ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 15 ноября 2018 г.

МОЙЧЕЧАК (РОМАШКА)ТАЪРИФИ ХАКИДА.

МОЙЧЕЧАК (РОМАШКА)ТАЪРИФИ ХАКИДА.
Замонавий табобатда мойчечак гулларидан тайёрланган Гален препаратлари яллиғланишга қарши, оғриқни қолдирадиган ва ўт ҳайдайдиган, шунингдек, қон тўхтатадиган, тинчлантирадиган, талвасаларга қарши ва спазмолитик таъсир кўрсатадиган восита тариқасида қўлланилади. Бундан ташқари, бу препаратлар яра-жароҳатларнинг битишини бир мунча тезлаштиради
. Юқорида айтилганидек, мойчечак гулларининг дамламаси ҳазм безлари ишини жонлантириб, бижғиш жараёнларини камайтиради, терлатадиган таъсир ҳам кўрсатади. Мойчечакдаги эфир мойи нафасни кучайтириб, юрак қисқаришлари сонини оширади, бош мия томирларини кенгайтиради, оғриқни қолдиради, терлатади, қоринда ел тўпланишини камайтиради. 
Мойчечакдан ажратиб олинган хамазулен деган препарат аллергияга, яллиғланишга қарши кучли таъсир кўрсатади, оғриқни қолдиради. Гулларидан тайёрланган дамламани гастритлар, энтеритлар, энтероколитлар меъда ва ўн икки бармоқ ичакнинг яра касаллигида, жигар, ўт пуфаги, буйрак, қовуқ яллиғланган маҳалларда, қорин дам бўлганида буюрилади. Яраларни ювиш, ванналар, клизма қилиш учун у сиртга ҳам ишлатилади.
Машҳур табиб Абу Али ибн Сино таърифлашича, мойчечак қиздирувчи ва хилтни етилтирувчидир. Тиқилмалар ва томирларнинг оғзини очади, терлатади. Эритувчи ва суюлтирувчи таъсирга эга. Меъдадаги иссиқдан бўлган шишни ва қотиб қолган қонни эритади, совуқдан бўлган шишларда фойда қилиб, қовжираган яраларни кўчиради ва тузалиши қийин бўлган жароҳатларни тозалайди. Мушак ва асаб яраларида даво бўлади. Ҳўли ҳидланса, ухлатади. Пешоб, савдо ва балғамни суради. Ўзи ва ёғи бавосирни даволайди, ёрилган сувли даббага, қуланжга, қовуқ оғриғига ва талоқ қаттиқлигига шифо бўлади. 
Мойчечак гулларидан тайёрланган доривор воситалар (қайнатма, дамлама, малҳам, шарбат, настойка, ёғ) мия, бош, тиш, қулоқ, кўз оғриқларини, ошқозон-ичак, асаб, ўпка, жигар, буйрак, шамоллаш ва бошқа касалликларни даволашда азалдан халқ табобатида кенг қўлланиб келинган.
Мойчечак замонавий тиббиётда ҳам меъда-ичак, гинекологик, жигар касалликларини даволашда ҳамда тер ва ел ҳайдовчи дори сифатида қўлланилади. 
Даволаниш учун мойчечакдан дамламалар, қайнатмалар, эритмалар тайёрланади. Жумладан, қайнатма учун мойчечакнинг қуритилган гулидан 10 
грамм олиб, 200 грамм қайноқ сувда 5-7 дақиқа қайнатилади. Сўнгра тиндириб, сузиб олинади. 
Дамлама учун эса 1 ош қошиқ қуритилган мойчечак гули 1 стакан қайноқ сувда 0,5-1 соат дамлаб қўйилади. Сўнгра докадан сузилади. Дамламанинг 1/3 қисми кунига 3 маҳалдан овқатдан олдин илиқ ҳолда ичилади. Даволаниш курси 25-30 кун. 
Шунингдек, совуқ сувда ҳам дамлама тайёрлаш мумкин. Бунинг учун 10 чой қошиқ қуритилган мойчечак гули 2 стакан совуқ сувда 8 соат дамлаб қўйилади.
Мойчечак жимога майл уйғотар,
Бир ичими унинг, билсанг, уч дирҳам.
Ўзи бир ўсимлик, тирсакка етар,
Бабуна гулидек шакли, бўйи ҳам.
Кесади, мулойим қилару ҳайдар,
Аҳли босур (бавосил) учун кўп яхши шифо.
Меъда оғзи учун қилади зарар,
Нафас сиқса, қулоқ оғриса, даво.
Қуруқ-иссиқ бўлар иккинчи миқдор,
Ёғидан кетади тандан яра, қон.
Туз ила балғаму савдо тору мор,
Яна қаттиқлашса агар бачадон.

Мойчечакнинг хосиятлари тўғрисида шундай таъриф кетади:

Қуруқ-иссиқ уни бегумон,
Биринчи ўрин, деб қилмишлар баён.
Мияга ажойиб қувват бахш этар,
Ундан асаб учун яхши наф етар.
Совуқ сабаб бўлиб оғриганда бош,
Ундан яхши даво кўрмаган ҳеч бош.
Мия учун унинг фойдаси кўп соз,
Қонни тозалашда мағрубу мумтоз.
Боғланса, кўз дардин айлагай барбод,
Устоздан шундай деб олган эдим ёд.
Ҳам сийдик ҳайдашда тенги йўқ ҳар он,
Сариқ касалини қувар бегумон.


Мойчечак гулининг хусусиятлари ҳақида эса қуйидагича келтирилади:

Қуруқ-иссиқ эрур мойчечак, эй ёр,
Иккинчи ўриндир, эсда тут зинҳор.
Ҳайдайди, кесади, мулойим этар,
Оғизу меъдага лек зарар етар.
Қайнатиб сувига ўтирилган чоқ,
Бачадон шишига наф етар мутлоқ.
Ундан босур ели учун шифодир,
Қулоқ оғриқ, рабу учун даводир.
Унинг ёғи ила ким даво этар,
Истисқо, сариққа шифоси етар.


Комментариев нет:

Отправить комментарий