Дунёнинг энг машҳур 7 эгизаги
Шифокорлар бўлғуси ота-онага эгизак фарзанд кўришини
айтишса, улар хурсанд бўлади, албатта. Шу билан бирга ота янада кўпроқ пул ишлаб
топиш, она эса шундоқ ҳам кам бўш вақти бундан-да камайиши ҳақида ўйлаши тайин.
Аммо икки эмас, уч эмас, нақ еттита эгизакли бўлишидан хабар топган ота-она
қандай аҳволга тушади?..
Бобби ва Кенни Маккохью ҳаётларининг катта қисмини
Американинг Айова штатида ўтказишган. Эр-хотин шахсий уй эгасига айланиш
орзусида тиним билмай ишлар эди. 1996 йилнинг январида Маккохью оиласида
ширингина қизалоқ дунёга келди ва унга Микейла деб исм қўйишди. Микейла
туғилишидан олдин эр-хотин фарзандлари учта, кўпи билан тўрт нафар бўлишига
қарор қилишган эди. Аммо улар ўйлагандек бўлмади.
Кенни 1997 йилнинг бошида янга ҳомиладор бўлди. Илк
ультратовуш текширувидаёқ ҳомиланинг еттита экани аниқланди. Шифокорлар
ҳомилаларнинг барчаси ривожлана олмаслигини айтиб, қисмий абортни таклиф
этишди. Аммо художў эр-хотин бунга асло рози бўлмади. Шундай қилиб, 1997
йилнинг 17 ноябрида ўғил чақалоқлар – Кенни, Натан, Брэндон ва Жоэл, қизалоқлар
– Алексис, Натали ва Келси дунёга келишди.
Бу хабар бир зумда бутун мамлакат бўйлаб ёйилди. Маккохью
оиласини табриклаганлар орасида АҚШнинг ўша пайтдаги президенти Билл Клинтон
ҳам бор эди. Эгизаклар ва уларнинг ота-онаси газеталарнинг биринчи саҳифасидан
тушмай қолди. 1998 йилда улар Америка телевидениесининг машҳур кўрсатуви – Опра
Уинфри ток-шоуси меҳмони бўлишди. Бундан шов-шувнинг сабаби бор – Маккохью
эгизаклари чақалоқликдан эсон-омон ўта олган илк етти эгизак ҳисобланади.
Айбловлар
Кенни Маккохью ошхона мебели ясаш билан шуғулланар, дам олиш
кунлари эса баптистлар черковида хизмат қиларди. Рафиқасига ёрдам бериш учун
ишини ташлай олмасди. Аммо оилага қариндошлар, қўшнилар ва кўп сонли
кўнгиллилар ёрдамга келди. Навбатчилик жадвали тузиб чиқилди. Кимдир уйни
тозалар, кимдир болаларни овқатлантирар, бошқа биров харид учун дўконга борар эди.
Хайриясеварлар оилага штат маркази Де-Мойнеда 500 квадрат
метрли уй ва минивэн совға қилишди. Бундан ташқари, Маккохью оиласини икки
йилга етадиган таглик ва кийим-кечак билан таъминлашди, энага учун ҳам пул
ажратилди. Айова ҳукумати болалар давлат университетига ўқишга кирадиган бўлса,
ҳар ой стипендия тўлашга ваъда берди.
Маккохью оиласи тинмай мактублар олар эди. Бобби ва Кеннини
ҳаётларини шоуга айлантириб юборишда, чақалоқларнинг ортидан пул топишда,
ношудликда айблашар эди. Ахир чақалоқларнинг расми учун айрим нашрлар 1 миллион
доллар таклиф қилган пайтлар ҳам бўлган-да! Боббининг айтишича, бундан
айбловлардан кейин уйга деярли ҳар куни ўз ёрдамини таклиф этиб келадиган
мутлақа нотаниш одамлар тасалли берар эди.
Бахтли болалик
2002 йилда эгизаклар мактабга боришди. Тўнғич фарзанд
Микелай уйда ўқишга қарор қилди, ота-онаси бунга қаршилик билдириб ўтиришмади.
Қадами узилиб қолган мухбирлардан фарқли равишда кўнгиллилар ҳалигача деярли
ҳар куни келишар ва оилага уй ишларида ёрдам беришар эди.
2006 йилда NBC телеканалига берган интервьюсида Бобби
оиланинг куни қандай ўтиши ҳақида сўзлаб берди.
“Биз эрталаб соат еттига яқин уйғонамиз, чунки болалар соат
саккизда мактабда бўлишлари керак. Улар учга яқин қайтиб келишади. Тушлик
қиламиз, уй вазифаларини бажарамиз, Инжил ўқиймиз. Кечки олтиларда кечки овқат
бўлади, сўнг болалар тишларини ювишади. Узоғи билан соат етти яримда улар
ухлагани ётишади”, – деган эди қаҳрамон она.
2009 йилда, эгизаклар 12 ёшга тўлганида ниҳоят Боббининг
“оналик таътили” тугади. Ўшандан бери у болалар боғчасида ишлайди.
Катта ҳаёт остонасида
Ўтган йили эгизаклар ота-оналаридан машина ҳайдашга рухсат
сўрашди (АҚШда ҳайдовчилик гувоҳномаси 16 ёшдан берилади). Аммо “Аввал машинага
етгулик пул ишлаб топинглар” деган жавобни эшитишди. Шундай қилиб, эгизаклар
ўқишдан бўш пайтда ишлайдиган бўлишди.
Хайриясеварларнинг ёрдамига қарамай, Маккохью оиласи
ҳозиргача моддий қийинчиликларни бошидан кечирмоқда. Озиқ-овқат ва кийим-кечак
учун қанча пул кетишини тасаввур қилиш қийин эмас. Қолаверса, церебрал фалаждан
қийналадиган Алексис ва Натананинг муолажалари учун ҳам анчагина маблағ керак.
Кейинги йили эгизаклар ўрта мактабни битиришади, уларнинг
бари ўқишни коллежда давом эттириш ниятида. Штат маъмурияти ваъдасини унутмаган
– ўқиш борасида эгизакларни қўллаб-қувватлайди. Навбатдаги туғилган кун
арафасида Маккохью оиласи яна бир бор Опра Уинфри ток-шоусининг меҳмони бўлди.
Оила бошлиғи Кеннининг айтишича, эгизаклар улғайиб, уй ишларига қарашидаган
бўлиб қолган. Масалан, кечки овқатни тайёрлашда барча бирдек қатнашади.
Маккохью оиласида икки совитгич, иккита микротўлқинли печ ва
иккита кир ювадиган машина бор. Сўнгги 17 йил ичида кир ювиш ҳажми ўзгармади,
холос: Бобби кир ювиш машиналарини ҳар куни икки-уч марталаб ишга солади.
Замонавий тиббиётда саккиз ва ҳатто тўққиз эгизак туғилган
ҳоллар ҳам қайд этилган. Қўллаб-қувватлашсиз бундай болаларнинг яшаб кетиши
қийин. Бу борада Маккохьюларнинг омади чопган. Жамоатчилик уларга ўзига хос
рекордчи бўлишларига ёрдам берди – улар чақалоқликдан ўта олган дунёдаги ягона
етти эгизаклар ҳисобланади
Комментариев нет:
Отправить комментарий