Хўш, болаларимизнинг витаминларга эҳтиёжини қондира
олаяпмизми? Бу борада биз ишонган ҳақиқатларнинг айримлари шунчаки афсона
эканлигини шифокорлар исботлаб беришди.
1-афсона. Бола озиқ-овқат маҳсулотлари, мева ва
сабзавотлардан ўзига керакли миқдорда витаминларни қабул қилади.
Ҳақиқат. Озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги витаминлар
меъёрнинг фақат 10-30 фоизини ташкил этади. Шу сабабли кундалик овқатланиш
рационини тўғри ташкиллаштирганимиз билан боланинг витаминларга эҳтиёжи
тўлалигича қондирилмайди. Бундан ташқари, бола С витамини етишмовчилигини
тўлдириш учун лимон ёки салатларни килолаб ея олмайди-ку! Ёки етарли даражада D
витамини қабул қилиш учун унга қошиқлаб балиқ ёғи ичира оласизми?! Қолаверса, D
витамини танага сўрилиши учун маълум миқдорда кальций ҳам керак. Шу боис
шифокорлар йил давомида ичиб туриш учун витаминлар мажмуасини тавсия этишади.
2-афсона. Фақат табиий витаминларгина организмга яхши
сўрилади.
Ҳақиқат. Замонавий ва сифатли поливитаминлар нафақат табиий
витаминларнинг ўрнини босади, улар организмга яхшироқ сўрилади ҳам. Чунки
истеъмол қилинган егуликнинг ҳаммаси ҳам ичакда қайта ишланавермайди ва қонга
сўрилавермайди. Тайёр витамин-минерал мажмуалари эса анча осон парчалангани
учун организм уларни ҳеч қийинчиликсиз ўзлаштиради.
3-афсона. Витаминларни узоқ вақт қабул қилиб бўлмайди. Бу
гипервитаминоз (организмда витаминлар миқдорининг ортиб кетиши)га олиб келади.
Ҳақиқат. Агар миқдор тўғри танланса, гипервитаминоз юзага
келмайди. Фақат ёғда эрийдиган 4 та витамин (А, D, Е ва К)нинг ортиб кетиши
ҳақида гапириш мумкин. Шунда ҳам меъёр бузилиши учун уларнинг дозаси ўн, юз
баробар ошириб истеъмол қилиниши керак. Бошқа ҳолларда эса ортиқча витаминлар
пешоб орқали танадан осонгина чиқариб юборилади.
4-афсона. Ёзда организм витаминлар заҳирасини ғамлаб олади.
Ҳақиқат. Бу хато фикр. Чунки фақат ёғда эрийдиган 4 та
витамин (А, D, Е ва К)гина озгина муддатга заҳира тарзида организмда сақланиб
тура олади. Қолган витаминлар эса сувда эрийдиганлар гуруҳига мансуб бўлиб,
организмдан тезгина ювилиб тушиб кетади. Шунинг учун катталар ҳам, болалар ҳам
ҳамиша витаминлар заҳирасини тўлдириб туришга муҳтож.
5-афсона. Болага витаминларни у касал бўлганда бериш керак.
Бу беморнинг тузалишини тезлаштиради.
Ҳақиқат. Айрим шифокорлар ҳақиқатан ҳам дориларни витаминлар
билан бирга ёзиб беришади. Аммо тажрибали педиатрларнинг такидлашича, вирус ва
инфекцияларни витамин билан «боқиш» керак эмас. Поливитамин мажмуалари дори воситаси
эмас. Уларни касалликларнинг олдини олиш, организмнинг ҳимоя кучларини
мустаҳкамлаш учун қабул қилиш керак. Шу боис витаминотерапияни бемор
соғайганидан кейин организмнинг тезроқ тикланиб, ўзига келишини таъминлаш учун
ўтказган маъқул.
6-афсона. Сунъий витаминлар аллергияни юзага келтириши
мумкин.
Ҳақиқат. Агар поливитамин мажмуаларининг қўллаш
йўриқномаларини диққат билан ўқиб чиқиб, уларга аниқ амал қилинса, одатда
аллергик реакциялар бўлмайди. Аллергия юзага келганда эса витаминлар билан
бирга бола нима егани ёки ичганини таҳлил қилиш лозим.
Мутахассис фикри
Нигора РАҲИМОВА, тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали шифокор-педиатр: — Мен витаминларнинг ҳуда-беҳуда қабул қилинишига қаршиман. Чунки организмнинг
витаминларни ўзлаштира оладиган ва ўзлаштира олмайдиган пайти бўлади. Масалан,
ичи кетаётган болага витамин бериб бўлмайди. Чунки витаминлар асосан ичакда
сўрилади. Ич кетаётган пайтда эса улар шунчаки ювилиб кетади. Шунингдек,
бизнинг иқлим шароитимиз ҳам ўзига хос. Бизда туғилаётган болаларнинг 80
фоизида рахит касаллиги аломатлари кузатилади. Шунинг учун уларга умрининг
дастлабки йилида узоқ вақт D витаминини профилактик дозаларда бериш тавсия
этилади. Ёз ойларида эса бизда кунларимиз қуёшли. У теримизга таъсир кўрсатиб,
озиқ-овқат таркибидаги витаминларнинг сўрилишини осонлаштиргани учун
организмимизнинг витаминга эҳтиёжи камаяди. Шу сабабли ёзда витаминларни
профилактика мақсадида қабул қилиш тавсия этилмайди. Фақат даво учун қабул
қилиш мумкин.
Комментариев нет:
Отправить комментарий