“Маънавий тарсакининг зарби”
(Жиддий ҳикоя)
Катта шоҳкўча
бўйидаги қуюқ дарахтлар соя ташлаб турган муҳташам
биноларнинг бири. Ҳашамдор эшигига “Бош
муҳаррир” деб ёзилган хонада, икки киши ўртасида бўлиб ўтаётган мунозара тобора авж олиб борарди...
Улардан бири куйиниб нималарнидир асослашга уринаётган, ўрта ёшлардаги, чайир жуссали
одам. Кўринишдан жисмоний меҳнат билан
бадантарбияни канда қилмаса керак, эгнидаги одмигина кўйлагининг енгларини
шимариб олганидан, билакларида бўртиб турган томирлар ҳам “айтиб” турибди.
Иккинчиси эса шу хонанинг эгасига ўхшайди, тўридаги креслога чўкиб олган пастак бўйли, нафақа ёшидан ўтган
тепакал одам.
Куннинг иссиғига ҳам қарамай
тақиб олган тугуни муштдай келадиган қизғиш
бўйинбоғини тез-тез тўғрилаб, бошининг орқа томонида тўкилмай
қолган сочларини тўплаб, тақири чиқиб кетган жойига кафти билан босиб-босиб қўймоқда... Унинг ҳаракатларидан бироз асабийлашаётгани сезилиб турибди.
-Хуллас, гап шу, қаламкаш дўстим Самандар Туғён! - дея
кўзойнаги устидан ўтириш учун таклиф қилинмаганидан тик турган баҳсдошига менсимайгина
қараркан: - Воқеа жуда
кескинлашиб кетган... Бу ҳолда ҳикоянгизни мутлақо чиқариб бўлмайди!... Қандайдир
Жасур Ботиров деганингиз давлат идорасининг
катта столида ўтирган нуфузли одамнинг башарасига қарата тарсаки тортиб юборяпди-я! Яна қаерда денг,
нақ кабинетида! Ўта аянчли ҳол! Ўт-та қалтис ҳолат! Сиз, ҳикоянгизни имкон қадар
юмшатинг?! Силлиқланг, жўнлаштиринг! - деб қайта-қайта таъкидларди...
Ҳалим Пардаевич! Ахир тушунинг?!... деганча кўзларини
катта-катта очиб олган Самандар Туғён: -Ҳикоямни батафсил ўқиб чиққандирсиз... Уни
ҳаётдан олиб ёзганман-да, ака! Қаранг, ҳамма ҳужжатлари бўла туриб, бечора
Ботиров саккиз ой ҳокимият идорасига қатнаб, ишини битказа олмаса! Ахир ҳар қандай
одам ҳам чидаб туролмайди-да, ака! Ҳатто “робот” бўлганда ҳам ичидаги симлари куйиб кетиб, шилқ этиб тушган
бўларди... Мени кечириб қўйинг-у, уни, бундан бошқа иложи йўқ эди. Кейин кўриб,
турибсиз, “Қандай бўлмасин, зое кетган умрим ва асабларимни хунини
оламан!” деб онт ичиб қўйган! Агар ҳикоямдан сизга ёқмаётган жойларини чиқариб
ташласам,... уни ҳеч иккиланмасдан ғижимлаб, ахлат идишига отиб юборадиган макулатурага
айланади қолади. Усиз ҳам, сиз хоҳлаётган юмшоқ, или-милиқ, маиший темадаги ҳикоялар ҳаммаёқни босиб кетди!...
Ҳалим Пардаевич худди суд мажлиси олиб бораётгандай, қовоғини солганча қўлидаги қалам билан пиёла четига бир-икки уриб қўяркан:
-Сиз, мавзудан четга чиқиб кетяпсиз! Ҳикоянгизни ўнглаш, сал бўлсада эпақага
келтириш тўғрисида гаплашайлик!-дея
Самандар Туғённинг гапини кесиб, сўзида
давом этаркан:
-Бундай майда ишларни,
илтимос ёки таниш-билиш орқали ҳам битказса бўлади-ку! Нима қиласиз вазиятни
жиддийлаштириб. Ёзиб келганингиз атиги битта ҳикояча бўлса!... Яхшиямки, драма
ё трагедия эмас, - деб, гўё “чақиб олдимми...”
дегандек истеҳзоли
илжайиб қўйди. Самандар Туғён унинг ичида “тонналаб кўмир” ётганини сезиб қолганидан очиқчасига ҳужумга
ўтиб:
-Йўқ! У бир сўзли, ҳалол
одам! Сиз ўйлаётган қинғир-қийшиқ, ҳаром йўллар билан иш битказиш, унгамас! Бундай
қилишга виждони йўл бермайди! Сиз ҳамма нарсани ўзингизни қаричингиз билан
ўлчаб ўрганиб қолгансиз. Мабодо, ҳаётда шундай одамлар қолмаган, деб ўйлаётган
бўлсангиз, қип-қизил... деди-ю, у ёғини айтмай:-Чуқур хато кетасиз! Бундай пок
одамлар жамиятимизда ҳали бор! Бундан кейин ҳам бўлади! Яна бир фактни ҳисобга
олинг! Ўша сиз тарафини олаётган “идора каламуши” ўзидан кетиб бўлган. Аниқроғи ҳаром луқма қутуртириб қўйган! Ёшми, қарими,
барибир, иши тушиб келганларни менсимай қўпол муомалада бўлади. Бир нима
ундирмагунча мингта важни рўкач қилиб, ҳеч кимни қабул қилмай қочиб юради. Ё
очиқ мақсадини айтмайди, ё одамларни ишини битказиб бермайди. Бетон!!! Бунақа
ярамасларни қачонгача хаспўшлаб ўта
берамиз?! Аслида, бундай ҳаромтомоқлар
тўғрисида сизга ўхшаган тўртинчи ҳокимият
эгалари ёзишлари керак эди! Фельетон, памфлет деган бир яхши
жанрлар бўлар эди, таг-томири
билан қўпориб ташладинглар! “Муштум” мункиллаб қолган, овози чиқмай
пичирлаб гапиряпти. Қўли фалаж одамнинг қўлидан
баттар, қисмай қўйди.... “Сен менга
тегма, мен эса сенга тегмайман” деган услубни пинҳона шиорга айлантириб олиб, ҳамма
нарсани юмшатишга, сипоришлашга,
катталар олдида ялтоқланишга ўтиб
олгансизлар! Айтингчи, сизларни ким
мажбур қиляпти, шундай паст кетишга?! Ё “Демократия ва ошкораликка эришайлик!”
деган давлат сиёсатига қаршимисизлар?!... Ҳозирги ёшларимиз
сизлардан нимани ўрганади?!
Адолат олдида аждар ҳам синаркан! Унинг попуги пасайиб қолган
бўлса ҳам сирни бой бермай:
-Самандаржон ука! Жон ука, ўтирволинг? – дея олдидаги стулга
ишора қилганди у боши билан “Йўқ!” жавобини қилиб қўйди. Мавзуга қайтайлик?...деб
сўзида давом этаркан: Сиз қаламга олган ўша раҳбарнинг устидан ҳам катта раҳбари бор-да, ука! У киши бошқача тушуниб,
ёмон кўриб қолиши мумкин. Буни ёддан чиқармаслик керак! У ҳам ўзидан қўрқади-да,
ука! Наҳот тушунмайсиз! деб қўйди қошларини кериб.
-Ҳалим Пардаевич!...
Ойдинда қулоғининг соясидан қўрққан қўйдай, сиз “майда” ҳисоблаётган ана
шу ишни ҳам ҳал қилиб беролмаса, катта
бир столни банд қилиб нимага ўтирибди?! Бошқа ишчанроқ, ҳалолроқ, юраклироқ
одам қуриб кетибди-ми?! Ана чет элларда мана ман деган университетларни
тамомлаб келган билимли, диёнатли, ишчан ёшларимиз бор!
Ўшалардан қўйишсин!
-Тўхтанг, тўхтанг, укажон! Ҳикоя мавзусидан яна четлашиб
кетяпсиз... Ўзингизга, “то есть” ўзимизга тегишли бўлган ишдан гаплашайлик.
Кимни ишлатиш, кимни ишлатмаслик, бизнинг вазифамиз эмас! Хуллас, ҳикоянгиздан
ўша жойни олиб ташласангиз, олам гулистон! Иш жойида мутасаддига қўл кўтариш...
ҳў-ҳў, бу бориб турган жиноятнинг ўзи-ку! Гапингизни пайнови қаёққа қараб
кетяпти, сезяпсизми? Масъул шахсга
бемалол тан жароҳати етказса бўлаверар экан-да, деган номақбул тушунча
пайдо бўлиб қолмайдими,
одамларда... Ҳа, дарвоқе, яна бир қусур,
ҳикоянгизни сарлавҳасини қўполдан-қўпол
“Пачоқланган сабр косаси” деб номлабсиз. Яхшиси, уни мана масалан:
“Сабрни таги сариқ олтин!” деб атанг!.
“Тем более” бизда, ўзбекларда сабр деган салмоқли тушунча бор! Буни ёддан чиқармаслик
керак! Айтайлик, ўша қаҳрамонингиз оғир-босиқ, мулойимроқ, сабр-тоқатлироқ
бўлганда эди, мана қараб турасиз, яқин орада
иши битган бўларди...
-Сабрнинг ҳам чеки-чегараси бор-да, ака! Сиз, ҳаммани “мўмин-қобил” бўлишига
ундаётганингизни уқиб турибман, демак, жони чиқиб кетгунча сабр қилиш керак
дейсиз-да. Ўлиб-нетиб қолмасайла иши битиб кетади, денг. Кечириб қўясиз?! Аввал
бошда-ёқ эслатиб қўйгандим, қулоғингизга ҳам кирмади. Бу, нақ ҳаётдан олинган
воқеий ҳикоя! Ҳодиса қандай бўлиб ўтган бўлса, шундай қоғозга туширганман! Фақат
қаҳрамонларнинг номларини ўзгартириб қўйдим
холос! Буёғини сўрасангиз, ҳозир "Жасур Ботиров” “бори айб менда” деб минг афсусда юрибди...
Бу хабардан ўзида йўқ қувониб кетган Ҳалим Пардаевич:-Ана!
Айтдим-ку, қаҳрамонингиз бу қилмишидан ҳали
кўп пушаймон бўлади!-деб юборди...
Унинг қувончлари совун кўпигидай атиги икки сонияга ҳам етиб
бормади...Самандар Туғён ғолибона кайфият билан сўзни илиб кетаркан:
-Шошманг! Шошманг ака! Ҳолат
жа сиз ўйлаб турганча эмас, бутунлай аксинча!
“Аттанг, ҳа аттанг! Шу етса керак, деб ўйлаб, бўш уриб қўйган эканман... Аслида
, тишини қоқиб қўлига беришим зарур экан-у, ...энағарни! Шундай қилганимда,
балки уни бу ифлос йўлдан қайтариб қолган
бўлармидим”, деб қўяди, бош чайқаб.
-Кечирасиз, Самандаржон, гапингизга тушунмадим... Мундай
тушунарлироқ қилиб гапирсангизчи, нима гап ўзи?
-Ўзингизни гўлликка
солманг, ака! Сиз билмаган сир борми, катталарнинг ичида. Бутун юрт билиб кетди-ку! Ўша сиз тарафини
олаётган олчоқни ёзуви бор бир тутам пулни чўнтакка ураётганида қўлга олиб, ўн
йилдан ортиққа элга кўринмайдиган жойга
тиқиб ташлашди-ку! Буни эшитган Ҳалим Пардаевич ўтирган жойида зўрға “Йўғ-е!”дея
олди холос. Самандар Туғён ёвуз ва
маккор душманни таслим қилдирган
паҳлавондай “қилич ўйнатиб”
хонада у ёқдан бу ёққа ғолибона қадам
босаркан, “ўлжа”сидан
кўз узмай:
-Акаш! Яна бир нарсадан сизни хабардор қилиб қўяй!...
Албатта, бу шум хабар, етти ухлаб
тушингизга ҳам кирмаган бўлса керак. Ўша “катта” столда бундан
аввал ўтирган одам қамоқдан чиқмай туриб,
дума-дум буниси етиб борибди... Улар авваллари ит-мушук бўлиб, бир-бирларини
тагига сув қуйиб юрар эканлар... “Бахтли тасодиф”ни қарангки, ҳозир уларнинг
хоналари ҳам, ..пақирлари ҳам бир эмиш... Яқинда уларни кўргани борган ҳамтовоқлари
янги гап топиб келишибди!.. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, улар сиздан қаттиқ ўч олиш
учун ўша одамларни гувоҳлигида қасам ичиб қўйибдилар!... Бутун айб сизда ва
сизга ўхшаганларда экан! Бу хабардан қўрқиб
кетган Ҳалим Пардаевичнинг ранги қув
ўчиб, даҳанидан “Нега?!” деган сўз
шундай отилиб чиқди-ки, ўзи ҳам сезмай қолди...
Ҳар қандай вазиятдан силлиқ чиқиб кетишга ўрганган Ҳалим
Пардаевич, тўғридан келган бундай кескин зарбани мутлақо кутмаган эди.
Эсанкираб қолганидан нима дейишни билмай: “Сизга ўхшаган бетгачопарлар тўғрисида
Сенека нима деган, биласизми?...” деб, аллақандай цитатани эслатмоқчи
бўлаётганди, Самандар Туғён уни эшитишни
хоҳламай:
-Ака! Сенекани тиқиштирманг!
Бир кекса файласуф ўзини замонида нима деса дегандир. Ҳозир цитатани мавриди
эмас! Конкрет ишдан гаплашайлик. Сизни “цитатавоз” эканлигингизни аввал ҳам эшитгандим.-деб,
уни дамини шартта кесиб қўйди. Чунки, “қилич” энди Самандар Туғённинг қўлига ўтганди...
У ўткир нигоҳини унинг нурсиз кўзларига қадаб: Эшитинг! Сабабини айтайми, “Бизни шу
ифлос йўлга кириб кетганимизни, яқинларимизгина эмас, бутун халқ биларди... Бу
номард журналистлар эса кирдикорларимиз
тўғрисида ҳаммадан кўп била туриб,
шундай ҳолатга тушишимизни кутиб атайлаб ёзмадилар!... Қайтага, тиржайганларича атрофимизда гирдикапалак
бўлиб, ялтоқландилар! Агар очиқ-ошкора, ўзимизга “ўқдай” тегадиган ўткир сатира йўли билан фельетон-мелетон қилиб турганларида , бу жирканч йўлдан қайтган бўлар эдик! Мана
энди, оиламиз барбод бўлди, бизга
ишонган халқ олдида эса обрўйимиз пишган
бемаза тутдай тўкилди. Энг ёмони ҳокимият деган нуфузли идоранинг шаънига қора
доғ туширдик! Энди хотин, бола-чақа нима
бўлади? Фарзандларимизни ким тарбиялаб, ким вояга етказади?.. Уларнинг
тарбиясига вақт ажратмай, енгил,
тўкин-сочин ҳаётга ўргатиб қўйган эдик. Бори
айб ўшаларда!!!Қамоқдан қутилиб чиқай,.. уни нима қилишни ўзим биламан!...” деб,
роса
болахонадор қилиб, куракда турмайдиган сўзлар билан сўкибди сизни!
Бу “хушхабар”ни эшитган Ҳалим Пардаевич: “А!!!” деганча
сапчиб туриб кетди! Унинг қоплама
сочлари тўзиб, тақир боши очилиб қолганди...
Негадир бу сафар на бўйинбоғини тўғрилади, ва на тақир
бошини ёпа олди... Руслан Чағайнинг муштини егандай чуқур “нокаут” ҳолатига
тушиб, пакана гавдаси секин-секин бир томонга оға бошлаганди...
Мунозара тугаганлигига ишонч ҳосил қилган Самандар Туғён
хонани тарк этиб қабулхонага чиқувди ҳамки, унинг қулоғига ичкаридан кўмирхонанинг девори қулаганга
ўхшаш “гуп” этган товуш эшитилди!... У котиба аёлга қараб боши билан Ҳалим
Пардаевичнинг хонаси томон ишора қилиб қўйди-да, илдам қадамлар билан тоза ҳавога
чиқиб кетди...
Одил Қайтмас
Комментариев нет:
Отправить комментарий