ASSALOMU ALAYKUM "MALHAMUZ"GA HUSH KELIBSIZ!

пятница, 7 сентября 2018 г.

Тиббиётни тараққий эттирган мусулмон олами шифохоналари (1-қисм)

Abduqadir Sattarov, [08.09.18 07:34]
🙏😢🌷Тиббиётни тараққий эттирган мусулмон олами шифохоналари (1-қисм)                        Араблар тиббий масканларни биринчи бор олтинчи милодий асрнинг ўрталарида Кисро қурдирган Жундисобур тиббий мадрасасидан танишди. Бу мадрасани Ҳорис ибн Килда каби баъзи араб табиблари ҳам битириб чиққан. У Пайғамбарнинг (с.а.в.) замонларида яшаган бўлиб, Расулуллоҳ агар саҳобаларининг касали қайталанаверса, унга бориб даволанишни маслаҳат
берардилар.

Валид ибн Абдулмалик замонида Исломдаги илк шифохона барпо қилинди. У шифохона фақат моховлар учун махсус эди. Уларга табиблар ва мояналар тайинланди ҳамда беморлар чиқиб кетмасликлари учун ҳибс қилиб қўйишга амр этилди. Улардан ташқари кўрларга ҳам маош белгиланганди. Кейин бирин-кетин шифохоналар қурила бошланди. Улар «бемористон», яъни касалхона номи билан танилганди.

Шифохоналар икки хил: кўчма ва доимий бўларди. Кўчма шифохоналарни биринчи бор Ислом Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт эканликларидаёқ урфга киритганди. Ҳандақ ғазотида ярадорлар учун чодир тикилганди. Саъд ибн Муоз тирсакларидан яраланган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уни кўчма чодирга олиб боринглар, тоинки яқиндан кўриб тураман», дедилар. Бу – Исломдаги кўчиб юрадиган биринчи ҳарбий шифохона эди. Кейинчалик ундан халифа ва подшоҳлар кенг фойдаланадиган бўлишди. Ҳатто, кўчма шифохоналар касал муҳтож бўладиган ҳамма нарса: дори-дармон, ичимлик ва таомлар, кийим-кечак, табиб ва дорихоналар билан ҳам жиҳозланадиган бўлди. Бундай шифохоналар доимий хастахонаси бўлмаган ерларда бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа кўчиб юрарди.

Вазир Ийсо ибн Али ал-Жарроҳ Бағдод ва бошқа шаҳарлар шифохоналарининг бошлиғи Синон ибн Собитга шундай деб ёзади: «Қишлоқ аҳли ҳақида ўйлаб кўрдим. Одатда, бу ерлар касалдан ҳоли эмас. Қишлоқларда табиблар бўлмагани учун беморлар муолажаси ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Шунинг учун қишлоқларни айланишга дори-дармон ва ичимликлар билан жиҳозланган табибларни жўнатишга ҳаракат қилинг. Улар ҳам бир ҳудудда ҳожат талаб этганича турсинлар ва у ердагиларнинг муолажасини қилсинлар. Шундан кейин бошқа жойларга кўчсинлар».

Султон Маҳмуд ас-Салжуқий даврида баъзи кўчма шифохоналар шу даражада катталашиб кетдики, уларнинг жиҳози қирқталаб туяга юкланарди.

Доимий шифохоналарга келсак, улар пойтахт ва шаҳарларни тўлдирадиган даражада кўп эди. Ислом оламидаги кичкина шаҳар ҳам бир неча шифохонага эга эди. Масалан, Қуртубанинг ўзида элликта шифохона бор эди. Шифохоналарнинг тури кўп бўлган. Масалан, қўшин учун алоҳида шифохоналар бўлиб, уларда махсус табиблар хизмат қилишарди. Яна маҳбусларнинг ҳам хос шифохоналари бўлган. Уларни ҳар куни табиблар айланиб чиқишар ва касалларини лозим дори-дармонлар
билан муолажа этишарди. Вазир Али ибн Исо ибн Жарроҳ Синон ибн Собитга ёзган хатида қуйидаги жумлалар бор: «Маҳбуслар ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. Ададлари кўп бўлгани ва жойларининг ёмонлиги учун ораларида касаллари йўқ эмас. Шунинг учун уларнинг ҳузурларига ҳар куни кирадиган, дори ва ичимликлар берадиган табиблар тайинлаш керак. Бу табиблар ҳамма қамоқхоналарни айланиб, беморларни даволашлари лозим».

Abduqadir Sattarov, [08.09.18 07:34]
Шунингдек, «Тез ёрдам» нуқталари бўлиб, улар жомелар ва омма тўпланадиган жойларда бино қилинганди. Ал-Мақризийнинг айтишича, Ибн Тулун ўзининг машҳур
жомеасини қурганда, унинг охирига дорихона ҳам қурган. У ерда ҳамма ичимлик ва
дорилар топилар, хизматкорлар шай эди. Яна жума кунлари табиб келиб, намозхонлардан хасталикка чалинганларини муолажа қиларди. Яна умумий шифохоналар ҳам бўлиб, улар эшигини ҳамма учун очиб қўйганди. Фақат бир-биридан алоҳида икки қисм: эркаклар ва аёллар бўлимига ажратилганди. Ҳар
бўлимда бир неча зал бўлиб, ҳар бирида касалликнинг алоҳида тури кўриларди. Масалан, ички касалликларга алоҳида, кўзга, жароҳатга, цинган-чиққанга, ақлий касалликларга алоҳида хоналар ажратилганди. Яна ички касалликлар бўлими ҳам бир неча хоналарга бўлинганди. Масалан, иситма-безгакка бир хона, ичбуруғга бир хона ва ҳоказо. Ҳар бир қисмнинг табиблари ва бошлиғи бўларди. Масалан, ички касалликлар бошлиғи, жарроҳлар бошлиғи, кўз касалликлари бошлиғи каби. Ҳамма бўлимнинг «сўур» деб номланган умумий бошлиғи бўларди. Бу шифохона табиблари раисининг лақабидир.



Табиблар шифохонада навбат билан ишлардилар. Ҳар бир табибга муайян вақт
тайинланган бўлиб, табиб ана шу вақтда касалларни кўрадиган хонасида ҳозир туриши керак эди. Ҳар бир касалхонада эркак ва аёллардан фаррошлар, ҳамшира ва ёрдамчилар бўларди. Уларга етарли миқдорда маош белгиланганди. Яна ҳамма шифохоналарда «шаробхона» деб номланган дорихоналар бўларди. Уларда турли ичимликлар, нафис маъжунлар, тотли мурабболар, хилма-хил дори-дармонлар, бошқа ерда топилмайдиган қиммат атирлар мавжуд эди. Яна уларда жарроҳлик асбоблари, шиша идишлар, сут маҳсулотлари ва фақат подшоҳларнинг хазиналаридан топиладиган бошқа нарсалар ҳам бўларди.

Шифохоналарнинг ўзида тиббий маъҳадлар (институтлар) жойлашганди. Ҳар бир шифохонада муҳозаралар қилиш учун катта айвон бўлар, унда катта табиб (бош врач) билан бирга табиб ва талабалар дарс ўтказишарди. Ёнларида турли асбоб ва китоблар бўларди. Касалларни текшириб, муолажаларини қилиб бўлгандан кейин шогирдлар муаллимларининг ҳузурига келиб, устоз ва шогирд ўртасида тиббий мубоҳаса ва муноқашалар бошланарди. Китоблар ўқиларди. Кўпинча талабаларга амалий дарс касалларнинг ҳузурида ўтказиларди. Ҳозирги кунда шифохоналар ёнида жойлашган тиббиёт куллияларида шунга ўхшаш ҳолат бўляпти.

Дамашқдаги Бемористони-Нурийда таълим олган Ибн Абу Усайбаъа шундай дейди: «Ҳаким Муҳаззабиддин ва ҳаким Имрон Бемористондаги касаллар муолажасидан
фориғ бўлишгунча бирга бўлдим. Шундан кейин шайх Розийюддин ар-Раҳбий билан
ўтираман ва касалларга қандай ташхис қўйишини, касалларнинг умумий ҳолатини
тавсифлашини ва уларга ёзадиган муолажа усулларини кўраман ҳамда у билан касаллар ва уларни даволаш усуллари ҳақида мубоҳаса этаман».

Табибнинг ўз ҳолича муолажа этишига рухсат берилмасди. Бунгача у мамлакатнинг
катта табиблари олдида имтиҳондан ўтади, шаҳодатнома олишни кўзлаган фани бўйича рисола тақдим этади (бу рисолада ўзи ёзган асар ёки катта тиб олимлари ёзган нарсаларгашарҳ ва изоҳлар бўлиши керак). Ва булар тўғрисида имтиҳон бўлиб, фанга тааллуқли ҳамма нарса сўралади. Уларга яхши жавоб берсагина, катта табиблар томонидан табобат билан шуғулланишга рухсат берилади.

931 милодий (319 ҳижрий) йилда Халифа Муқтадир замонида айрим табибларнинг хатоси туфайли бир одам вафот этади. Шунда халифа Бағдоднинг ҳамма табибларини қайтадан имтиҳон қилишга буйруқ беради. Уларни Бағдоднинг бош табиби Синон ибн Собит имтиҳон қилади. Бағдоднинг ўзида имтиҳон қилинган табибларнинг сони саккиз юз олтмиш тўрттага етади. Бунга имтиҳон қилинмаган машҳур табиблар, халифа, вузаро ва умаронинг табиблари кирмайди. Шуни айтишни ҳам унутмаслик керакки, ҳамма шифохоналарда тиббиётга оид ва табиб
ҳамда талабаларга керакли бошқа китоблар билан тўла кутубхоналар мавжуд эди. Айтишларича, Ибн Тулуннинг Қоҳирадаги шифохонаси кутубхонасида турли илмларга оид юз минг жилддан зиёда китоб бўлган.

Abduqadir Sattarov, [08.09.18 07:34]
Шифохоналардаги тартиботга келадиган бўлсак, даволаниш ҳамма учун бепул эди. Бу борада бой ва фақир, узоқ ва яқин, ақлли ва беақлнинг фарқи бўлмаган. Хаста келганда, аввал у ташқи залда текширувдан ўтади. Агар касаллик енгил бўлса, унга ресепт ёзиб берилган ва дорилар шифохонага қарашли дорихона томонидан бепул берилган. Агар касалнинг ҳолати шифохонада ётишни тақозо қилса, унинг исми касалхона дафтарига қайд этилган. Сўнг хаста ҳаммомга кирган, унинг кийимлари ечиб олиниб, алоҳида жойга қўйилган ва унга касалхонанинг махсус кийими берилган. Кейин касаллар ётган хонага ётқизилган ва унга яхши жиҳозланган каравот ажратилган. Касалхонага ётқизилгандан кейин табиб тайинлаган дори-дармонлар ва керакли миқдорда сиҳатига мувофиқ озиқ-овқатлар берилган. Беморлар озуқаси қўй, мол, товуқ ва турли қушлар гўштидан тайёрланган. Касалнинг тузалиш аломати этиб, бир дафъада битта нон ва битта бутун товуқни тўлиқ ейиши белгиланган. Агар муолажа ниҳоясига етган бўлса, янги кийимлар ва ишлашга қодир бўлгунча етадиган миқдорда маблағ берилган.

Шифохонанинг хоналари покиза бўлган, сувлар оқиб турган. Заллари жуда гўзал мебеллар билан жиҳозланган. Ҳамма шифохонанинг тозаликни назорат қилиб турувчи тафтишчилари ва молиявий аҳволини текшириб турувчи назоратчилари бўлган. Кўпинча халифа ёки амирнинг ўзи касаллар аҳволи ва уларга қилинаётган муомаладан хабардор бўлиб турган.

Давоми бор

“Ислом ҳазораси”. Аҳмад Муҳаммад

Комментариев нет:

Отправить комментарий