ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

суббота, 30 ноября 2019 г.

ИККИ ҚЎШНИ

ИККИ ҚЎШНИ
Ривоят
Бир замонлар ёнма-ён умргузаронлик қилган икки кўшни бор экан. Бири савдогар, бой. Иккинчиси ночорроқ ҳаёт кечирар экан. Унинг хотини норози бўлар, эрини нимадир қилишга даъват этар экан. Охири у ҳам савдогарлик қилмоқчи бўлиб, бир қоп пиёзни орқалаб йўлга тушибди. Узоқ йўл босиб бир юртга борибди. Бу юртдагилар пиёзни кўрмаган экан. Улар пиёзни еб кўришибди, экиб
кўпайтиришибди. Бу ишларнинг довруғи подшоҳга етибди. У пиёз олиб келган кишига бир қоп пиёз ўрнига икки қоп олтин беришни буюрибди.
У юртига қайтиб бой-бадавлат бўлиб кетибди. Энди қўшнининг тинчи йўқолибди. У қўшнисидан бир амаллаб қандай бойиб кетганини сўраб билибди. Бир қоп саримсоқ пиёз олиб ўша юртга етиб борибди. Еб кўришибди, экиб кўпайтиришибди. Ҳам овқат, ҳам шифобахш неъмат экан, деб роса мақташибди. Подшоҳ унга мукофот беришда роса ўйланибди, аёнларини саройга тўплаб маслаҳатлашибди. Аввалги савдогардек икки қоп олтин бериб қўяқолиш адолатсизлик бўлиши мумкин, дейишибди аёнлар. Охири олтиндан қимматроқ нарса берайлик, деган маслаҳат билан подшоҳ унга бир қоп саримсоқ пиёзнинг ўрнига икки қоп пиёз беришни буюрибди...
   ...Ҳаёт йўллари шунчалар мураккаб, ўнқир-чўнқирлики, ўйлаброқ қадам босилмаса, бир хил йўлда ҳам биров қанд еса, бошқаси панд ейди.
      Ҳабиб СИДДИҚ 

Комментариев нет:

Отправить комментарий