шифобахш гиёҳи ҳисобланади. Шу туфайли бўлса керак, исириқ барча офат ва хасталикларнинг олдини олувчи қалқон сифатида ирим ашёси бўлиб келган. Ривоятларга кўра, хонадонда исириқ тутатиб
турилса, касаллик кам бўлади, чунки исириқ инс-жинсларни ҳайдаб чиқаради. Ўз даврида исириқда қандайдир куч бор, деб билиш шифобахшлик хусусиятларини тушуниб етмаганликнинг натижасидир.
Ваҳоланки, илмий тиббиёт исириқ таркибида мавжуд бўлган таъсирчан моддалар кўзга кўринмас микроаъзоларга қирон келтиришини исботлаб берди.
Ҳозирда илмий тиббиётда исириқдан ажратиб олинган гарминал-колоиди ва ўсимлик илдизидан тайёрланган спиртли дамлама паркинсон хасталигини, тутқаноқ, энцефалит, бош миянинг яллиғланиши асорати – қалтирашни даволашда ҳамда ухлатувчи дори сифатида ишлатилади. Исириқни баъзида хармал, исвант, адрасмон, гармала деб аташлари ҳам бежиз эмас. Унинг асл оти ҳазораспбанддир (форсча «минг отни тутишга қодир»).
Бундан минг йилларча муқаддам машҳур юнон табиблари Жоленус (Гален) ва Дискаридус (Диоскорид) томонидан исириқ атрофлича таърифланиб, шифобахш хусусиятлари кўрсатиб ўтилган эди. Буюк табиб Абу Али ибн Сино ҳам бир қатор хасталикларни даволашда исириққа мурожаат қилган.

ИСИРИҚ – ШИФОБАХШ ЭЛЕМЕНТЛАРГА БОЙ

Исириқнинг барча қисмлари ва уруғи алкалоидларга бой. Ўсимлик илдизида 3,3 фоизгача, поясида 3,57 фоизгача, баргида 4,96 фоиз ва уруғида 6,60 фоизгача алкалоидлар борлиги қайд қилинган бўлиб, улар йиғиндисидан гармолин, гармин, пеганел, дезоксипеганин каби моддалар ажратиб олинган. Булардан ташқари уруғида кўп миқдорда мой бўлади.
Исириқ уруғидан жувоз ва бошқа усуллар билан ёғ олиш мумкин.
Ёғнинг хусусияти: миядаги тўсиқларни очиш, пайларни мустаҳкамлаш, пайлардаги елларни тарқатиш. Исириқ ёғини озуқа сифатида истеъмол қилиш ҳам мумкин.

ТАВСИЯЛАР:

* Абу Али ибн Сино исириқни қуймич асаблари шамоллашида, тизза ва суяклар қақшаб оғришида оғриқ қолдирувчи дори сифатида ишлатган. Бунинг учун ўша оғриган ерга исириқнинг ер устки қисмини эзиб, қўйишни тавсия этган.
* Шунингдек, у исириқдан кучли пешоб ҳайдовчи сифатида ҳам фойдаланган. Бунинг учун исириқ гулларидан дамлама тайёрлаб ичишни буюрган.
* Халқ табобатида эса исириқнинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатма бод, безгак, тутқаноқ, уйқусизлик, шамоллаш ва бошқа касалликларни даволашда ишлатилади.
* Булардан ташқари, бу дамламадан ванна қабул қилиш орқали эса қўтир, қичима ва бошқа тери касалликларига ҳам даво топиш мумкин.
* Уруғидан тайёрланган қайнатма зиғир уруғининг қайнатмаси билан бирга нафас қисиши, нафас олишнинг қийинлашишида, қалампир уруғи қайнатмаси билан заҳм, бод касалликларини даволашда ишлатилади.

ИСИРИҚНИНГ ЯНА БИР ҚАНЧА ШИФОБАХШ ХУСУСИЯТЛАРИ:

Исириқ ичаклардаги бодни ҳайдайди, қуюқлашган моддаларни таҳлил қилади, совуқ мижозли кишиларга жинсий қувват бағишлайди, баданни семиртиради, пешоб, тер, сут ва ҳайз юришини равонлаштиради. Савдо, қуюқ балғамни ич кетиши билан даф этади.

ФОЙДАЛИ МАСЛАҲАТЛАР:

Abduqadir Sattarov, [08.12.17 06:36]
1. Исириқдан қайнатма тайёрлаш учун кастрюлкага 250 грамм сув қуйинг ва майдаланган исириқдан бир чой қошиқ солиб, паст оловда 5 дақиқа қайнатинг-да, 2 соат сочиққа ўраб, дамлаб қўйинг. Кейин докада сузиб олиб, кунига 3-4 маҳал, овқатдан олдин, бир ош қошиқдан ичинг.
2. Исириқни тутатиб, тутунига 21 марта бошни тутинг. Бу тутун сизни инфекциялардан ҳимоялайди.
3. Бир боғ исириқни бир челак сувда қайнатиб, докада сузиб олингач, ваннага қуйинг, устига иссиқ сув қуйиб, то сув совигунича ваннада ётинг. Бу ванна бош оғриғига даво бўлади.
4. Бир сиқим исириқни 400 мл сувда паст оловда 5 дақиқа қайнатинг. Шу қайнатмага 10 кун давомида пахта ёки матони шимдириб, оғриган жойга суртиб турсангиз, тизза ва суякларнинг қақшаб оғришига даво бўлади.
5. Исириқ тутатсангиз, хонангизнинг ҳавоси тозаланади, микроб ва инфекцияларга қирон келади.
6. Исириқ мойи баданга чапланса, жинсий қувватни оширади, ҳуқна қилинса, бел ва ёнбош оғриғи, буйрак ва бачадаоннинг совуқликлари учун фойдали.
Эслатма:
1. Исириқнинг ҳамма қисми заҳарли бўлгани боис ундан фойдаланишда шифокор (табиб) тавсиясига амал қилиш лозим.
2. Иссиқ мижозли кишиларга исириқни истеъмол қилиш зарарлидир, бош оғриқ келтиради, юракни беҳузур қилади.
3. Исириқни туйиб, хонанинг бурчаклари ва полига сепиб қўйилса, ҳар хил ҳашоратлар бу хонадонга йўламайди, борлари қочиб кетади.

Абдуқодир Нурмуҳаммад ўғли САТТОРОВ
“Малҳам” табобати маркази раҳбари, профессор.

Комментариев нет:

Отправить комментарий