ШЕЪРИЯТ
Шундай шарт қўйдилар менга бир замон:
Омонлик истасанг шеър ёзма фақат.
Ажабо, ўзлари таслим қилиб жон,
(Ўша ичи қора, ўша ғўр, нодон,)
Бугун ер қаърига сингмиш бешафқат.
Гоҳ, ўйлаб қоламан, киммиз ўзи биз,
Соҳиби давронми, фалакнинг қули?
Ўзга забонларга чўкмасдан ҳам тиз,
Барпо бўлганди-ку ўзбеклар тили.
Алишер эллик йил дўконни очиб,
Қулфи калит қилиб кетганмикин ё.
Саройда шеърият дурларин сочиб,
Адо қилганмикан ёки Бойқаро.
Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор
Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар.
Ана, Машраб учун қурилган у дор
Бузилмай турибди шу кунга қадар.
Кимгадир ёқмаса шоир ижоди,
Душман босди дея, ҳамон бонг чалар.
Ер юзин забт этган зотнинг авлоди,
Наҳот, шеъриятдан қўрқса бунчалар.
Йўқ бунинг сабаби бошқадир мутлақ,
Давр ўтиб, мукаммал бўлмади одам.
Ёвузлик тинмади, ер юзига боқ,
Чорасиз хоқону султонлари ҳам.
Шу сабаб ёвларинг хуш кўрмас, шоир,
Шу боис ёзма деб қўйишгайлар шарт.
Куйлагин сен фақат қалбингга доир,
Ҳеч қачон туширма виждонингга гард.
2015 йил 25 июнь Абдулла Орипов
Шундай шарт қўйдилар менга бир замон:
Омонлик истасанг шеър ёзма фақат.
Ажабо, ўзлари таслим қилиб жон,
(Ўша ичи қора, ўша ғўр, нодон,)
Бугун ер қаърига сингмиш бешафқат.
Гоҳ, ўйлаб қоламан, киммиз ўзи биз,
Соҳиби давронми, фалакнинг қули?
Ўзга забонларга чўкмасдан ҳам тиз,
Барпо бўлганди-ку ўзбеклар тили.
Алишер эллик йил дўконни очиб,
Қулфи калит қилиб кетганмикин ё.
Саройда шеърият дурларин сочиб,
Адо қилганмикан ёки Бойқаро.
Эл-юртнинг қалбида пинҳон оҳу зор
Шеър бўлиб ўзидан бергайдир хабар.
Ана, Машраб учун қурилган у дор
Бузилмай турибди шу кунга қадар.
Кимгадир ёқмаса шоир ижоди,
Душман босди дея, ҳамон бонг чалар.
Ер юзин забт этган зотнинг авлоди,
Наҳот, шеъриятдан қўрқса бунчалар.
Йўқ бунинг сабаби бошқадир мутлақ,
Давр ўтиб, мукаммал бўлмади одам.
Ёвузлик тинмади, ер юзига боқ,
Чорасиз хоқону султонлари ҳам.
Шу сабаб ёвларинг хуш кўрмас, шоир,
Шу боис ёзма деб қўйишгайлар шарт.
Куйлагин сен фақат қалбингга доир,
Ҳеч қачон туширма виждонингга гард.
2015 йил 25 июнь Абдулла Орипов
Комментариев нет:
Отправить комментарий