Рулда ухлаб қолмай, десангиз...
Узоқ йўлда рулда ухлаб қолиш
туфайли кўнгилсиз ҳодисалар, фожиали йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлади.
Қуйидаги келтириладиган маслаҳату маълумотларнинг узоқ йўлга чиққанларга
фойдаси тегади, деган умиддамиз.
Маслаҳатлар
Биринчи маслаҳат. Куни билан ишлаб, кейин
тунда йўлга чиқманг, бу хавфли. Эсингизда бўлсин, узоқ масофага кетаётганда бир
хил тезлик исталган одамнинг уйқусини келтиради. Агар куни билан қаттиқ ишлаган
бўлсангиз, диққатингиз кескин сусаяди. Шунингдек, қарама-қарши томондан
келаётган транспорт воситаларининг чироқлари ҳам кўзларни кучли толиқтиради.
Агар тунда йўлга чиқмасликнинг иложи бўлмаса, ҳеч бўлмаганда бир соатга бўлса
ҳам ухлаб олинг, анча тетиклаштиради.
Иккинчи маслаҳат. Рулда жуда кучли уйқу
боса бошладими — дарҳол машинани четга олинг-да, бир соат бўлсаям ухлаб олинг.
Аммо бундай вазиятда транспорт воситасини меъёрида бошқариб бўлмаслигини
кўпгина қайсар ҳайдовчилар тан олгиси келмайди. Ўзингиз ўйлаб кўринг: ҳеч
бўлмаганда бир соатлик уйқу манзилга соғ-омон етиб олишингизга ёрдам беради.
Учинчи маслаҳат. Кучли чарчоқ ёки
ланжликни ҳис қиляпсизми, яхшиси, узоқ йўлга отланманг. Табиий жараёнларга
қарши боришнинг ўзи нотўғри. Дейлик, куни билан жисмоний меҳнат қилгансиз,
табиийки, танангиз кечқурун ҳордиқ «талаб қила» бошлайди. Сиз бунга қаршилик
кўрсата олмайсиз.
Маълумотлар
Кўпчилик автомобилда узоқ йўл босиш — бу ҳайдовчи
босиб ўтиши керак бўлган масофанинг катталигида, деб ҳисоблайди. Аммо бу фикр
унча тўғри эмас. Автомобилда узоқ йўл босиш — бу аслида ҳайдовчи беш-олти соат
ичида босиб ўтиши керак бўлган масофадир. Ана шу вақт ичида у қанча йўл босиб
ўтади — буниси муҳим эмас.
Узоқ йўлга чиқиш вақти, ҳайдовчининг жисмоний ва
руҳий ҳолати ҳам муҳим омиллардан саналади. Германиялик физиологлар кишини
қачон кучли уйқу элтишини аниқлашган. Бу тонгги соат 4 дан 5 гача, эрталабки 10
дан 11 гача, кундузи 16 дан 17 гача, кечқурун 22 дан 23 гача бўлган вақт
оралиқларидир.
Кўпчилик тунда, умуман, узоқ йўлга чиқишдан олдин
аччиқ қаҳва ичиш кераклигини айтади. Бироқ қаҳва ҳаммагаям тўғри келавермайди.
Йўлда рулда ухлаб қолмасликка ёрдам берадиган бошқа йўллар ҳам бор. Масалан,
олдингизда ўтирган киши билан суҳбатлашиб кетиш, радиони эшитиш. Бироқ мусиқа,
айниқса, бир хил тондагиси диққатни яхшигина сусайтиради. Шу боис ҳам 45 дақиқадан
кўп мусиқа эшитиш тавсия этилмайди.
Баъзан тетиклашиш учун вақти-вақти билан тўхтаб
олиш жуда яхши наф беради. Ҳайдовчининг ҳар 100-150 километр масофада бир
тўхташи, машинадан тушиб, енгил чигалёзди қилиб олиши мақсадга мувофиқ.
Дарвоқе, йўлга жуда тўқ қорин билан чиқмаслик
керак, уйқу элтади. Аммо оч қоринга йўлга отланишниям маслаҳат бермаймиз. Бунда
энг қулайи — енгил тамадди. Йўлда ҳайдовчи сигарета чекмагани маъқул, унинг
тутуни организмни бўшаштиради.
Нурбек ҒАФФОРОВ
тайёрлади.
Комментариев нет:
Отправить комментарий