ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

вторник, 13 ноября 2018 г.

БЕМОРЛИК НИМА: АЗОБ - УҚУБАТМИ ЁКИ СИНОВ?

БЕМОРЛИК НИМА: АЗОБ - УҚУБАТМИ ЁКИ СИНОВ?
Инсон борки ҳаёти давомида бирор касалликни бошидан кечиради. Албатта, инсон ўз ҳаётининг бирдек равон, мусибатларсиз ўтишини хоҳлайди. Аммо, «иссиқ жон» деганларидек, касаллик турли инсонларда оғир ёки енгил кечиши мумкин. Инсон жисман дард чекар экан, унинг руҳиятида ҳам албатта салбий фикрлар кечади. Бу руҳий
кечинмалар инсоннинг ёшига ҳам боғлиқ бўлади. Инсон ёшликда касалликни осон ўтказиш билан бирга, у бу ҳақда чуқур ўйламайди ҳам. Аммо ёши ўтган сари касаллик унга гуёки доимий ҳамроҳдек туюлиб, ҳали у ери, ҳали бу ери оғришидан нолий бошлайди. Ҳатто ёмон ҳаёлларга бориб бесабрлик қилади ва буни гўё Аллоҳ таолонинг ғазабига учраганлик белгиси деб тушунади. Аслида ҳам шундайми? Зотан, ҳар бир инсон ҳаёти давомида турли қийинчилик ва мусибатларга дуч келади. Чунки ҳаётнинг ўзи синов ва имтиҳонлардан иборат. Ваҳоланки, дард келганда баъзи инсонларнинг умидсизликка тушиб заифлашиб қолишлари уларнинг касаллик орқасидан келадиган ҳикматлардан бехабар эканликларининг аломатидир. Мўмин мусулмонга Аллоҳ таоло томонидан юбориладиган барча касалликлар у учун хайрлидир. Гоҳо бандалар фарз қилинган ибодатларни тўлиқ адо эта олмасликлари ёки солиҳ амаллари етарли бўлмаслиги мумкин. Бундай ҳолатда Аллоҳ таоло уларга бирор касаллик ёки мусибат юбориб, Ўз ҳузурида уларнинг гуноҳларини кечиб, улуғ даражаларга кўтаради. Ушбу сўзимизга қуйидаги ҳадис далил бўла олади. Муҳаммад ибн Холид ас-Суламийнинг бобосидан қилинган ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳдан бир бандага мартаба ёзилган бўлса-ю, банда амали билан унга етмаган бўлса, Аллоҳ уни жасадида ёки молида, ёки боласида бало (мусибат)га гирифтор қилади. Сўнгра уни ана шунга, токи Аллоҳдан унинг учун ёзилган мартабага эриштиргунча сабр қилдиради», – дедилар» 
(Абу Довуд ривояти).

Агар Аллоҳ таоло дард ва аламларни юбормаганида эди, инсонлар соғликнинг қадрига етмаган бўлар эдилар. Баъзида инсон касаллик, ғам-ташвиш ва фақирлик каби мусибатлар унга Аллоҳ тамонидан юборилган неъмат эканлигини англаб етиши зарур. Агар теранроқ ўйлаб кўрсак, бу мусибатлар билиб-билмай қилган гуноҳларимиз учун каффорат бўлишини тушунамиз. Диний манбалардан маълумки, солиҳ кишилар турли мусибатларга учраб туриши Яратганнинг унга муҳаббати аломатидир. Жумладан, касалликнинг келиши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода килгани белгисидир. Бундай кишилар учун мусибат ва касалликлар Аллоҳ таоло олдида уларнинг даражотлари кўтарилишига воситадир. Бу фикримизга Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шариф мисол бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни хоҳласа, уни бирор мусибатга мубтало қилади», – дедилар. 
(Бухорий ривояти).

Динимиз тарихига назар солсак ҳам юқоридаги фикрларимизни тасдиқловчи мисолларни келтириш мумкин. Айрим пайғамбарларни ҳам бундай мусибатлар четлаб ўтмаган. Ҳаттоки башарият саййиди бўлмиш Муҳаммад алайҳиссалом ҳам бемор бўлганлар. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, у зот иситмалаб ётган эканлар. Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, сиз қаттиқ иситмалаяпсиз-а?» – десам, у зот: «Ҳа, мен сизлардан икки киши иситмалагани каби иситма бўламан», – дедилар. «Унда сизга икки ажр бўладими?» – десам, «Ҳа, шу сингари бирор мусулмонга азият етса, тиконми ёки ундан каттароғи азоб берса, у билан ёмонликлари ўчирилиб, гуноҳлари худди дарахт баргидек тўкилиб кетади», – дедилар»
(Бухорий ва Муслим ривояти). 

Комментариев нет:

Отправить комментарий