ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 11 июня 2016 г.

қалб тиллар саломатлиги


Қалб ва тиллар саломатлиги

Ҳоким ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: «Рўза-(тийилиш фақат) ейиш ва ичишдан эмас. Балки рўза лағв ва беадаб сўзлардан (тийилишлик)дир. Агар сени бирор киши сўкса ва сенга жоҳиллик қилса: «Мен рўзадорман», деб айт».[1] Имом Аҳмад Язид ибн Абдуллоҳ ибн Шиххирдан, у Аъробийдан ривоят қилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни шундай деяётганларини эшитдим дея ҳадисдаги
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини ёдга олди: «Сабр ойи ҳамда ҳар ойнинг уч кунлик рўзаси қалб васвасасини кетказади».[2]

Итоаткор рўзадорларнинг иймони комил, хулқлари олий, қалб ва тиллари мўмин биродарларига нисбатан саломат эканига далолат қилувчи улуғ аломат ва мукаррам сифатлардан бири, қалбларида нафрат, ҳасад ва адоват йўқлиги. Тилларида эса ғийбат, чақимчилик ёки ёлғон йўқ эканидир. Балки қалбларида фақат муҳаббат, хайр, раҳм, шафқат ва икром қилишликнигина кўтарганлар. Тилларида эса фақат фойдали калималар, манфаатли сўзлар ва чин чақириқлар айланади. Демак, улар Аллоҳ уларга олқиш айтиб, пок кишилар деб айтганлар гуруҳидадир: «Улардан кейин (дунёга) келган зотлар айтурлар: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин ва қалбларимизда иймон келтирган зотлар учун бирон ғилли-ғаш қилмаган. Парвардигоро, албатта Сен меҳрибон ва раҳмлидирсан»» (Ҳашр: 10). Раббилари уларни икки буюк хислат ва икки олий сифат билан васф қилди. Уларнинг бири тилга боғлиқ бўлиб, тилларида мўмин биродарларига фақат насиҳат ва дуо мавжуд: «Парвардигоро, Ўзинг бизларни ва бизлардан илгари иймон билан ўтган зотларни мағфират қилгин». Иккинчи хислат эса қалбга боғлиқ бўлиб, уларнинг қалблари мўмин биродарларига нисбатан саломатдир. Унда кек, ҳасад, нафрат ёки ғийбат ва шунга ўхшашлар йўқ.

Қалб ва тил саломатлиги рўзанинг тўкис ва мукаммал эканига энг рост ҳужжат ва энг ёрқин далиллардандир. Дарҳақиқат, салафлар роҳимаҳумуллоҳ ораларида қалб ва тили саломатроғини афзалроқлари деб ҳисоблардилар. Иёс ибн Муовия ибн Қурро шундай деди: «Уларнинг наздида (яъни, салафлар) афзаллари қалблари саломатроқ ва ғийбати озроқлари эди».[3] Суфён ибн Дийнор деди: «Абу Баширга шундай дедим (у Алийнинг асҳобларидан эди): «Менга бизлардан олдингиларнинг амаллари ҳақида хабар беринг». У айтди: «Улар оз амал қилиб, кўп ажрга эришардилар». (Ровий) айтади: Мен дедим: «Ахир бу қандай?» У: «Қалблари саломат бўлгани учун», деди».[4]

Рамазон қалб ва тиллар ҳар қандай хиралик ва дардлардан саломат бўлиш учун олтин фурсат ва илоҳий тортиқдир. Рўзангизнинг аҳамиятга молик жиҳати таом ва ичимликдан тийилишингизу, қалбингиз Аллоҳнинг бандаларига нисбатан нафрат, ҳасад ва кек сақлашда ифтор қилиши ёки тилингиз ғийбат, чақимчилик, фириб билан муомала қилиш, ёлғон, ҳақорат ва сўкишликда ифтор қилиши эмас. Чунки кимнинг ҳоли шундай бўлса, бас, у рўзасидан фақат очлик ва чанқоқни «фойда» ўлароқ қўлга киритибди. Ҳадисда (айтилишича): «Гоҳида рўзадорнинг рўзасидан улуши очлик ва чанқоқ бўлади. Гоҳида (тунда) қоим бўлган кишининг қиёмидан улуши бедорлик бўлади».[5] Аҳмад Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ҳадисларидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга етадиган иснод, «марфуъ» ўлароқ ривоят қилди.

Дарҳақиқат, ўша афзал зотларнинг қалб ва тиллари саломат бўлиши учун энг улкан сабаб Аллоҳга боғланишлари кучли ва Ундан ниҳоятда рози эканликлари эди. Ибнул Қоййим роҳимаҳуллоҳ шундай дедилар: «Розилик унга саломатлик эшигини очади. Натижада қалбини фириб билан муомала қилиш, айб-(иллат) ва нафратдан саломат, тоза қилади. Аллоҳнинг азобидан фақат Унинг ҳузурига саломат қалб билан келган кишигина нажот топади. Шунингдек, ғазаб ва норозилик билан қалб саломат бўлиши маҳолдир. Банданинг розилиги ошиб боргани сари қалби саломат бўлаверади. Тубанлик, иллат-(айб) ва фириб билан муомала қилиш ғазабнинг шеригидир. Қалбнинг саломатлиги, унинг эзгулиги ва самимий экани розилик ҳамроҳидир. Шунингдек, ҳасад ғазабнинг самараларидан. Қалбнинг ундан саломат бўлиши розилик самараларидандир».[6]

Розилик самараларидан бири бўлмиш қалб саломатлигининг самараларини санаб адоғига етиб бўлмайди. Дил саломатлиги дунёда роҳат, унсият ва ҳотиржамликдир. Охиратдаги савоби эса энг яхши савоб. Ўлжасига келсак, зеро бу энг катта ўлжадир. Хабар-(асар)да келишича Зайд ибн Аслам деди: «Абу Дужона розияллоҳу анҳу касал эканида ҳузурига кирилди, юзи хурсандликдан ёнарди. Шунда унга: «Юзинга нима бўлди хурсанд кўринади?» – дейилди. У эса: «Амалимдан бирортаси мени наздимда иккисидан кўра мустаҳкамроқ эмас: менга тегишли бўлмаган нарсалар ҳақида сўз очмасдим. Бошқаси эса, қалбим мусулмонларга нисбатан саломат эди»».[7]

Мусулмонга биродарларига нисбатан қалби ва тили саломат бўлиши учун кўмак берадиган нарсалардан: Аллоҳ азза ва жаллага илтижо қилиш, ана шуни Ундан ростгўйлик ва ихлос билан сўраш, дунё ва охиратда ана шунинг самараси ўлароқ келадиган мақтовга сазовор оқибат ва муборак натижаларига назар ташлаш. Шунингдек, қалбида кек, нафрат ёки ҳасад ва шунга ўхшашлар бўлган кимса қўлга киритадиган ва тотиб кўрадиган ёмон оқибат ва хатарли натижаларга боқишлик.

Дарҳақиқат, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўплаб дуоларда Аллоҳдан қалб ҳидояти, саломат ва саботли бўлишини сўраганликлари ҳақида асарлар ворид бўлган. (Мисол учун) У киши соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлари каби:

((اللَّهُمَّ آتِ نَفْسِي تَقْوَاهَا وَزَكِّهَا أَنْتَ خَيْرُ مَنْ زَكَّاهَا))

«Эй Аллоҳ! Нафсимга ўз тақвосини ато эт ва уни покла! Сен уни поклайдиганларнинг яхшисисан».[8] Ва ушбу сўзлари:

((اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ قَلْبٍ لَا يَخْشَعُ))

«Эй Аллоҳ! Мен Сендан бўйинсунмайдиган қалбдан паноҳ сўрайман».[9] Ва ушбу қавллари:

((يَا مُقَلِّبَ الْقُلُوبِ ثَبِّتْ قَلْبِي عَلَى دِينِكَ))

«Эй қалбларни айлантирувчи-(бурувчи)! Қалбимни динингда собитқадам қил».[10] Ҳамда ушбу сўзлари:

((اللَّهُمَّ اجْعَلْ لِي فِي قَلْبِي نُورًا))

«Эй Аллоҳ! Мен учун қалбимга нур ато эт».[11]

Келинглар, ушбу муборак ойни қалб ва тил касалликларини муолажа қилиш учун ғанимат билайлик. Уларнинг пок ва саломат бўлиши учун бор вужудимиз ила ошиқайлик. Чунки уларни саломат бўлиши сабабли кишининг нафси, дини ва дунёси саломат қолади. Уларнинг фасодга юз тутиши сабабли эса дин ва дунё фасод бўлади. Дарҳақиқат, Расулимиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга мусулмон тонг ва кечки маҳал, ҳамда тўшагига ётганда айтадиган улуғ бир дуони ўргатдилар. Киши унда Аллоҳдан ёмонлик келиб чиқадиган икки манба ҳамда ушбу икки манба ёки уларнинг бири олиб борадиган икки ғоя-(оқибат)дан паноҳ сўрайди. Термизий ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ! Мени тонг оттириб, кеч киргазганимда айтадиган калималарга буюринг», деди. (Ровий) айтади: «Шундай деб айт:

اللَّهُمَّ فَاطِرَ السَّمَوَاتِ وَالْأَرْضِ عَالِمَ الْغَيْبِ وَالشَّهَادَةِ رَبَّ كُلِّ شَيْءٍ وَمَلِيكَهُ أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ أَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ نَفْسِي وَشَرِّ الشَّيْطَانِ وَشِرْكِهِ

Эй Аллоҳ, осмонлар ва ерни илк Яратувчи, ғайб ва шаҳодатни Билувчи, ҳар бир нарсанинг Рабби ва Подшоси! Сендан ўзга ҳақ илоҳ йўқ эканига гувоҳлик бераман. Сендан нафсим ва шайтоннинг ёмонлиги, ҳамда унинг ширкидан паноҳ сўрайман». (Ровий) айтади: «Уни тонг оттириб, кеч киргазганингда ва тўшагинга ётганинда айтгин».[12] Бошқа ривоятда эса:

وَأَنْ أَقْتَرِفَ عَلَى نَفْسِي سُوءًا أَوْ أَجُرَّهُ إِلَى مُسْلِمٍ

«Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан (паноҳ сўрайман)».[13]

Ушбу улкан ҳадис Аллоҳдан ёмонлик, унинг сабаб ва оқибатларидан паноҳ сўрашликни ўз ичига олди. Чунки ёмонликнинг бари ё нафс ёки шайтондан содир бўлади. Шунда ушбу сўзлари билан Аллоҳдан у иккисидан паноҳ сўрадилар: «Сендан нафсим ва шайтоннинг ёмонлиги, ҳамда унинг ширкидан паноҳ сўрайман». Ёмонликнинг оқибати ё амал қилувчининг ўзига ёки мусулмон биродарига қайтади. Шунинг учун ушбу сўзлари билан бундан Аллоҳдан паноҳ сўрадилар: «Ўзимга ёки бошқа бир мусулмонга ёмонлик етказишдан (паноҳ сўрайман)». Қандай ҳам мукаммал, мақсадлари улкан, далолатлари қойилмақом бир дуо. Рўзадор унга ушбу муборак ой ҳамда умрининг бошқа кунларида тонг ва кечки зикрлари ҳамда уйқу олдидан (ўқишни) одат тусига киргазиши қандай ҳам
чиройли бўларди.

Эй Аллоҳ! Биз Сендан итоаткор қалб, зикр қилувчи тил ҳамда бўйинсунувчи, ҳотиржам нафс сўраймиз. Эй Аллоҳ! Сендан нафс ва амалларимизнинг ёмонлигидан, ҳамда шайтоннинг ёмонлиги ва ширки ҳамда ўзимизга ёки мусулмонлардан бирортасига ёмонлик қилишимиздан паноҳ сўраймиз.

давомини
www.malham 1 uz.blogspot.com га  кириб кўринг ва ўқинг


Комментариев нет:

Отправить комментарий