Қалб осуда эмас, кўнгил тинч бўлмаса
Бугунимиз ғаниматдир, кеч бўлмаса
Майли эрта бир гап бўлар, ҳеч булмаса
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Бу дунёга яратгандан эҳсонмизку
Ақлимиз бут, шукур, омон эсонмизку
Ким бўлсак ҳам, ахир бани Инсонмизку
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Излаб-излаб, топиб-топиб, қайга келдик
Дунё деган меҳмонхона жойга келдик
Оёғимиз лойқалатган сойга келдик
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Кимга керак мақташ наслу-насабларни
Солиб қўйинг, чўнтакка жаҳд-ғазабларни
Асраб қўйинг, керак бўлар асабларни
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Ғийбат, бўҳтон, фисқу-фасод кимдан чиққан
Қасд қиличи билмам, қачон қиндан чиққан,
Яхши сўзга ҳатто илон индан чиққан
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Умрингиздан битта давон ошмоқдасиз
Гоҳи сўниб, гоҳ дарёдай тошмоқдасиз
Туртиб-суртиб, билмам қаён шошмоқдасиз
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Яхши одам ҳар жойда бор билиб қўйинг
Сиз ҳам яхши одамлардай бўлиб қўйинг
Ҳеч бўлмаса, ёлгондакам кулиб қўйинг
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Одамлар бор уйдирмадан уй кўтарар
Шу ерда ҳам "Зўрман!" дея бўй кўтарар
Бироқ асли, семизликни қўй кўтарар
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Қалбингизга эзгуликни зуҳр қилинг
Тилингизга ширин сўзни муҳр қилинг
'Тинч ўтган шу кунингизга шукр қилинг
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Емоқ, ичмоқ, киймок деса, жим камбағал
Кимки нафси бой бўлса, у энг камбағал
Бирозгина меҳр билан ким камбағал
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Чегарасин билинг, баланд - пастингизни
Аламлардан олинг бўйу-бастингизни
Сиз ҳам мендай шеърдан олинг қасдингизни
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик!
Майли эрта бир гап бўлар ҳеч бўлмаса
Бир кунгина меҳрибонроқ бўлайлик.
Комментариев нет:
Отправить комментарий