Рўзани бузувчи амаллар
Бадандан қон чиқиши:
Рўзадорнинг баданидан қон чиқиши, бурни ёки тиши қонаши, тиш
суғуриш ёки ҳуснбузарни сиқиш сабабли қон чиқиши рўзани бузмайди. Бироқ чиққан
қонни ютиб юборишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
Шунингдек, лабораторея таҳлили учун ёки ўзгаларга қон бериш
мақсадида шприц билан қон олиш ҳам рўзага таъсир қилмайди.
Укол олиш:
Вена қон томирлари ёки мускуллар орқали укол олиш рўзани
бузмайди.
Уламолар рўзадорнинг озиқлантирувчи уколлар олиши хусусида
ихтилофлашганлар. Айрим уламоларнинг фикрича, бу тур уколлар инсонга қувват
бағишлайди ва озуқа ўрнини босади ва шу жиҳатдан рўзани бузади.
Бошқа бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, бундай уколлар рўзага
таъсир қилмайди. Чунки инсон оғиз орқали овқатланар экан, таомни чайнаш ва ютиш
билан лаззатланади. Озиқлантирувчи уколларда эса бу нарса йўқ.
Менимча, валлоҳу аълам, озиқлантирувчи укол олишга эҳтиёжи
бор рўзадорлар, хаста сифатида рўза тутмаслик рухсатидан фойдаланиб, кейинчалик
қазосини тутганлари афзалроқдир.
Мисвок ишлатиш:
Рўзадор ҳар қандай вақтда: заволдан олдинми ёки кейинми,
шунингдек, қуруқ ёки ҳўл бўлишидан қатъий назар мисвок ишлатиши жоиздир. Бунга
мисвок ишлатиш хусусида келган умумий ҳадислар далил бўлади.
Бухорий роҳимаҳуллоҳ бу борада шундай дейди: “Расулуллоҳ
соллаллоҳу алайҳи ва саллам (мисвок ишлатиш хусусида) рўзадорни бошқалардан
ажратмадилар”[1].
Шунингдек, тиш пастасини ишлатиш ҳам жоиз. Бироқ тиш
пастасининг ҳиди ва таъми ўткир бўлгани боис, ошқозонга ўтиб кетиш эҳтимоли
бўлса, у ҳолда уни ишлатиш макруҳ бўлади. Бироқ ютиб юбормасликка ўзига ишонса
ва тиш пастасининг ҳиди ва таъми унчалик ўткир бўлмаса ишлатишнинг зиёни
йўқ[2].
Ҳидли нарсаларни ҳидлаш:
Ҳидли нарсаларни ҳидлаш рўзани бузмайди. Шунга кўра
рўзадорнинг атир ва хоҳ суюқ, хоҳ тутатқи бўлсин хушбўйликлардан фойдаланиши
жоиз. Рўзадорнинг хушбўйликлардан фойдаланишини ман қилганларнинг бирон
мўътабар далили йўқ.
Сўлак ва балғам (қақириқ)ни ютиш:
Рўзадор сўлагини ютиши мубоҳдир. Ҳаттоки оғзида сўлагини
тўплаб, сўнг уни ютиб юборса, модомики оғзидан ташқарига чиқармаган бўлса зиёни
йўқ. Агар субҳи содиқдан олдин сув ичса-ю, сўнг субҳи содиқ кириб азон айтилса,
оғзидаги сувнинг таъмини кеткизиш учун тупуриш шартмас. Зеро, бу каби нарсалар
динимизда афв этилган ишлардандир.
Балғам (қақириқ) тўғридан-тўғри томоқдан ичга ўтиб кетса
рўзага зиёни йўқ. Борди-ю, аввал оғизга тушиб, сўнг ютиб юборилса, рожиҳ фикрга
кўра рўзани бузади. Негаки, у бир жиҳатдан таомга ўхшайди. Шайх Ибн Усаймийн
роҳимаҳуллоҳ ҳар икки ҳолатда ҳам балғамни ютиш билан рўза очилмаслигини рожиҳ
деб билган.
Сақланиш имконсиз нарсалар:
Кўча чанги, ун элаганда кўтарилган кепакли ғубор ва тишлар
орасидаги таом қолдиқлари сингари сақланиш имконсиз ёки машаққатли бўлган
нарсалар рўзани бузмайди.
Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Уламолар ижмо қилишганки,
рўзадор чиқаришга қодир бўлмаган, сўлагига қўшиб ютиб юборадиган тиш орасидаги
таом қолдиқларининг рўзага таъсири йўқ”[3].
Таомни татиб кўриш:
Рўзадор таомни татиб кўриши жоиз. Ибн Аббос розияллоҳу
анҳумодан ривоят қилинади: “Рўзадор харид қилмоқчи бўлган сирка ва шу каби
нарсаларни татиб кўришининг зиёни йўқ, томоғига ўтиб кетмаса бўлди”[4].
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Рўзадор
асал, сариёғ ва шу каби нарсаларнинг таъмини билиш учун татиб кўриши, сўнг
тупуриб ташлашининг зиёни йўқ”[5].
Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ рўзадор ҳолида неварасига ёнғоқ
чайнаб берарди.
Иброҳим Нахаий ва Икрима (роҳимаҳумаллоҳ) айтадилар: “Рўзадор
аёл боласига овқат чайнаб беришининг зиёни йўқ”[6].
Рўзадорга таомни татиб кўриш жоиз бўлиши учун томоғига ундан
бирон нарса ўтмаслиги зарур.
Рўза ва оғир меҳнат:
Новвойхона, шахта (кон) каби оғир меҳнатларда ишловчи
кишилар рамазонда рўза тутмаслиги жоиз эмас. Чунки улар ҳам мукаллаф – шариат
буйруқлари тааллуқли бўлган шахслардир.
Шайх Ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Машаққатли меҳнат билан
шуғулланувчи шахслар кечаси рўза тутишни ният қилиб тонг оттиришлари вожибдир.
Борди-ю, кундуз асносида ҳолдан тойиб, оғиз очишга мажбур бўлсалар, у ҳолда
зарурат миқдорида рўзани бузишлари жоиз
Эслатма:
Айрим замонавий муолажа воситалари борки, уларни қўллаш
рўзани бузмайди. Ҳижрий 1418-сананинг 23-28 сафар ойида бўлиб ўтган Ислом Фиқҳи
Академиясининг навбатдаги кенгаши қуйидагиларни қарор қилади[8]:
Муолажа таблеткалари:
Юрак хуружи ва инсульт каби касалликларни муолажа қилиш учун
тил остига қўйиладиган таблеткалар модомики ютиб юборилмаса рўзани бузмайди.
Аёлларнинг жинсий аъзоларига қўйиладиган дорилар
(суппозиторлар, ювувчи воситалар) ёки бу аъзоларга тиббий кўрик учун жарроҳлик
асбобларини (пессари, доуче, скоп) ёки табиб бармоқларини солиб кўриши рўзани
бузмайди.
Бачадонга скоп (кўзгу) киритиш ёки спирал ўрнатиш рўзани
бузмайди.
Аёл ёки эркакнинг сийдик йўли канали ( ёки анал тешиги)га
махсус ингичка найча (ёхуд катетер трубаси) ёки скоп, рентген қилиш учун соя
берувчи модда, бирон дори ёки қовуқни ювиш мақсадида махсус эритма суюқлик каби
нарсаларни киритиш рўзани бузмайди.
Тишларни муолажа қилиш учун ичини ковлаш ёки тиш суғуриш,
тишларни тозалаш, мисвок ёки тиш чўткаси ишлатиш башарти оғиздаги нарса
томоқдан ўтмас экан рўзани бузмайди.
Оғизни чайқаш ёки ғарғара қилиш, шунингдек, оғизга
сепиладиган спрей (пуркама дори)лар рўзани бузмайди. Бунинг ичун оғиз
бўшлиғидаги нарса томоқдан ичга ўтмаслиги шарт.
Хастага кислород бериш рўзани очмайди.
Наркоз учун қўлланиладиган газларни ҳидлаш (модомики хастага
озиқлантирувчи суюқликлар ичирилмаса) рўзага таъсир қилмайди.
Терига сингиб кирадиган турли кремлар, ёғлар, доривор ёки
кимёвий моддалар билан туйинтирилган пластирларни ишлатиш рўзага таъсир
қилмайди.
Юрак қон томирлари ёки бошқа ички аъзоларни муолажа қилиш
ёки тасвирга олиш мақсадига артерия қон томирларига махсус ингичка найча
киритиш рўзани бузмайди.
Ичакларни текшириш ёки уларга оид жарроҳлик амалиёти ўтказиш
учун қоринга махсус скоп (кўзгу) киритиш рўзани бузмайди.
Жигар ёки бошқа ички аъзолардан лаборатория иши учун намуна
олиш (модомики суюқ эритма ичирилмаган бўлса) рўзани очмайди.
Шунингдек, бош ёки орқа мияга киритилган ҳар қандай тиббий
асбоб-ускуна ёки доривор моддалар рўзага таъсир қилмайди.
[1] “Фатҳул Борий” (4/158).
[2] “Аш-шарҳул мумтеъ” (6/428-429).
[3] “Ал-ижмоъ” (16-бет), “Фатҳул Борий” (4/160).
[4] Ҳасан. Асарни Бухорий муаллақ ҳолда (4/153) ривоят
қилган бўлиб, Ибн Аби Шайба (3/47) унинг Ибн Аббосгача бўлган санадини зикр
қилган. Шайх Албоний асар санадини қўллаб-қувватловчи бошқа ривоятлар билан
асарга ҳасан деб ҳукм қилган. Қаранг: “Ирвоул ғалил” (937).
[5] Байҳақий (4/261) ва Ибн Аби Шайба (3/47) ривоят
қилишган. Мазкур асар собиқ асар санадини қўллаб-қувватлагани боис Албоний
унинг санадига ҳасан деб ҳукм қилган (“Ал-ирво”, 4/86).
[6] Ибн Аби Шайба (3/49) ривояти.
[7] “Шайх Ибн Боз фатволари тўплами” (3/233-234). Демак,
оғир меҳнат билан шуғулланган кишилар аслида рамазонда рўза тутмасликлари жоиз
эмас. Балки рўза тутиш учун бор имкониятларини ишга солишлари вожибдир. Имкон
топганлар рамазон ойида бундай оғир меҳнатлардан четланишлари ёки йиллик таътил
муддатини рамазон ойига тўғрилашга ҳаракат қилишлари ва ҳоказо чора-тадбирларни
кўришлари лозимдир. Бу ойда оғир меҳнатда ишламаслик чорасини топмаганлар имкон
қадар рўзани очмасликка интилишлари, ҳолдан тойиб, ишлашга қодир бўлмай қолган
кунларда рўзани бузиб, имкон топган пайтларда қазосини тутиб беришлари
вожибдир.
[8] Доктор Али Солуснинг “Замонавий фиқҳий масалалар қомуси”
китобидан олинди.
давамини malham1uz.blogspot.com сайтда укинг
Комментариев нет:
Отправить комментарий