Асалари неъматлари
Асалнинг одам организмининг иссиқлик даражасини ошириб, асаб қувватини кучайтириши ва барча тирик ҳужайраларга ҳаёт бағишлаши қадимдан маълум. Асал, айниқса, ақлий меҳнат соҳибларининг фикрини тиниқлаштиради, руҳини кўтаради. Кимки тушликдан сўнг асал ейишни одат қилса, ҳамиша соғлом ва узоқ яшаши қайд этилган.
Асалариларнинг фақат ширин-шакар асалигина эмас, бошқа неъматлари ҳам ҳақиқий мўъжизадир. Улардан бири асалари елими — прополис бўлиб, арилар кузда кўп миқдорда прополис тайёрлайди. Арилар прополис билан ўз уяларидаги тирқишларни беркитади, уя тагини мустаҳкамлайди, уйларига кирмоқчи бўлган зараркунандалар йўлига тўсиқ қўяди. Прополис хушбўй балзам ҳидли бўлиб, унда асал, ўсимлик экстрактлари ва асалари мўми ислари мавжуд. Прополис озиқли неъмат эмас, бироқ у энг кучли дори воситасидир. Унинг хомашёси қисман дарахтлар елимидан иборат бўлса-да, асалари уясида ариларнинг жағ суюқлиги билан қайта ишланади ҳамда мўм ва гулчанглар қўшилади. Унинг таъми аччиқроқ бўлиб, бироз куйдиради ҳам.





