ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

четверг, 23 октября 2014 г.

Эгизаклар мўъжизаси


Эгизаклар мўъжизаси


Менимча ҳар қандай киши эгизликлар туғилишини табиий ҳолат сифатида қувонч билан кутиб олади. Уларга яхши ният билан машҳур шахсларнинг номларини қўядилар. Эгизак сўзи «икки» деган маънони англатишига қарамай, иккидан ортиқ туғилган зурриёдларни ҳам эгизак деб атайдилар. Одатда улар 2, 3, 4, 5 ва ундан ҳам ортиқ бўлиши мумкин.

1971-йил май ойида Полшанинг Гданек шаҳрида Рихерт оиласида беш эгизак туғилди. Адам, Ева, Пётр, Анчешка ва Роман деб ном қўйилган бу эгизаклар тиббиёт ходимлари назоратида соғлом вояга етган бўлса, Литванинг Шелуте шаҳридаги қишлоқ хўжалиги техникуми ходимаси Албина Чепонаснинг тўрт эгизак — бир қиз ва уч ўғлининг кичиклиги ва енгил вазни, ҳатто тажрибали микропедиаторларни ҳам ташвишга солган бўлишига қарамай, улар ҳам соғлом ўсдилар.


Эгизаклар туғилишининг жўғрофий жиҳатларини олиб қарасак, Владимир Мезентсев ўзининг «Мўжизалар қомуси» номли илмий асарида қуйидаги маълумотларни қайд этади: «Собиқ СССРда ҳар юз туғруқдан бирида эгизак, Африкада икки баробар ортиқ эгизак туғилади. Японияда эса бу ҳодиса камдан-кам учрайди. Қизиғи шундаки, — дейди муаллиф, — баланд бўйли аёлларда эгизак туғиш тез такрорланиб туради».

Оммавий ахборот воситаларида эгизаклар ҳақида кўпгина қизиқарли маълумотларга дуч келасиз. 1970-йил газеталарда қуйидаги хабар тарқатилди: «35 ёшли италиялик (Рим шаҳри) аёл Лоредана Петрани олти эгизак (уч ўғил, уч қиз) билан кўзи ёриди. Болалар кичик, аммо соғлом. Бу аёлнинг ўн бир йиллик фарзандсизликдан сўнг илк бор фарзанд кўриши экан».

1964-йилда Россиянинг Кремотирек шаҳридаги Андрисовлар оиласида тўрт эгизак (бир қиз, уч ўғил) дунёга келди. Ота-оналари яхши ният билан Валентина, Андриян, Юрий ва Павел деб машҳур космонавтларнинг номларини қўйдилар. Одатда икки-учтадан туғилган эгизаклар деярли яхши ва соғлом ўсиб яшайди. Масалан, машҳур хоккейчилар ака-ука эгизаклар Борис ва Евгений Матеровларни, ёхуд Александр, Анатолий ва Михаил Рагулимларни ким билмайди, дейсиз? Одессалик ака-ука эгизаклар Виктор ва Валерий Разумовларни-чи? Улар 1974-йилда классик кураш бўйича ўтказилган жаҳон мусобақаларида олтин медалга сазовор бўлдилар. Яқинда Блекинг шаҳри (Швеция)да яшовчи ака-ука эгизак Мартин ва Рудилф ўзларининг 100 йиллик юбилейларини нишонладилар.

Энди қуйидаги ажойиб-ғаройиб маълумотларга қаранг. 1945-йили бир аёл 38 ёшга қадар 44 нафар фарзанд кўрган ва  13 марта иккитадан, 6 марта учтадан эгизаклар туққан. А.Башутскийнинг ўтган ХИХ асрда нашр этилган асарида бундан-да қизиқарли маълумот бор:
1782-йил 27-февралда Шуйск уездининг Николск Монастридан Москвага юборилган ахборотномада маҳаллий деҳқон Фёдор Василев икки марта уйланиб, икки никоҳдан 87 нафар фарзанд кўрганлиги ҳақида ёзилган. Биринчи хотини 27 марта кўзи ёриб, 4 марта тўрттадан, 7 марта учтадан ва 16 марта иккитадан эзигаклар туққан. Иккинчи хотини эса, 2 марта учтадан 6 марта иккитадан эгизак фарзанд кўрган. Ўшанда Ф.Василевнинг ўзи 75 ёшда бўлиб, 82 нафар фарзанди ҳаёт эканлиги қайд этилган.

1966-йилда матбуотда фавқулодда ажойиб воқеа эълон қилинди. Бу Панжара қишлоғида (Шарқий Покистон)ги ёшгина аёлнинг яшашга қобилиятли 9 нафар эгизак фарзанд туққанлиги тўғрисидаги хабар эди.

Сирожиддин Мусаев,
“Маърифат” газетасидан олинди.

Комментариев нет:

Отправить комментарий