ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

среда, 22 октября 2014 г.

Асалари неъматлари

Асалари неъматлари


Асалнинг одам организмининг иссиқлик даражасини ошириб, асаб қувватини кучайтириши ва барча тирик ҳужайраларга ҳаёт бағишлаши қадимдан маълум. Асал, айниқса, ақлий меҳнат соҳибларининг фикрини тиниқлаштиради, руҳини кўтаради. Кимки тушликдан сўнг асал ейишни одат қилса, ҳамиша соғлом ва узоқ яшаши қайд этилган.
Асалариларнинг фақат ширин-шакар асалигина эмас, бошқа неъматлари ҳам ҳақиқий мўъжизадир. Улардан бири асалари елими — прополис бўлиб, арилар кузда кўп миқдорда прополис тайёрлайди. Арилар прополис билан ўз уяларидаги тирқишларни беркитади, уя тагини мустаҳкамлайди, уйларига кирмоқчи бўлган зараркунандалар йўлига тўсиқ қўяди. Прополис хушбўй балзам ҳидли бўлиб, унда асал, ўсимлик экстрактлари ва асалари мўми ислари мавжуд. Прополис озиқли неъмат эмас, бироқ у энг кучли дори воситасидир. Унинг хомашёси қисман дарахтлар елимидан иборат бўлса-да, асалари уясида ариларнинг жағ суюқлиги билан қайта ишланади ҳамда мўм ва гулчанглар қўшилади. Унинг таъми аччиқроқ бўлиб, бироз куйдиради ҳам.

Прополиснинг кимёвий таркиби тўла ўрганиб чиқилмаган. Ўртача ҳисоб-китобга кўра, унинг ўн фоизи эфир ёғлари, 55 фоизи смола (ўсимлик шираси, қатрон) ва ўсимлик балзамлари, 30 фоизга яқини мўм, беш фоизи гулчанглар ва хушбўй моддалардан иборат.
Прополисни тажрибали одамлар танлагани маъқул ёки ўзингиз ишонган асаларичидан сотиб олинг. Негаки, бу қимматбаҳо неъматни сохталаштирувчилар, ҳатто оддий мўм бўлагини прополис, деб сотувчилар ҳам оз эмас.
Прополиснинг шифобахш хусусияти шундаки, у юздан ортиқ бактерия, вирус ва замбуруғлар, шу жумладан, сил, дифтерия, захм ва гриппни қўзғатувчи микробларга қирон келтиради. Прополис бурун бўшлиғи, нафас йўллари, юқумли бўқоқ, ошқозон, тери хасталиклари, шиш, қийин битувчи яралар ва куйган жойларни даволашда фавқулодда самаралидир. У сурункали хасталикларда ва кучсиз беморларни даволашда иммунитет оширувчи восита ҳамдир. Бундай ҳолларда у асал билан қўшилган ҳолда қўлланилади. Аёллар хасталиклари ҳамда сийдик йўллари шамоллаганда ундан зўр дори йўқ. Ташқи асаб тизимлари, таянч-ҳаракат тизими хасталикларини даволашда ҳам асалари елимидан тайёрланган препаратлардан фойдаланилади. Прополис билан даволаш курсидан сўнг саратонга чалинган беморларнинг аҳволи яхшиланган ҳоллар ҳам кузатилган. Умуман, прополис турфа бактерияларни қириши, заҳарларга қарши хусусияти, ҳар томонлама қувватни ошириши туфайли кимёвий дори-дармонлар билан табақалаштириб қўллаганда, уларнинг муолажалик самарасини кучайтириб, ножўя таъсирини камайтиради.
Прополис билан даволашнинг кенг оммалашган йўллари. Прополис суви. У сут қўшилган қаҳва рангида бўлиб, ичиш учун, ингаляция қилишда ва хасталанган аъзолар устига суртишда фойдаланилади. Майда талқон ҳолдаги прополис дистилланган ёки қайнаган сувга 1 га 2 нисбатда солиниб, 80 даражадан юқори бўлмаган ҳароратдаги сувда шиша идишда 15-20 дақиқа муттасил аралаштириб турилган ҳолда тайёрланади. Сўнгра сузиб олинади, қоронғи ва салқин жойда, қора тусли идишда сақланади. Сақлаш муддати уч ой.
Прополиснинг спиртдаги эритмасидан ҳам прополис суви каби фойдаланилади. У қора-қўнғир тусли бўлиб, ўткир балзам ҳидлидир. Таъми тил учини енгил куйдиргандек таъсир қилади. Прополиснинг спиртдаги эритмаси қуйидагича тайёрланади: музхонада бир оз муддат сақланган прополис 2-4 мм. ҳажмга келгунча майдаланади. Қора рангли шиша идишга 70 даражали спиртга заруратга қараб 1 га 5 ёки 1 га 10 нисбатда солинади. Идиш маҳкам бекитилиб, қоронғи жойда уч кун сақланади. Ҳар куни 30 дақиқа давомида силкитиб турилади. Сўнгра эритма 8-10 соат 5-8 даражали ҳароратда тиндирилади ва сузғич қоғоз орқали сузиб олинади. Қоғоз элакдан ва идиш тубидаги қолдиқдан маз тайёрлашда фойдаланиш мумкин. Тайёр бўлган эритмани қора шиша идишда, зич қилиб маҳкамланган ҳолда хона ҳароратида сақлаш керак.
Прополисли асал, асосан, ичиш учун тайёрланади. Заруратга кўра 5, 10, 15 ёки 20 граммли майдаланган прополис талқони чинни идишга солиниб, оғзи ёпиқ ҳолда қайнаётган сувда эритилади. 80, 85, 90 ва 95 грамм асал олиниб (5 грамм прополис ва 80 грамм асал) бир-бирига мувофиқ даражада чинни идишга солинади. 5 дақиқа муттасил аралаштирилгач, 80 даражадан ошмаган ҳароратда эритилади. Иссиқ ҳолида тиндирилиб, икки қават докадан ўтказилади. Совугач, қора шиша идишларда зич қилиб маҳкамланган ҳолда музхонада сақланади.
Ўсимлик ёғидаги прополис, одатда, меъда яраси, куйган жойлар ва бошқа яраларни даволаш учун қўлланилади. 5, 10, 15 ёки 20 граммли майдалаб талқон қилинган прополис чинни идишга солинади. 5 грамм прополисга 80 грамм ёғ қўшилган ҳолда сувда эритилади. Шафтоли, ўрик, кунгабоқар ёки зайтун ёғи бунда жуда қўл келади. Ёғлар прополис билан бирга усти ёпиқ чинни идишда қайнаётган сув ичида қиздирилиб, яхшилаб аралаштирилади. Аралашма яна бир бор сувда қиздириб олингач, иссиқ ҳолида икки қават докадан ўтказилиб сузиб олинади. Уни яраларга суртиб, устидан боғлаб қўйилади. Боғич 1-3 кунда янгилаб турилади.

Агар прополисли ёғ зайтун ёғида тайёрланган бўлса, овқат ҳазм қилиш аъзолари, нафас йўллари хасталиклари ва профилактика мақсадида кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичилади.

Комментариев нет:

Отправить комментарий