ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 14 февраля 2015 г.

Радикулит бу


Радикулит бу — орқа миянинг асаб илдизчалари ва улардан кетадиган асаб толалари зарарланиши туфайли юзага келадиган касаллик ҳисобланади.



Содда қилиб айтадиган бўлсак, инсоннинг умуртқа каналида орқа мия мавжуд. Шу орқа миядан ўттиз бир жуфт асаб илдизчалари чиқади. Ана шу асаб илдизчалари умуртқа каналидан ингичка суяк тешиги орқали ҳаракатланади. Унинг айланаси асаб илдизчасидан салгина катта, холос. Ҳар битта илдизчалар бир-биридан ажралиб турадиган асаб толаларидан иборат. Асаб толаларининг ҳар бири ўз вазифасига эга. Уларнинг айримлари кишидаги сезгирлик учун жавоб берса, бошқаси атрофдаги тўқималарнинг озиқланишини
ва кишидаги қон айланишини бошқаради, яна бир тури мушакларнинг қисқарувчанлигини назорат қилади. Танамиздаги асаб толаларининг қайси бирининг иш фаолияти бузилмасин, оғриқ беради. Айнан ўша касалликни биз радикулит деб атаймиз.
Радикулит дарди тананинг бўйин, елка, кўкрак, бел-думғаза ва оёқларга оғриқ беради. Касаллик ўткир ва сурункали турлари билан фарқланиб, унинг зарарланиш жойларига қараб, шаклларга ажратилади.
Касалликнинг энг кўп учрайдиган тури бел-думғаза радикулити бўлиб, унда оғриқ бел-думғаза соҳасида кечади, аммо айрим ҳолларда думба, сон ва болдирга ҳам оғриқ бериши мумкин. Оғриқ ҳаракатланганда кучайиб, бемор бирданига туролмайди, юрганда эса танасини тўғри ушлолмайди. Чунки танани қайсидир шаклда ушлаганда, кучли оғриқ камайгандек бўлади. Шу сабабли киши қийшайган ҳолатда юришга мажбур бўлади. Беморнинг оёқлари музлаб, увишиб, унда худди чумоли ўрмалагандек белгилар сезилади. Касалликка вақтида эътибор қилинмаса, касал одам эркин ҳаракатланолмайди ва оғриқ янада кучайиб боради.
Касалликнинг яна бир тури бўйин-елка радикулитидир. Унда оғриқ тананинг бўйин, елка, курак ва энса қисмларида содир бўлиб, бошни қимирлатганда, қўлни ҳаракатлантирганда ва ҳатто йўталганда ҳам кучли оғриқ беради. Бу турдаги радикулитнинг асоратлари ҳам яхши эмас. Бемор кишининг қўл мушаклари кучсизланиб, ҳаракатсизланиб, увишадиган, ловуллаб ачишадиган, ҳатто санчиқлар ҳам пайдо бўлиши мумкин.  
Кўкрак радикулити бу касалликнинг жуда кам учрайдиган тури бўлиб, унда оғриқ, асосан, қовур-ғалар оралиғида бўлади ва бемор қимирлаганда, айниқса, чуқур нафас олганда кучаяди. Радикулитнинг бу турига асло эътиборсизлик билан қараманг, чунки касаллик зўрайиб кетиши ва бошқа жиддий асоратларга олиб келиши мумкин.
Хўш, радикулит каердан ва нима сабаб билан юзага келади? Бу савол ҳаммани қизиқтириши табиий. Киши бу дарддан сақланиши ва доим соғ бўлиши учун, аввало, умуртқа поғонаси касалликларидан ўзини асраши лозим. Айниқса, остеохондроз (халқ тилида уни туз йиғилди ҳам деб атаймиз) ва сколеоз радикулит учун айни муддао. Унда умуртқалараро диск тоғайларининг эластиклиги йўқолиб боради ва умуртқалараро соҳа торайиб, орқа миядан чиқувчи асаб толаларини сиқиб қўяди. Натижада ўша ерда асаб толалари ҳаракатланиши қи-йинлашади ва танага оғриқ беради. Умуртқа поғонасидаги нерв  толалари иш фаолиятининг бузилишидан ташқари, баъзан гиподинамия, яъни кам ҳаракатлилик ҳам радикулитнинг хавфини келтириб чиқаради. Кўпинча зах ва совуқ жойларда ишлаш натижасида тананинг совқотиши, жуда оғир юклар кўтариш туфайли ҳам радикулит пайдо бўлади. Шунингдек, гоҳида тананинг айрим аъзоларини кескин ҳаракатлантириш, ҳатто танага заҳарли моддаларнинг умумий таъсири билан радикулит касаллигига чалиниб қолишимиз ҳеч гап эмас. 
Агар сизда радикулит касаллиги мавжуд бўлса, асло тушкунликка тушманг. Тўғри, бу касалликнинг оғриғи кучли, аммо бедаво дард эмас. Бемор имкон қадар касалликни зўрайтирмасдан шифокорга кўринса, соғайиши осон бўлади ҳамда касаллик сурункали тусга ўтиб улгурмайди. Аксинча, баъзида айрим беморлар танасидаги кучли оғриққа ҳам қарамасдан чидаб юраверадилар. Натижада касаллик зўрайиб бораверади. Чунки радикулит ўз-ўзидан йўқ бўлиб кетадиган дард эмас. Гоҳида касаллик 3-4 кун ичида ўтиб кетиши ҳам мумкин. Бу касаллик бутунлай йўқолди, дегани эмас. Аксинча, бу ўткир радикулит бўлиб, яна қайталаб қолиши билан хавфли.
Кўпинча радикулит узоқ муддатга чўзилиб, беморга азоб беради. Бу даврда касалликка эътиборсизлик билан қаралса, бора-бора бемор ҳаракатланишга қийналади, оқсоқланади, ҳатто юролмай қолади. Бунинг натижасида танада иккиламчи ҳаракат тизими ўзгаришлари юзага келиб, киши яна бошқа касалликларга чалиниб қолиши ҳам мумкин.  Касаликка чалинган организм нозиклашиб қолади ва кутилмаганда қилинган арзимас ҳаракатлар, оғир юк кўтариш, ҳатто ҳаво бироз совиганда ҳам бу касаллик уларни безовта қиладиган бўлиб қолади.
Радикулит менга яқин келмасин десангиз, шахсий гигиена қоидаларига амал қилинг, доимий ҳаракатда бўлиб (масалан, спорт билан шуғулланиб), танангизни чиниқтириб, тўғри овқатланиб, асаббузарликлардан сақланинг. Шунингдек, танангизни совуқдан, турли юқумли касалликлардан асрасангиз, билингки, ўзингизни радикулитдан ҳимоя қилган бўласиз.

Ғайрат НУРИМОВ,
тиббиёт фанлари номзоди

Комментариев нет:

Отправить комментарий