ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 19 ноября 2017 г.

Норбеков аслида ким?

Норбеков аслида ким?
Мирзакарим Норбеков ҳақида эшитганмисиз? Тахминимча, эшитгансиз. Ҳар қалай сўнгги 2-3 йил ичида менга дуч келган «шахсий ривожланиш» мухлисларидан унинг исмини шу қадар кўп марта эшитдимки, бу одам дунё илм-фанида инқилоб қилиб юборган шекилли деб ўйладим.
Унинг исми бунчалик оммалашиб кетиши мени бир оз ҳайрон қолдирди. Чунки 2010 йилларда мен биринчи марта унинг исмини эшитганман ва унинг «Насриддин кўзаси» китоби юзасидан Россия радиоларидан бирига берган интервюсини эшитиб кўрганман. Ўшанда русчада унчалик яхши гапира олмайдиган бир одам бир-бирига мантиқий алоқаси йўқ мавҳум гапларни гапиргани
эсимда.

2015 йилдан бери менга хат ёзаётган баъзи китобхонлар Норбековни халқ тилида айтганда «асфалтга ётволиб» мақташи сабаб, бу инсонга яна қизиқдим. Шундан бери унинг одамнинг психологик саломатлигини тиклашда, шахсий ривожланишдаги «инқилобий» ғоялари ҳақида эшитавериб, унга бўлган қизиқишим яна ортди. Лекин барча мақтовлар унинг «шогирдлари» ва “издошлари“дан бўлганлиги, бу мақтовлар баъзан ўта муболағага белангани хаёлимга шубҳа оралатди. Аста-секин бу шахснинг кимлигини билиш учун, шахсий журналистлик терговимни бошладим (профессионал журналистликка мутлақо даъво қилмаган ҳолда, албатта).

Изланишларим натижасида аниқлаган фактлар бу одам аслида уста фирибгар ва кўзбўямачи эканини фош қилди. Шундан бери бу одамни шахсан менга мақтаган одамга, Норбеков ҳақидаги асл гапни етказишга уриндим. Кимдир ишонди, кимдир ишонмади. Мени ҳасадда айблаганлар ҳам бўлди (мен унинг нимасига ҳасад қилишим мумкинлигини тушунмадим лекин). Нима қилса, бу уни иши - одамлар унга кўр-кўрона ишонишни танласа, майли - бу уларнинг ҳуқуқи, деб бу масалага эътибор бермасликка уриндим.

Яқин кунларда янги бир китобхон унинг услуби ёрдамида миллионлаб (!) одамлар шифо топаётгани айтиб, унинг илмий ютуқларини расмий тиббиёт ҳам тан олгани ҳақидаги сафсата сабр косамни тошириб юборди. Норбеков ҳақида изланиб, топган ҳақиқатларимни ҳамма билан улашишга қарор қилдим.

Норбеков аслида кимлигини билишни, келинг, унинг Ўзбекистондаги маркази учун очилган сайтидан бошласак. Сайтда унинг сертификатлари келтирилган саҳифа бор (манба). Унда келтирилган 4 ҳужжатни яхшилаб ўрганиб чиқамиз. Биринчи ҳужжат Норбеков номига Бирлашган Миллатларнинг Халқаро Қироллик Академияси (International Royal Academy of the United Nations) томонидан берилгани экан. Унда айтилишича, Норбеков жаноблари шу академия бош директори ваколати билан тақдирланган эмиш. Мен ушбу “академия“нинг сайтини топдим (манба). Унинг «Бошқарувчилар» бўлимида Норбеков исми келтирилган (манба). У ерда Норбеков «Вице-Президент» лавозимида кўрсатилган. Сайтнинг сифати ва унда берилган маълумотлар бу мутлақо сохта академия эканини, унинг БМТга ҳеч бир алоқаси йўқлигини яққол кўрсатиб турибди. Унда БМТнинг сайти манзили www.Unitednations.com каби, UNICEF сайти манзили www.unisef.com каби берилган. Аммо бу ҳаволаларга босилганда, яна шу сохта академия сайтининг ўзи очилади.

Иккинчи ҳужжат Россия анъанавий тиббиёт ва халқ табобати мутахассислари профессионал тиббий ассоциацияси (Российская профессиональная медицинская ассоциация специалистов традиционной и народной медицины) деб номланган ташкилот томонидан Норбековга унинг «Россия халқ табобатига киритган улкан ҳиссаси учун» берилган экан. Бу ташкилот номининг ўзи жуда мужмал ва шубҳали туйилгани сабаб, унинг аслида нима эканини аниқлашга киришамиз. Россиядаги сохта бизнеслар базаси бўлган «Ҳаққоний бизнес учун» («За честный бизнес») сайтида ушбу ташкилотни ҳам топамиз (манба). У ерда берилган маълумотга кўра, бу ташкилот аслида оддийгина МЧЖ бўлиб, унинг бирор иш манзили ёки лицензияси йўқлиги айтилган. Шунинг ўзи бу «диплом» қанчалик расмий эканига етарли асос.

Кейинги ҳужжат Норбеков номига берилган патент бўлиб, Россия ҳукуматига тегишли патентлар реестрига кўра, 2012 йилда ўз кучини йўқотган (манба).

Саҳифадаги сўнги ҳужжат Халқаро фанлар, таълим, саноат ва санъат академияси (The International Academy of Sciences, Education, Industry & Arts) томонидан берилган дипломдир. Ундаги матн Норбеков академия аъзоси эканини тасдиқлашини айтади. Биз бу навбатдаги сохта академия сайтини очамиз ва унинг аъзолар рўйхатидан Норбеков исмини топа олмаймиз (манба). Рўйхатда Оморбай Нарбеков келтирилган - аммо бу Қирғизистонлик олимнинг бизнинг Норбековга ҳеч бир туки ҳам алоқадор эмас (манба). Энг кулгилиси шундаки, бу “академия“нинг шарафли аъзолари орасида Ислом Каримов, Горбачёв, Кучма каби собиқ президентлар қатори Арнолд Шварцеггер ҳам санаб ўтилган (манба). Бу аъзолар исмидаги ҳаволалар, тахмин қилганимиздек, мавжуд бўлмаган саҳифаларга олиб ўтади.

Энди жаноб Норбековнинг илмий даражаларига келсак. Норбековнинг Москвадаги маркази расмий сайтида бу даҳо ҳақида келтирилган таржимайи ҳол шундай сўзлар билан бошланади: “академик, психология фанлари доктори, тиббиёт фалсафаси доктори, бир қатор Россия ва халқаро академияларнинг амалдаги аъзоси, ёзувчи, сайёҳ, сураткаш, мусаввир, спортчи, Киокишункай каратеси бўйича қора белбоғ соҳиби..." (манба). Хуллас, бу одамга берилган таъриф Нитше айтган «олий одам» («суперҳуман») таърифига жуда яқин келган. Бу унвон ва мақтовлардан биз аввало илмий даражалар қанчалик ҳақиқатга яқин эканини текширамиз. Норбековнинг аввалги хотини (ҳа - шунча “ютуқ“қа эришган «олим» ва «файласуф» оила бутунлиги масаласида озгина оқсаган экан) Лариса Фотина ўзининг «Турмуш ўртоғим Норбеков ёки Лора қандай дунёга келган» («Мой муж Норбеков, или как родилась Лора») деб номланган китобида қуйидаги фикрларни келтиради:

“Мендан “У қайси академиянинг академиги? Биз ҳамма академияларнинг ҳамма рўйхатларини кўриб чиқдик - у ҳеч бирида йўқ!« деб кўп сўрашади. Албатта у йўқ рўйхатларда! Билишимча, Мирзакарим Тошкент пахтачилик институтида 3 курсгача ўқиган. Сўнгра, ўзининг айтишича, ўқитувчиси сабаб ўқишни ташлаган.» («Меня часто спрашивают: »Какой академии он академик? Мы просмотрели все списки всех академий, его нигде нет!« И не может быть! Насколько известно, за семь лет учебы Мирзакарим закончил три курса в Институте хлопководства в Ташкенте. И бросил официальное образование, с его слов, по требованию учителя.») (манба).

Бундан ташқари, Норбеков ўзининг “Тентакнинг ҳаётий тажрибаси..." китобида у карате бўйича Собиқ Иттифоқ чемпионатида кумуш медал соҳиби бўлганини айтиб ўтган. Аммо бу ҳам навбатдаги ёлғон бўлиб, сергак бўлмаган ўқувчи кўз ўнгида ўз шахсиятидан сунъий идол ясаш учун ишлатилган арзон уйдирма (манба).

Бу нарсаларни билган сари ғазабим ошиб борди. Мен ўз китобларимда кечиримли бўлишни, одамларнинг ҳар қандай танловини ҳурмат қилишни тарғиб қиламан. Аммо бу ҳолатда ортиқ жим туришга имкон кўрмадим. Фалсафани арзонга сотган, уни пул топиш қуролига айлантирган - илмнинг қадрини туширган одамни кўриб, жим турмайман. Бу одамнинг мухлислари уни Ўзбекистоннинг фахри деб биладилар. Аксинча - у халқимиз учун исноддир. Илм-фанда ҳақиқий ихтиролар қилган олимларимиз йўқмики, кунимиз шу сохта олим, сафсатабозга қолса? Йиллар давомида асл фан билан машғул бўлаётган уламоларимиз, одамлар дардига дармон топаётган тиббиёт фани зиёлиларига нисбатан мисли кўрилмаган ҳурматсизлик бу.

Норбеков “тўри“га тушган ёшлар орасида қандайдир жисмоний нуқсони бор ёки психологик комплексга чалинганларни кўп учратдим. Уларнинг тарғиботидан шу маълум бўлдики, у бундай одамларга умид сотиш билан шуғулланар - уларга «ҳаракат қилсанг, астойдил интилсанг - нуқсонингни бартараф этишни уддалайсан» дер экан. Интуицияни ўстиришни ваъда қилар экан. Буни амалда ишлашини тасдиқлаш учун ҳам Норбеков ўз шахсини мукаммал қилиб кўрсатишга - ана шу қийин юмушларни уддалаган одам сифатида намойиш қилишга интилади.

Бундай ёндашув мен таклиф қилаётган фалсафага мутлақо зид. Мен одам ўз нуқсонларига ўралашиб қолиши, ҳаётини улар билан тинимсиз курашга айлантиришига қаршиман. Мен ҳар бир одам ўзининг кучли жиҳатлари устида ишласа, шуларни қадрлашни билсагина шахсий ўсишда илдамлашига ишонаман.

Норбековнинг эргашувчилари у китобларида ёзган гаплари мен илгари сурган фалсафага мос эканини айтишади. У ҳам мен каби шахсий эркинликни тарғиб қилар эмиш. Аммо ҳалигача бирорта “норбековист“дан “Нега у эркинликни тарғиб қилса, доим унинг машғулотларига борасизлар? Нега эркин шахс сифатида танқидий фикрлашни билмайсиз? Нега менга ўз шахсий қарашларингни эмас - фақат ундан эшитган гапингизни уқтирасиз?" каби саволларимга тайинли жавоб олганим йўқ. Тахминимча, олмайман ҳам.

Мен баъзи фикрларимни Норбековдан ўғирлаб ёзган эмишман ҳам. Буниси умуман ҳеч бир ўзанга сиғмайдиган гап. Мен тарғиб қилаётган фалсафамни қаердан «ўғирлаганимни» очиқ айтишим мумкин: Яссавий, Нақшбанд, Кастанеда, Нитше, Маркс ва Афлотунлардан кўчирганман. Ҳаётдан кўчирганман. Мана, айбимни тан олдим. Энди норбековчиларга бир нимани уқтиришдан қўлимни юваман!

Жавлон Жўраев

iqtisod.uz

Комментариев нет:

Отправить комментарий