ИҚРОР
Мўминлик нимадир, мусулмонлик не,
Ўйлаб кўрмадик ҳеч, кўнгилчоғ бўлдик.
Шараф не унутдик, қаҳрамонлик не,
Кимларнинг қўлида ўйинчоқ бўлдик.
Келинг, рост бўлайлик, бу зўр йўл, деманг,
Манов ўйнатувчи менга қўл, деманг.
Шунча томошабин, қўйинг, алдаманг,
Саҳнада айнан биз қўғирчоқ бўлдик.
Або Бакрларни ардоқлаганча,
Буюк машваратин ортиқлаганча,
Мозий китобини қўлтиқлаганча
Асотир илкида овунчоқ бўлдик.
Тан беринг, дил учун таъқиб қўйилган,
Буюк таълимотлар ёқиб қўйилган –
Динимиз бўйнига тақиб қўйилган
Ёлғон асрагувчи кўзмунчоқ бўлдик.
Энди яшаяпмиз хитоблар билан,
Эртакка айланган китоблар билан.
Қиёс айласангиз асҳоблар билан,
Бўридан туғилган қўзичоқ бўлдик.
Ака-ука эдик бир-биримизга,
Бугун бегонамиз тақдиримизга.
Оҳ, иснод тегишли ҳар биримизга –
Бебағр, бедасту беқучоқ бўлдик.
Суяниб шарафдор, собиқ у кунга,
Обрў топаяпмиз асли текинга.
Яшамоқ навбати келса бугунга,
Келинг, тан олайлик, эринчоқ бўлдик?!
Тушунинг, у – тарих, қайтмагай асло,
Келиб фатҳ қўшиғин айтмагай асло.
Шараф қуёшимиз ботмагай асло
Магарки ўтмишга ялинчоқ бўлдик.
Қачон ҳамма билган шартга қараймиз –
Ортга йўл йўқ, дебон ортга қараймиз,
Кўмилиб тугаган юртга қараймиз,
Юртсиз ва юпунсиз шаҳаншоҳ бўлдик.
Ёмонлаш урф бугун бечора ғарбни,
Бизга кўзгу тутган ҳазора – ғарбни...
Тўғри, тан олишлик оғирдир айбни –
Ўзликка қайтолмас бир қочоқ бўлдик.
Амаллар бисёрдир, савоб топилмас,
Недир шараф учун сабаб топилмас.
Саволлар ёғилган... жавоб топилмас,
Жудаям, жудаям эринчоқ бўлдик.
© Хайрулло Ҳамидов 🌷 Сайтда👉 www.malhamuz.blogspot.com телеграмда👉
@malhamuz 💞🙏🏼✨🌙
🙏🏼👉 @malhamuz 💞🙏🏼✨🌙
Комментариев нет:
Отправить комментарий