Ҳомиладорликдан сақловчи воситалар ҳақида 6 ҳақиқат
Муштарийларни қизиқтирган, бироқ яқин инсонига ҳам ошкор
қилишдан уялган айрим саволларига айнан мана шу саҳифада жавоб топишга
уринамиз. Бунда бизга олий тоифали шифокор, акушер-гинеколог Нилуфар БЎСТОНОВА
кўмак беради.
«Спирални уйда олиб ташласа бўладими?»
— Фарзандим дунёга
келгач, туғруқхонанинг ўзидаёқ режалаштирилмаган ҳомиладорликдан сақланиш учун
спираль қўйдирдим. Аммо ноқулайлик сезилаяпти. Шифокорга борай десам,
гинекологик текширувдан қўрқаман. Уй шароитида спирални ўзим олиб ташласам
бўладими?
Фозила, 24 ёш
— Ҳомиладорликдан сақловчи бачадон ичи воситасини зинҳор уй
шароитида, бундан ташқари малакали шифокордан бошқа одам олмаслиги лозим. Бу иш
стерилланган асбоблар ёрдамида шифохонада амалга оширилади. Спирални олиб
ташлаш одатда ҳайз циклининг 2-3 кунларида бажарилади. Спираль бачадон ва бачадон бўйнидан ўтиб ташқарига
чиқарилаётганда ёқимсиз оғриқ сезилади, шунинг учун бу ишни аёлнинг ўзи бажара
олмаслиги аниқ. Фақатгина бачадон ичи спирали ўз жойидан кўчиб, қинга яқин
жойда жойлашиб қолгандагина аёлнинг ўзи уни олиб ташлаши мумкин. Бачадон организмнинг ички аъзоси бўлиб, у танамиздаги
бошқа ички аъзолар каби стерил муҳитда бўлади.
ҳаёт учун зарурий орган санламасада, унинг ёрдамидагини аёл ўзидан
зурриёд қолдириши мумкин.
«Эркакни безовта қилиши ростми?»
— Уч фарзандим бор.
ҳомиладорликдан сақланиш учун доим бачадон ичи спиралидан фойдаланганман.
Сўнгги жинсий яқинликдан кейин турмуш ўртоғим ўша восита унга ҳалақит бераётгани
ҳақида айтди. Илгари бундай ҳолат кузатилмаган. Спираль жойидан қўзғалган
бўлиши мумкинми?
Наргиза, 36 ёш
— Ҳомиладорликдан
сақловчи бу восита бачадон ичида
жойлашиб, спиральнинг ипчаси эса бачадон бўйнига тушиб туради. Айрим ҳолатларда
спиралнинг ипчаси узун бўлади ва жинсий яқинлик даврида эркакка сезилиши
мумкин. Тахминимча, илгари қўйидирилган спиралнинг ипи калта бўлгани учун
муаммо кузатилмаган. Маслаҳатим, акушер-гинеколог кўригига борсангиз,
спиралнинг ипчасини калталатиб беради. Унинг жойидан қўзғалганини фақатгина УТТ
таҳлил натижасига ёрдамида билиш мумкин. Агар бачадон ичи спирали қўйилган
жойидан қўзғалиб, бачадон бўйнига тушиб қолса аёл ҳарақат қилганида, ўтириб
турганида оғриқ, қориннинг пастки соҳасида нимадир ботаётганини ҳис қилади.
Спираль жойидан силжиса, ҳайз оғриқ билан кузатилади ҳамда миқдори ва
давомийлиги ортади.
«Кумуши яхшими ёки тилласи?»
— Яқинда она
бўлдим. Чилланинг 37-38 кунлари бачадон ичи спиралини қўйдиришни таклиф
қилишди. Шифокорнинг айтишига қараганда, ҳомиладорликдан сақловчи бу воситанинг
турли хил металлдан тайёрланганлари бўлар экан. Улар бир-биридан нимаси билан
фарқланади? Шунда тилла суви юргизилгани энг яхшисими?
Гулбаҳор, 22 ёш
— Ҳомиладорликдан
сақловчи бачадон ичи воситаси Т ҳамда О ҳарфи шаклида бўлади, тайёрланган
металлига қараб эса мис, кумуш ва тилла спиралларга бўлинади. Улар фойда
жиҳатидан бир-биридан деярли фарқ қилмайди. Организм бегона буюмни қабул қилиш
хусусиятини инобатга олган ҳолда шифокор спиралнинг у ёки бу турини таклиф
қилиши мумкин. ҳудудий оилавий поликлиникаларнинг гинекологик текширув
хоналарида аёлларга мисдан тайёрланган спираллар бепул қўйилади. Аёл ўзининг
хоҳишига кўра, дорихонадан мазкур воситанинг кумуш ёки тилладан тайёрланганини
харид қилиши мумкин. Организм соғлом бўлса унда ҳар қайси турдаги восита яхши
жойлашади. Спираль қўйдирилганидан сўнг аёлга икки ҳайз циклини эътибор билан
кузатиш тавсия этилади. Агар ҳайз миқдори ва давомийлиги ортса, оғриқлар бўлса
бачадон ичи спирали олиниб, унинг ўрнига бошқа турдаги ҳомиладорликдан сақловчи
воситадан фойдаланиш буюрилади.
«Муддати қанча?»
— Эшитишимга
қараганда, она ва қизнинг репродуктив аъзоларинг фаолияти ўхшаш бўлар экан.
Онам ҳомиладорликдан ҳимояланиш учун бачадон ичи спиралидан фойдаланади,
ҳозирги спиралини бундан 16 йил аввал қўйдирган экан. Фарзандим 3 ёшга етгунига
қадар менга ҳам спирал қўйдиришни тавсия қиляпти. Ахир онамнинг организми яхши
қабул қилган восита, менга ҳам зарар келтирмаса керак, деб ўйлаяпман.
Садоқат, 21 ёш
— Ҳар бир организм
индивидуал бўлишини унутмасликни маслаҳат бераман. ҳомиладорликдан ҳимояловчи
воситаларни ишлатиш ҳақида сўз борганда насл ҳақидаги маълумотлар аҳамиятга эга
эмас. Шу сабабли шифокорнинг маслаҳатига амал қилишингизни сўрайман. Амалиётим
давомида 18 йил, 20 йил давомида спираль ёрдамида ҳомиладорликдан сақланиб
келган аёлларни кўрганман. Уларнинг аксариятида спирал атрофига эт ўсиб кетган
бўлиб, спирал ипчасининг сифати бузилган
ёки умуман йўқ бўлади. Бундай ҳолатларда бачадон ичи воситасини олиб
ташлаш жараёнида қийинчиликлар кузатилади. ҳар қайси ҳомиладорликдан сақловчи
бачадон ичи спиралининг фойдаланиш муддати 5-6 йилни ташкил этади, уни
қўйдиргандан сўнг ҳар олти ойда УТТ дан ўтиб, унинг жойлашувини кузатиб туриш
тавсия этилади.
«Гормон дорилар ҳиссиётни сўндирадими?»
— Орал
контрацептивлар қабул қилишни бошлаганимга тахминан 4 ой бўляпти. Мана шу давр
орасида жинсий яқинликка бўлган хоҳишим борган сари сўниб бораётганини ҳис
қиляпман. Бу эса турмуш ўртоғим билан ўртамиздаги муносабатларга салбий таъсир
кўрсата бошлади. Айтингчи, бу дорининг таъсириданми? Бошқа препаратга
алмаштирсам ҳаммаси изига тушармикан?
Зарифа, 29 ёш
— Орал контрацептив
воситалар ҳомиладорликдан сақлаш билан бирга, аёлни ҳайз циклида кузатиладиган
оғриқлар, кўкрак ва бачадон бўйни саратони хавфидан ҳимоя қилади. Тиббий
амалиёт давомида бу дорилар аёлнинг либидоси (жинсий яқинликка хоҳиш-истаги)га
салбий таъсир кўрсатгани ёки уни сўндиргани ҳақида аниқ ва тасдиқланган
маълумотлар мавжуд эмас. Сурункали чарчоқ, организмнинг толиқиши, уйқунинг
нормада бўлмаслиги, руҳий тушкунлик каби сабабларни бартараф этишга ҳаракат
қилинг. Агар ростдан ҳам ҳомиладорликдан сақловчи дорилар ёқмаётган бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиб, уларни бошқа бир
турдагисига алмаштиришингиз мумкин. Шунингдек, эндокринолог шифокор қабулидан
ўтиш ҳам зарар қилмайди.
«ҳомиладорликдан сақловчи инъекция оғритса...»
— Шифокорнинг
тавсиясига кўра ҳомиладорликдан сақланиш учун инъекция кўринишидаги
контрацептивдан фойдаланяпман. Бир ойда бир марта шифокор қабулига чиқиб, укол
олиб келаман. Умумий ҳисобда 6 марта укол қилдирдим. Мана тахминан бир ойдан
бери бачадонимда симиллаган оғриқ сезилади. Бу ўша дорининг таъсиримасмикан?
Фарида, 27 ёш
— Бачадондаги
оғриққа бу каби дорилар сабаб бўлмайди.
Аёлнинг умумий ҳолати ёмонлашгани ёки бирор инфекция юқтириб олгани ҳисобидан
безовталиклар кузатилаётган бўлиши ҳам мумкин. Инъекция кўринишидаги
контрацептивларнинг 2 ойда бир, 3 ойда бир марта қабул қилинадиганлари ҳам бор.
Аксарият ҳолларда ҳомиладорликдан ҳимояловчи бундай воситани мунтазам қўллаш
жараёнида аёл ой кўришдан қолиши мумкин. Бироқ буни эрта климакс сифтида қабул
қилмаслик лозим, шунингдек бепарво ҳам бўлмаслик тавсия этилади. Маслаҳатим,
шифокор кўригидан ўтинг ҳамда ҳомиладорликндан асровчи воситанинг турини
алмаштириш ҳақида сўраб кўринг.
Дилноза Шуҳрат қизи тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий