ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 15 февраля 2015 г.

Қўл-оёқ қирсиллаши



Қўл-оёқ қирсиллаши кексалик белгиси эмас
 

Савол: — Бир ўртоғим асабийлашганида ёки ниманидир эслашга ҳаракат қилганида, албатта, бармоқларини қирсиллатаверади. Яқиндан бери қўл суякларининг оғриб туришидан шикоят қиладиган бўлди. Бармоқни қирсиллатиш бориб-бориб қўлни касал қиладими?

Саид АЗИЗОВ, Термиз шаҳри

— Ҳа, тез-тез бармоқ ва қўлларни мажбуран, яъни ўйнаб қирсиллатиш бўғим касаллигига олиб келиши мумкин, — дейди олий тоифали шифокор, травматолог-ортопед Исмоилжон ҲАМДАМБОЕВ.

— Бу бора-бора тоғайларнинг ривожланмай қолиши, емирилиши ёки юпқалашишига сабаб бўлади. Умуман олганда, суякларнинг қирсиллаши асосан «артроз» (бўғим шамоллаши, туз йиғилиши), агар тиззада бу ҳолат кузатилса, «гонотроз», қирсиллаш умуртқа поғонасида бўлса, «остеохондроз» каби касалликларни келтириб чиқаради.


Аксарият ёшлар бунга вақтида эътибор бермагани сабаб касаллик ривожланади. Қўл ёки оёқнинг қирсиллаши болаларда 10-12 ёшдан бошлаб пайдо бўлиши мумкин.

Қуёш тиғида кўп сайр қилмаслик бунинг асосий сабабларидан бири бўлиши ҳам мумкин. Қирсиллаш асосан танага кальций етишмаслигидан даракдир. Қарияларда эса тоғай юпқалашиши ёхуд емирилиши, шунингдек, бўғимлар қисқариб-кенгайиш хусусиятининг йўқолиши ҳам суякларнинг қирсиллашига олиб келади ва қаттиқ оғриқлар кузатилади. Бу ҳам касаллик белгиси ҳисобланади.

Ана шундай ҳолатлар юзага келса, дарҳол травматолог-ортопедга, агар бу болаларда кузатилса, болалар ортопедига мурожаат қилиш зарур.

Айримлар қўл ёки оёқ қирсиллашини танада туз йиғилиши, деб ҳам қарайди. Аслида эса бунда тоғайнинг емирилиш жараёни бошланаётган бўлади. Бунинг юзага келмаслиги учун уй шароитида оддий гимнастика машқларини бажариб туриш лозим. Шунингдек, таркиби кальцийга бой бўлган маҳсулотлар, хусусан, творог, пишлоқ, сут, қатиқ, балиқ консерваси, кунжут уруғини кўпроқ истеъмол қилиш тавсия этилади.


Дилдора ТОЖИЕВА

ёзиб олди.




Комментариев нет:

Отправить комментарий