Хотам Той
Хотам Той ўзининг
саҳовати билан оламга машҳур ва маъруф бўлган. Халқлар орасида у ҳақда кўплаб
ривоятлар тарқалган. Шулардан бирида айтилишича Хотам Тойнинг эгизак укаси
бўлган экан. Акасининг эл-юрт орасида обрў-эътибори юқорилигини ҳавас қилиб у
ҳам ўзича саҳоват қилган. Бироқ қанча ҳаракат қилмасин Хотам Той каби обрў ва
шуҳратга эриша олмади. Шунда у хуноб бўлиб онасига нолиди:
- Нега одамлар
акамни мақтайверади, мен ҳам акамга ўхшаб саҳийлик қиламан-ку?
- Сен аканг каби
саҳийлик қила олмайсан. У сендан кўра анча саҳоватлироқ, - жавоб берди онаси.
- Йўқ, мен ҳам у
каби саҳийман. Ана – қирқ дарчалик қўрғонча қилиб қўйдим. Ҳар бир дарчадан
эҳсон ва садақалар бераман.
Шундан сўнг онаси бошқа
сўз айтмади.
Эртасига ука ўз
одатича қўрғончасига борди. Юзига рўмол тортган бир кекса кампир келиб садақа
сўради. Садақани берди. Кейин нариги дарчани кимдир таққиллатди. Бориб қараса,
яна ўша кампир. Ҳайрон бўлди-ю, лекин садақани берди. Ундан кейин учинчи дарча
таққиллади. Қарса – яна ўша кампир! Қошларини чимриди-ю, лекин яна садақа
берди. Ниҳоят тўртинчи дарчадан ҳам ўша кампир кўрингач, тоқати қолмади:
- Сен ўзи қанақа
одамсан?! Уч марта садақа сўрадинг, бердим. Яна сўрагани уялмайсанми?!
Шунда кампир
юзидаги рўмолни очди. Қараса – ўзининг онаси. Шунда она унинг саволига жавоб
берди:
- Кўрдингми, болам?
Сен акангдек саҳий бўла олмайсан. Ваҳолонки аканг ҳам шундай қўрғончасидан
садақа қилаётганида ҳамма дарчалардан келиб садақа сўраганман. Бироқ бирор
марта ҳам юзини буриштирмасдан, очиқ чеҳралик билан илтифот қилган. У
гўдаклигида ҳам фақат бир кўкрагимни эмар, иккинчисини тутсам сенга илиниб
ҳаргиз эммас эди. Сен эса бир кўкрагимни эмсанг, иккинчисини қўлинг билан
чангаллаб тўсиб олиб, қизғониб турар эдинг. Мен ўшандаёқ акангдек бўла
олмаслигингни билган эдим, болам.
Комментариев нет:
Отправить комментарий