ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

воскресенье, 20 октября 2019 г.

🏻ОНА ТИЛИМ

🏻ОНА ТИЛИМ
Қанча тўзон, чанг тупроқни ютдинг, тилим,
Соқовланиб кўкдан нима кутдинг, тилим,
Юксалиш деб муҳожирча чулдираб мен,
Тик қаддингни мунғайтириб ўтдим, тилим.

Қошғарийнинг девонида шамс, ой эдинг,
«Ҳамса» ичра дунё кезган чирой эдинг,

Тахлам - тахлам луғатларда энг бой эдинг,
Нотовондай тотинг билмай кетдим, тилим.

Сенга содиқ бобом қувғин бўлган йиллар,
Кесак бўлди қўрқув қучган неча диллар,
Сен янграган китобларни кўмди кимлар,
Инграсанг сен, ўзни гаранг этдим, тилим.

Улканликдан кун-кун бўла бордим майда,
Сенсиз ахир иззат қайда, ҳурмат қайда,
Исмим йўқдир ё «издраст», ё «гудбай»да,
Боши бекик бир кўчага етдим, тилим.

Мустабидлик не? Ҳурлик не? мендан сўра,
Бугун ҳурман. Ўзим беку, ўзим тўра,
Энди ғурур гулшанимни босмас шўра,
Онамсанку, бўлмагайман етим, тилим.

Дунё кезиб юрар, лаҳжам маним, гўзал,
Лол қоларлар Навоийдан айтсам ғазал,
Бул малоҳат, бу чирой-ку азал, азал,
Бир шукронам мен аслимга қайтдим, тилим.

***
Чирой, сеҳри мафтункор - она тилим,
Юрагимга ифтихор -она тилим.

Қошғарий бобом битган сифоти минг,
Мангуликка дахлдор она тилим.

Кечмишда не зулмкор зулмин кўрди,
Сабру саботи бисёр, она тилим.

Камситар жонга ёвман, энг ёмонман,
Бу аҳд бобомдан такрор, она тилим.

Тушмагай асло дилим меҳробидин,
Тушса ҳам бўйнимга дор, она тилим.

Турфа эл кўп, демакким турфа тил кўп,
Қаторларда қадри бор, она тилим.

Танирлар ўзбекча исмим янграса,
Ҳамишалик жарангдор, она тилим.

Ўзлигим бор, ўз сўзим, ўз овозим,
Қомусимда устувор, она тилим.

Эй, Замира, боланг, набирангга айт,
Мулкин асрасин ҳушёр, она тилим.

Замира Рўзиева —

Комментариев нет:

Отправить комментарий