ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 2 февраля 2017 г.

Пайғамбаримиз(с.а.в.) нинг хазиналари


Пайғамбаримиз (с.а.в.) баъзи таом ва меваларни еб, уларнинг баъзиларининг шифо ва фойдали эканлигини зикр қилиб, баъзисини яхши кўрганлар. Шунинг учун мўмини комил, албатта, Расулуллоҳ (с.а.в) суйган барча нарсаларни дўст тутиб, унга амал қилишга ҳаракат қилмоғи лозим. Зеро, султонул-атиббо (табибларнинг султони) номи билан машҳур бўлган Пайғамбар алайҳиссаломнинг хазиналари Аллоҳ субҳаноҳу ва таолонинг хазинасидандир.
Гуруч
Хабарларда келтирилишича, Аллоҳ таоло дунёнинг яратилишидан неча йил аввал, Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак нурларини яратди ва нимаики дунё ва охиратдадур, ул нурдан пайдо қилди
. Ул нур то бобомиз Одам алайҳиссаломнинг сулблари, яъни белларига ўтгунча Аллоҳ жалла ва аъло ул нурни бир гавҳарда сақлади. Пайғамбар алайҳиссалом нурларидан ажралган бу гавҳар ғам-андуҳда қолиб пора-пора бўлди ва гуручга мубаддал бўлди. Шунинг учун бу неъматдан тайёр қилинадиган таом мусулмонларнинг энг яхши таоми ҳисобланади. Ҳатто, энг улуғ меҳмонни ҳам ушбу таом билан зиёфат қиладилар. Пайғамбар алайҳиссаломнинг; «Таомлар ичида гуруч, қавм орасидаги пешво кабидир» деганлари сўзимизнинг далилидир.
«Гуруч меъдага қувват бағишлайди, ич кетишни тўхтатади, ичакларнинг яллиғланишини даволайди ва нутфани зиёда қилади».
Ҳариса (ҳалим)
Ҳадисда келибдики, Жаброил алайҳиссалом Пайғамбаримиз (с.а.в)ни ҳариса (янчилган буғдой, гўшт, ёғ ва туз қўшиб тайёрланадиган таом, яъни ҳалим) ейишга амр қилдилар, зеро бу таом инсонга кўп қувват бағишлайди. Расул алайҳиссалом бу таомнинг қуввати билан кечалари ибодат қилар эдилар. Ҳариса шаҳват қувватини ҳам зиёда қилади.
Ошқовоқ ва наск (маржумак)
Пайғамбаримиз (с.а.в) ошқовоқдан тайёрланган таомни ва наск шўрвасини дўст тутар эдилар. Чунки, бу неъматлар дилни мулойим, гуноҳдан қорайиб қотган юракни тавбага мойил қилади. Ошқовоқ ақлни, наск эса кўз ёшини зиёда қилади.
Арпа нони
Арпа нони ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг луқмалари бўлгани учун муборакдир. Хусусан, Расулуллоҳ (с.а.в) хонадонларининг истеъмол қиладиганлари кўпроқ арпа нони эди. Арпа нонини емоқ суннатдир. Буғдойга аралаштирилган арпа баракали бўлади. Аммо, буғдойни ювмоқ баракани кетказади. Расулуллоҳ (с.а.в) арпа нонини хурмо билан еганлари тўғрисида ҳам ривоятлар бор.
Талбин
Талбин (ун ва сутдан пиширилган таом, баъзан асал ҳам қўшилади) ғамни кетказади. Беморнинг қалбига таскин ва ором беради.
Сирка ва асал
Сирка неъматларнинг энг сара ва манфаатлисидир. Мижози иссиқ-совуқ, балғам ва сафрони узади. Кўп истеъмол қилинмоғи савдога зиён етказиб, шаҳватни пасайтиради. Улуғларимиздан баъзиларининг қавлларича, баданнинг куйган жойига кучсизлантирилган сиркани суртса, шифо бағишлайди.
Асал барча дардларга шифо эканлиги кўпчиликка маълум.
Хурмо
Хурмо ҳам нонхурушлар жумласидандир. Расул алайҳиссалом учун энг яхши мева хурмо ва қовун эди. Ҳатто, баъзан хурмони қовун билан тановул қилар эдилар. Зеро, хурмонинг иссиқлиги қовуннинг совуқлигини кесиб, мўътадил ҳолатга келтиради.
Узум
Бир бош узумдан бир бошоғини ажратиб, дона-дона емоқ одобдандир. Онамиз Ойша разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар; Пайғамбаримиз (с.а.в) узум бошини чап қўлларига олиб ва ўнг қўллари билан дона-дона узиб ер эдилар. Баъзан узумни икки донадан олишлик ҳам ривоят қилинган. «Тибби Набавий»да келтирилган «Пайғамбар алайҳиссалом Салмони Форсий разияллоҳу анҳу билан узум еб турганларида, дедилар «Эй, Салмон, ду-ду!» яъни , (узумни икки дона-икки донадан енг!). Пайғамбар (с.а.в)нинг кўп китобларда форсча сўзлаганларига шу ҳадис далил қилиб келтирилган.
Седана
Седанани ўлимдан бошқа ҳамма дардларга шифо деб билишган. Жолинус ҳаким айтишича: «Седананинг манфаати кўп бўлиб, қорин дамини ҳайдайди, меъда қуртини ўлдиради ва кўзда пайдо бўлган сувга фойдалидир. Агар уни това устида қовуриб, кўк латтага олиб ҳидласа, зуком (грипп) ни даф қилади. Агар майдалаб эзиб, пешонага боғласа бош оғриғини қолдиради. Сурма каби кўзга суртса, унинг қизиллигини кетказади. Агар сирка билан қўшиб боғланса, обила (қадоқ)ни узади. Балғамли шишларни қайтаради. Агар еса, она сутини кўпайтиради ва пешобни суради. Унинг мойи инсонни ёш сақлайди. Соқол ва сочнинг ўсишини тезлаштиради. Заҳарларни тортади. Шаҳват қувватини зиёда қилади».
«Тибби набавий»да келтирилишича: «Седана билан нон бодларни суради. Бош оғриғини ва ич кетишини тўхтатади. Юз қийшиқлиги, сакта, оғир ухлашлик, эссизлик, бош айланиши ва кўз олди қоронғулигига манфаатлидир».
Майиз
Майиз асабни мустаҳкамлайди, беморликни кетказади, оғизни хушбўй қилади, балғамни узади, юз рангини соф ва тоза қилади, аммо унинг данагини емаслик яхшироқдир. Имом Заҳрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Кимки, ҳадис ёдлашни дўст тутса, бас, албатта, майиз есин». «Таълимул-мутааллим» асарида келтирилишича, кимки зеҳнининг ўткир бўлишини хоҳласа, ҳар тонг йигирма битта майиз ейиши керак экан. Исломнинг буюк муҳаддиси Абу Исо Муҳаммад Термизий раҳимаҳуллоҳ майизни кўп истеъмол қилар эканлар.
Беҳи
Беҳи ҳам ғам-андуҳни кетказади, қалбни пок, қўрқоқни ботир ва шижоатли қилади, меъдага қувват бахш этади, шаҳватни қўзғатади.
Беҳининг данаги ҳамда қайнатмаси қоринни мулойим қилиб, йўталга шифо ато қилади. Фарзанд зебо ва чиройли бўлмоғи учун ҳомиладор аёлларга кўпроқ беҳи истеъмол қилиш тавсия этилган. Хабарларда келтирилишича, бир қавм фарзандларининг қавм ва хунук туғилишидан шикоят қилиб, ўз пайғамбарлари ҳузурига келадилар. Аллоҳ таоло у пайғамбар алайҳиссаломга вахий юбориб, қавмининг ҳомиладор аёллари беҳи истеъмол қилишларини амр қилади. Бас, ўша қавм бу илоҳий амрни амалга тадбиқ қилгандан сўнг фарзандлари чиройли ва хушсурат бўлиб туғилади.
Унутмаслик керакки, аёллар ушбу амални ҳомиладорликнинг учинчи ва тўртинчи ойларида амалга оширишлари керак. Зеро, шу ойларда болага она қорнида шакл ва сурат берилади. Валлоҳу аъламу бис-савоб.
Анор
Анор меъдага қувват бағишлаб, хафақон касаллигига ҳам фойдалидир. Ҳадисда келган: «Ҳар бир анорда жаннат сувидан бир қатра бордир». Шу муборак сувни зое қилмаслик учун анор ейишда бошқаларни шерик қилмаслик ҳамда анор доналарини қолдирмасдан ейишлик мустаҳаб амаллардандир. Анорнинг меъдага манфаатлироқ бўлмоғи учун ичидаги оқ пардалари билан емоқ мақсадга мувофиқдир.
Анжир ва зайтун
Анжир қалбни мулойим қилади, яъни қаттиққўлликни кетказади. Қўланж (ичак оғриғи)ни тўхтатади.
Имом Байзовий раҳимаҳуллоҳ ўз тафсирларида шундай деганлар: «Аллоҳ таоло мевалар орасидан «Тийн» сурасида айнан анжир ва зайтунни қасам билан эслаб, уларнинг бошқа мевалардан мумтозроқ эканлигини билдиради. Зеро, анжир ёқимли, ғизоли, нозик, ҳазм бўлиши осон ҳамда фойдали мевалардандир. Қоринни мулойим қилиб, балғамни суюлтиради. Буйракни тозалайди, қовуқдаги тошларни суради. Жигар ва талоқдаги тугунларни очади. Баданни семиртиради». Ҳадисда ҳам келадики, «Анжир бавосир (геморрой) ва ниқрис, яъни қўл ва оёқ бўғимлари дардига манфаатлидир».
Зайтун ҳам нонхуруш ва шифобахш мевалар сирасидан бўлиб, у ёқимли ва кўп дардларга фойдалидир.
Қовун
Қовунни табаррук деб билмоқ керак. Зеро, қовунда ҳам анор каби жаннат сувидан бир қатра бор. Бас, жаннат сувидан баҳраманд бўлмоқ учун унинг эти ва сувини зое қилмасдан емоқ лозим. Ҳадисда келтирилишича, «Қовун таом, райҳон ва нон кабидир». Чунки у очликни кетказади, чанқоқни босади, хушбўй ҳид таратади, ботин (ички аъзолар)ни тозалайди.
Шунингдек, у масона (қовуқ) ва қоринни ювади, нутфани кўпайтиради, юз рангини соф ва оғизни хушбўй қилади. Бош оғриғини қолдириб, кўзни ўткир ва равшан қилади. Иштаҳани очиб, меъда қуртларини ўлдиради.
Агар қовунни кесмоқ ҳолатида «Бисмиллоҳ» деса, қовун меъдада тасбеҳ айтиб, ботиндаги дардларни чиқариб, ўрнига шифо киргизади. Агар кимки, қовунни сотиб олмоқ вақтида «Бақара» сурасининг 70-ояти ва кесмоқ ҳолатида 71-оятини ўқиса, ушбу оятлар ҳурматидан ўша қовун хушхўр ва мазали бўлади.
Агар кишининг олдига янги пишган мевалардан келтирилса, суннат шулки, дарҳол қўлига олсин, лаб ҳамда кўзларига суртиб, Аллоҳ субҳаноҳу ва таолодан барокат сўраб, Пайғамбар алайҳиссаломга саловот айтсин. Сўнгра олдидаги ёш болаларга берсин.
Меваларни пишиқчилик бошида кўпроқ ва охирида камроқ есин. Балки, охирида емаслик яхшироқдир. Шунингдек, мевани зиён қилмаслик учун тоқ есин. Чунки, Аллоҳ таолони эслатадиган ҳар бир иш яхши ва муборакдир. Валлоҳу аъламу бис-савоб.
Бақлажон
Набий (с.а.в) бақлажон еган вақтларида унинг яхшилигини эслаб, шундай дер эканлар; «Кимки, бақлажонни касаллик келтиради, деган гумонда еса касаллик келтиради. Агар даво бўлади деб еса, даво бўлади».
Халифа Маъмун инсонларнинг ақлу-фаросатини бақлажонга муносабатидан билар экан, яъни ким бақлажонни кўпроқ яхши кўрса, унинг ақлини комилроқ деб билар экан.
Жаъфари Содиқ разияллоҳу анҳу дейдилар; «Агар бир эшак устидаги юкнинг бақлажон эканини билганида, албатта, у бошқа эшакларга фахр қилар эди».
«Ширъат ул-ислом» китобида келтирилишича, Пайғамбар (с.а.в) исроъ кечаси бақлажонни жаннатда сидратул-минтаҳо дарахтининг остида кўрдилар. Бақлажон Аллоҳ таолонинг бирлигини иқрор қилиб, Онҳазрат алайҳиссаломнинг пайғамбарлигига гувоҳлик берган биринчи дарахтлардан экан. Аллоҳ таоло уни дона-дона, шаклини эса, 1 рақамига ўхшатиб яратганлиги ҳам шундан далолатдир. Шунинг учун, Пайғамбар алайҳиссалом инсонларни бақлажон ейишга тарғиб қилар эдилар. Шунингдек, у инсонга ҳикмат бахш этади. Димоқни ҳўл, қовуқни қавий қилиб, шаҳватни ҳам оширади.
Пиёз ва саримсоқ
Пиширилган пиёз ва саримсоқни емоқ дуруст, аммо уларни хом ейиш макруҳдир, чунки, оғизда ёмон ҳид пайдо қилиб фаришталар ва атрофдаги инсонларга озор етказади. Пайғамбаримиз (с.а.в): «Хом пиёз ва саримсоқ еган киши бизнинг масжидимизга яқинлашмасин» деганлар. Баъзи ҳакимлар, сафарга чиқадиган кишилар, хусусан бошқа мамлакатларга борадиган кишиларга хом пиёз ейишларига ижозат берибдилар. Зеро, хомпиёз айрим юқумли касалликлардан сақланишнинг синалган воситасидир. Бу ҳолатда ейиш мубоҳ бўлади.
Турп
Турпни ейишдан аввал Расул алайҳиссаломни эслаш суннат. Турп пешобни суради ва таомни ҳазм қилади, хусусан, унинг аччиқлиги таомнинг ҳазм бўлишига манфаатли. Барг ва баргининг суви жигар ва талоқнинг тугунларини очади, ярақон (сариқ касаллиги)ни кетказади, кўз нурини ёруғ ва ўткир қилади. Унинг баргини ҳам кўпроқ истеъмол қилиш керак.
Тоғ райҳони ва қизил гул
Пайғамбар (с.а.в) тоғ райҳонини ёқтирар эдилар ва қизил гулни ҳидлаганда саловот юборишга тарғиб қилар эдилар. Ҳадисда келишича: «Кимгаки, райҳон берилса, бас, албатта қайтармасин». Яъни яхши қабул қилиб уни ҳидласин. Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ «Ҳар ким қизил гулни ҳидласа-ю, менга саловот айтмаса, бас, батаҳқиқ, менга жафо қилибдур» деб марҳамат қилганлар. Бир ривоятда қизил гул Пайғамбар алайҳиссаломнинг терларидан яратилган дейилса, унинг ўхшашлиги, ҳаддан зиёд чиройлилиги ва хушбўйлигини назарда тутиб, Расули акрам (с.а.в)га ташбеҳ қилинган.
Ушбу мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Диний қўмита рухсати билан нашр этилган “Таомланиш одоби” рисоласидан муаллифлар изни билан кўчириб олинди.


Комментариев нет:

Отправить комментарий